
Йил бошидан бери чакана савдо товар айланмаси қарийб 403 трлн сўмга етди
Ўзбекистонда чакана савдо соҳасида фаолият юритаётган корхоналар ва уларнинг товар айланмаси ҳақида маълумот берилди.

2025 йил 1 декабр ҳолатида Ўзбекистонда чакана савдо соҳасида фаолият кўрсатаётган тижорат корхоналари сони 86 197 тага етди. Шундан фаолият кўрсатаётган йирик корхоналар сони 344 тани, кичик корхона ва микрофирмалар сони 85 853 тани ташкил этди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида республиканинг чакана савдо товар айланмаси 402 трлн 952,4 млрд сўмни ташкил этиб, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга ўсди.
Жумладан, йирик корхоналарнинг савдо товар айланмаси 72 трлн 617,9 млрд сўмни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларининг товар айланмаси эса 330 трлн 334,5 млрд сўмни ташкил этди.
Шунингдек, бу даврда ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилиб, 114,7 фоизни ташкил этди. Шу жумладан, Наманганда ўсиш суръати 110,8 фоиз, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 110,5 фоиздан қайд этилди. Навоийда 110,4 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятларида 110,1 фоиз, Сурхондарёда эса 110 фоиз ўсиш кузатилди.
Бундан ташқари, Самарқандда чакана савдо айланмаси 109,4 фоизга, Хоразмда 109,2 фоизга ошди. Бухорода ўсиш 108,8 фоизни, Жиззахда 108,6 фоизни, Андижонда 108,4 фоизни, Қашқадарёда эса 108,2 фоизни ташкил этди.





