Logo

«Ёлғон статистика шу ерда»: ўртача иш ҳақи ва ҳақиқий даромад ўртасидаги тафовут

Бугун 20:337 дақиқа

Ўртача иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди, аммо иқтисодчилар ҳисоб-китобига кўра, медиана иш ҳақи 4,5 млн сўм. Vaqt.uz расмий статистика қандай шаклланиши, медиана нима учун муҳимлиги ва бу рақам ортида қандай манзара яширинганини таҳлил қилди.

«Ёлғон статистика шу ерда»: ўртача иш ҳақи ва ҳақиқий даромад ўртасидаги тафовут

Ўзбекистонда 2026-йилнинг январь–июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи илк бор 7 миллион сўмлик чегарадан ошди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 7 миллион 91,1 минг сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга юқори.

1

Манба: Vaqt.uz

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи Тошкент шаҳрида қайд этилди. Пойтахтда ўртача ойлик маош 12 миллион 13,9 минг сўмга, яъни қарийб 1000 долларга етган. Бу республика бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 5 миллион сўмга юқори.

Иккинчи ўринда Навоий вилояти жойлашган бўлиб, у ерда ўртача иш ҳақи 8 миллион 722,7 минг сўмни ташкил этган. Кейинги поғоналарда Тошкент вилояти ҳамда саноати ривожланган бошқа ҳудудлар ўрин олган.

Энг паст ўртача иш ҳақи эса Қашқадарёда кузатилган. Вилоятда ўртача маош 4 миллион 864,7 минг сўмни ташкил этиб, бу Тошкент шаҳридаги кўрсаткичдан қарийб 2,5 баробар кам.

Аммо бу кўрсаткичлар қанчалик реал?

Одамларнинг катта қисми иш ҳақи ва даромади пастлиги, яшаш харажатлари эса тез суръатларда ошиб бораётганидан шикоят қилаётган бир пайтда, ўртача иш ҳақининг 7 миллион сўмдан ошгани кўпчиликка ҳақиқатдан йироқдек туюлмоқда. Vaqt.uz бу борада пойтахт аҳолисининг фикрини ҳам ўрганган эди.

Асосий сабаб эса статистикада қўлланадиган ҳисоблаш методологиясидир. Давлат статистикаси ўртача арифметик иш ҳақини ҳисоблайди. Бунда жуда юқори маош олувчилар ҳам, энг кам иш ҳақи олувчилар ҳам биргаликда ҳисобга олинади. Натижада юқори даромадли кичик гуруҳ умумий кўрсаткични сезиларли даражада юқорига тортади.

Буни оддий мисол билан тушунтириш мумкин. Агар бир киши ҳар куни фақат картошка еса, иккинчиси эса доим гўшт истеъмол қилса, статистикага кўра улар ўртача қозонкабоб еган бўлиб чиқади. Расмий ҳисоб-китоб тўғри бўлса-да, у ҳар икки инсоннинг ҳақиқий турмуш даражасини акс эттирмайди.

Шу сабабли иқтисодчилар меҳнат бозорини баҳолашда ўртача иш ҳақи билан бир қаторда медиана иш ҳақи кўрсаткичини ҳам эълон қилиш зарурлигини таъкидлаб келади.

Статистикада ҳамма ишчилар ҳисобга олинадими?

Масаланинг яна бир муҳим томони статистик маълумотларнинг шакллантирилиш усулидир. Маълум қилинишича, чораклик статистикада кичик корхоналар, микрофирмалар ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаётган ходимларнинг иш ҳақлари ҳисобга олинмайди. Чунки бу субъектлар ҳисоботни йилда бир марта топширади. Бу эса чораклик эълон қилинадиган ўртача иш ҳақининг амалдаги вазиятдан юқорироқ шаклланишига олиб келади.

Масалан, 2025-йилнинг тўртинчи чорагида расмий ўртача иш ҳақи 6,4 млн сўм бўлган. Аммо кичик корхоналар, микрофирмалар ва қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳам ҳисобга қўшилганда ўртача кўрсаткич 5,2 млн сўмни ташкил этган. Яъни фарқ 23 фоизга етган.

Тошкент бутун республика кўрсаткичини юқорига тортмоқда

Ўртача иш ҳақининг юқори чиқишига таъсир қилаётган яна бир муҳим омил — Тошкент шаҳрининг иқтисодиётдаги улушидир.

2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида пойтахтда ўртача иш ҳақи 12 млн сўм, Қашқадарёда эса 4,9 млн сўм бўлган. Бу дегани, ўртача қашқадарёлик ўртача тошкентликка нисбатан қарийб 2,5 баробар кам маош олмоқда.

Сўнгги йилларда банк-молия, ахборот технологиялари, телекоммуникация ва юқори қўшимча қиймат яратадиган бошқа соҳаларда иш ҳақлари айниқса тез ўсди. Бу тармоқларнинг асосий қисми эса Тошкентда жойлашган. Натижада пойтахтдаги юқори маошлар бутун республика бўйича ўртача кўрсаткични сезиларли даражада юқорига тортмоқда.

Тошкент ҳисобдан чиқарилса нима бўлади?

Иқтисодчи Миркомил Холбоев вилоятлар кесимидаги бандлик маълумотлари асосида Тошкент шаҳрини ҳисобдан чиқариб, алоҳида ҳисоб-китоб қилган. Натижага кўра, 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкентсиз ҳисобланган ўртача иш ҳақи 5,7 млн сўмни ташкил этган. Бу расмий эълон қилинган 7,1 млн сўмлик кўрсаткичдан қарийб 1,4 млн сўм ёки 23 фоиз паст.

2

Манба: Mirkonomika

Шунингдек, республика бўйича ўртача иш ҳақи 18,4 фоизга ошган бўлса, Тошкент ҳисобга олинмаган ҳолатда ўсиш 17,1 фоизни ташкил этган. Бу бошқа ҳудудларда иш ҳақлари пойтахтдагидан кўра секинроқ ўсганини кўрсатади.

Таҳлилга кўра, Тошкент ҳисобга олинган ва олинмаган ўртача иш ҳақи ўртасидаги тафовут йилдан йилга кенгайиб бормоқда.

Агар 2017-йилда бу фарқ атиги 6,6 фоиз бўлган бўлса, 2026-йилнинг иккинчи чорагига келиб 23 фоизга етган. Бу эса пойтахтдаги юқори даромадларнинг республика бўйича ўртача кўрсаткичга таъсири йил сайин кучайиб бораётганини англатади.

Ўртача эмас, медиана муҳимроқ бўлиши керак

Кўплаб иқтисодчилар меҳнат бозорини баҳолашда фақат ўртача иш ҳақига таяниш етарли эмаслигини таъкидлайди. Бунинг ўрнига медиана иш ҳақи кўрсаткичидан фойдаланиш тавсия этилади.

Медиана иш ҳақи — барча иш ҳақлари энг пастидан энг юқорисигача тартибланганда, айнан ўртада жойлашган ходимнинг иш ҳақидир. Яъни ишловчиларнинг 50 фоизи ушбу миқдордан кам, қолган 50 фоизи эса ундан кўп маош олади.

Медианага жуда юқори ёки жуда паст иш ҳақлари деярли таъсир қилмайди. Шу боис у аҳолининг катта қисми амалда қанча маош олаётганини ўртача арифметик кўрсаткичга қараганда анча аниқроқ акс эттиради.

Масалан, беш нафар ходимнинг ойлик маоши 3 млн, 4 млн, 5 млн, 6 млн ва 20 млн сўм бўлса, ўртача иш ҳақи 7,6 млн сўмни ташкил этади. Аммо медиана 5 млн сўм бўлади. Кўриниб турибдики, 20 миллион сўм маош олаётган битта ходим ўртача кўрсаткични кескин ошириб юборган бўлса-да, медиана аксарият ходимларнинг реал даромадига яқинроқ натижани беради.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам «Аввал иқтисод» дастурида Ўзбекистонда меҳнат бозори бўйича ўртача иш ҳақи эмас, медиана иш ҳақи асосий кўрсаткичлардан бирига айланиши кераклигини таъкидлаган.

«Ўртача даромад ва ўртача ойлик иш ҳақи деган нарса бор. Ёлғон статистика шу ерда. Биз медиана ҳақида гаплашишимиз керак. Ўртача иш ҳақи 18 фоизга ошди дейиляпти, лекин медиана қандай ўзгаряпти? Айнан кам даромад оладиган ўқитувчилар, оддий меҳнаткашлар, талабалар даромади қандай ўзгаряпти?» — дейди у.

Бакировнинг таъкидлашича, бугунги ҳисоб-китобларда юқори лавозимли амалдорлар ёки катта маош оладиган раҳбарларнинг даромадлари чекка ҳудудлардаги паст маошлар билан биргаликда ҳисобланмоқда.

«Вазирларнинг 150 миллион сўмлик ойлиги билан чекка ҳудуддаги 1,5 миллион сўм ойлик қўшилиб кетяпти. Мана шу нарса ҳисобга олинмаяпти», — дейди иқтисодчи.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда меҳнат бозори фақат ўртача иш ҳақи орқали баҳоланмайди. Улар аллақачон медиана асосидаги ҳисоб-китоблардан ҳам фойдаланиб келмоқда. АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатларида расмий статистика органлари ўртача кўрсаткич билан бир қаторда медиана иш ҳақини ҳам эълон қилади. Сабаби, медиана даромадлар тақсимотини аниқроқ акс эттиради ва аҳолининг катта қисми олаётган ҳақиқий иш ҳақи ҳақида тўлиқроқ тасаввур беради.

Ўзбекистонда медиана иш ҳақи қанча?

3

Манба: Mirkonomika

Ўзбекистонда медиана иш ҳақи бўйича расмий статистика эълон қилинмайди. Шунга қарамай, Миркомил Холбоев туманлар кесимидаги маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилган. Унга кўра, 2026-йилнинг биринчи чорагида медиана иш ҳақи 4,5 млн сўмни ташкил этган. Бу расмий ўртача иш ҳақидан 36 фоиз паст.

Таққослаш учун, 2019-йилда ўртача ва медиана иш ҳақи ўртасидаги тафовут 19 фоиз бўлган. Демак, сўнгги йилларда даромадлар ўртасидаги тафовут янада кенгайган.

Ҳудудлар ўртасидаги фарқ ҳам катта

4

Манба: Mirkonomika

Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, иш ҳақи нафақат ҳудудлар бўйича, балки унинг ўсиш суръатларида ҳам катта фарқ бор.

2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бўйича ўртача иш ҳақи 7 миллион сўмдан ошган бўлса-да, айрим туман ва шаҳарларда маошлар бир-биридан бир неча баробар фарқ қилади. Масалан, ўртача иш ҳақи энг юқори бўлган Юнусобод туманида маошлар Олтинсой туманига қараганда 4,4 баробар юқори.

Иш ҳақи энг тез ошган ҳудуд Томди тумани бўлди. Бу ерда ўртача маош бир йил ичида 80,9 фоизга кўпайган. Шунингдек, Мўйноқ (57,4 фоиз), Пискент тумани (51,7 фоиз) ва Хива шаҳрида (49,9 фоиз) ҳам маошлар кескин ошган.

Бироқ ҳамма жойда ҳам бундай эмас. Масалан, Сўх туманида ўртача иш ҳақи ўтган йилга нисбатан 4,7 фоизга камайган. Миркомил Холбоев ҳисоб-китобига кўра, инфляция ҳам инобатга олинса, у ерда реал иш ҳақи қарийб 10 фоизга қисқарган. Оҳангарон, Бувайда, Янгиер ва Олотда эса маошлар инфляциядан ҳам секинроқ ўсган.

Яъни республика бўйича эълон қилинаётган ўртача иш ҳақи ҳамма ҳудуддаги вазиятни бир хил акс эттирмайди. Айрим жойларда маошлар тез ўсган бўлса, бошқаларида ўсиш жуда суст, ҳатто айрим ҳудудларда реал даромад камайган.

7 миллион сўмлик ўртача иш ҳақи — бу расмий статистика. Аммо у Ўзбекистондаги миллионлаб ходимларнинг қанча маош олаётганига жавоб бермайди. Аксинча, юқори маош оладиган оз сонли гуруҳ, катта амалдорлар ойлиги ва Тошкент шаҳрининг салмоғи умумий кўрсаткични сезиларли даражада юқорига тортмоқда. Натижада статистикадаги «ўртача» билан одамлар ҳис қилаётган «ҳақиқий» даромад ўртасидаги тафовут тобора катталашмоқда.

Шу боис ўртача иш ҳақининг ўзи меҳнат бозори ҳақида тўлиқ тасаввур бера олмайди. Агар давлат аҳоли даромадларини холис баҳолашни мақсад қилган бўлса, медиана иш ҳақини ҳам расмий статистикага киритиш ва уни мунтазам эълон қилиш вақти келди. Айнан медиана ўқитувчи, шифокор, завод ишчиси ёки оддий хизматчининг ҳақиқий даромади қанчалик ўзгараётганини кўрсатиб бера олади.

Статистикадан мақсад чиройли рақамларни эълон қилиш эмас, балки иқтисодиётдаги реал ҳолатни акс эттиришдир. Ўртача иш ҳақи муҳим кўрсаткич бўлиб қолаверади, бироқ у медиана иш ҳақи билан тўлдирилмагунча, меҳнат бозори ва аҳоли даромадлари ҳақидаги манзара хиралашаверади.

Теглар

Мавзуга оид