Logo

Зиддият кучаймоқда: АҚШ Эронга ва нефт танкерига зарба берди, Теҳрон эса Қувайт ва Иорданияга ҳужум қилди

Сўнгги ҳужумлар тўлқини бошланганидан буён илк бор Теҳронга яқин ҳудудларга ҳам зарба берилди.

Зиддият кучаймоқда: АҚШ Эронга ва нефт танкерига зарба берди, Теҳрон эса Қувайт ва Иорданияга ҳужум қилди

АҚШ ҳарбийлари Эронга зарба беришни давом эттирмоқда. Сўнгги тўқнашувлар давомида илк бор мамлакатнинг шимолий қисмидаги нишонлар, хусусан, пойтахт Теҳронга яқин ҳудудлар ҳам ўққа тутилди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) пайшанба тонгида Ҳўрмуз бўғозидаги Эроннинг имкониятларини янада заифлаштириш мақсадида бир нечта ҳарбий иншоот ва воситаларга зарба берганини эълон қилди. Шунингдек, қўмондонлик мазкур йўлакда битта нефт танкерини ишдан чиқарганини ҳам маълум қилди.

CENTCOM ўтган чоршанба куни Ҳўрмуз бўғозига яқин жойлашган Эроннинг порт шаҳарларига зарба берганидан сўнг бошланган сўнгги ҳужумлар тўлқини оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлди ва 300 дан ортиқ одам жароҳатланди. АҚШ ушбу ҳужумлар Эроннинг бўғоздаги учта савдо кемасига берган зарбасига жавоб эканини айтмоқда.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) эса қўшни Форс кўрфази давлатларидаги АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини маълум қилди.

АҚШ қаерларга зарба берди?

CENTCOM пайшанба тонгида эълон қилган баёнотига кўра, АҚШ ҳаво зарбалари Эроннинг қўмондонлик марказлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа иншоотлари, ракета ва дрон базалари ҳамда қирғоқ назорати тизимларига қаратилган.

Қўмондонлик хабарига кўра, пайшанба куни бир қанча ҳудудлар, хусусан, Бандар-Аббос ҳам ўққа тутилган.

Шунингдек, CENTCOM чоршанба тунида 90 дақиқа давом этган бомбардимон чоғида Катта Тунб оролидаги қирғоқ мудофаа тизимлари ва қанотли ракеталар жойлашган ҳудудларга зарба берилганини қўшимча қилди. Стратегик аҳамиятга эга ушбу кичик орол Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган. Гарчи расман эълон қилинмаган бўлса-да, у ерда ҳарбий-денгиз базаси мавжуд деб тахмин қилинади. Қолаверса, мазкур орол Эрон ҳарбийлари кемалар қатновига тўсқинлик қилишда фойдаланадиган асосий нуқталардан бири экани айтилади.

Айни пайтда, Эрон оммавий ахборот воситалари Бандар-Аббос, Кешм ороли, Сирик, Чобаҳор, Конарак, Раск, Хондаб, Хуррамобод ва Симнон ҳудудларига ҳужумлар уюштирилганини хабар қилди.

Хабарларга кўра, Аҳвоз шаҳридаги касалхонага зарба берилгач, у ердан 211 нафар беморни эвакуация қилишга тўғри келган.

Пайшанба куни Теҳрон ва унга қўшни Покдашт ҳамда Парчин шаҳарларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга туширилган. Эрон ҳарбийлари эса Андимешк шаҳри осмонида АҚШнинг MQ-9 дрони уриб туширилганини маълум қилди.

CENTCOM пайшанба кунги алоҳида баёнотида сешанба куни қайта жорий қилинган денгиз қамалини кучга киритиш мақсадида, Эроннинг Харк ороли томон сузиб кетаётган ва «талабларга бўйсунмаган» нефт танкерини «Hellfire» ракеталари ёрдамида ишдан чиқарганини тасдиқлади.

Эрон қандай жавоб қайтарди?

Эрон армияси пайшанба куни АҚШнинг Қувайт ва Баҳрайндаги ҳарбий объектларига жавоб зарбаларини берганини маълум қилди.

·         Қувайт: Эрон армиясининг баёнотига кўра, Қувайтдаги «Али ас-Салим» авиабазасида жойлашган АҚШ кучларига тегишли радар тизимлари, «Patriot» ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуаси ва ёқилғи омборлари нишонга олинган. Бундан аввалги хабарларда эса Қувайтдаги радарлар ва америкалик ҳарбийлар тўпланадиган нуқтага, шунингдек, Иорданиянинг «Ал-Азрақ» авиабазасидаги АҚШ алоқа тизимлари ва ёқилғи захираларига зарба берилгани айтилган эди.

·         Баҳрайн: Армия вакилларининг қўшимча қилишича, учувчисиз қурилмалар Баҳрайндаги «Шайх Исо» авиабазасида жойлашган АҚШнинг «Super Hawk» радарлари ва «Patriot» мудофаа тизимларини ҳам нишонга олган.

·         Иордания: Айни пайтда, Иордания пайшанба куни Эронга тегишли саккизта ракетани уриб туширганини маълум қилди.

·         Ироқ: Ироқ расмийларининг хабар беришича, Эрбил шаҳрига бешта дрон орқали ҳужум уюштирилган. Улардан иккитаси АҚШ базаси яқинига қулаган бўлса, яна бири Америка консуллиги яқинида уриб туширилган. Эрон армияси бу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Томонлар қандай муносабат билдирмоқда?

Эрон парламенти спикери ва бош музокарачиси Муҳаммад Ғолибоф чоршанба куни АҚШ оралиқ битим шартларини бажармаса, Эрон янада кенг кўламли ҳарбий тўқнашувга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, у Эрон «омон қолиши» учун кураш олиб бораётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг сешанба куни қайта жорий қилган денгиз қамалига жавобан Яқин Шарқдан барча энергия экспортини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.

«Минтақадан нефт ва газ экспорти ё ҳамма учун очиқ бўлади, ёки ҳеч ким учун бўлмайди», — дейилади баёнотда.

Чоршанба куни Пенсилваниядаги АҚШ Армияси ҳарбий коллежида нутқ сўзлаган президент Доналд Трамп Эрон парда ортида тинчлик битимини имзолашга интилаётгани ҳақидаги даъволарини яна бир бор такрорлади. Бироқ у бунинг тафсилотларини очиқламади.

«Уларга биз қилаётган ишлар ёқмаяпти ва улар келишувга эришишни хоҳламоқда. Биз улар билан битим тузамизми ёки бу ишни охиригача етказиб қўямизми — яқин орада билиб оламиз», — деди у.

Шу билан бирга, Трамп чоршанба куни ўзининг «Truth Social» платформасидаги саҳифаси орқали Эронга камдан-кам кузатиладиган миннатдорлик хабарини йўллади. Бунга 2024 йилдан буён Эронда «ноқонуний равишда» ҳибсда ушлаб турилгани айтилган Америка фуқароси Дена Карирининг озод этилиши сабаб бўлди.

АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс эса Жо Роганга берган интервюсида Эронга қарши урушни ёқлаб чиқди. Аммо у можарони тугатиш учун икки томон ўртасида келишув зарурлигини ҳам қўшимча қилди.

Теглар

Мавзуга оид