Logo

8 йилга қамалган Мубин Мирзаев, вазирликка қайтган Шерзод Хўжаев ҳамда ошаётган ажрим ва камаяётган никоҳлар — 27 июл дайжести

Kecha 22:103 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

8 йилга қамалган Мубин Мирзаев, вазирликка қайтган Шерзод Хўжаев ҳамда ошаётган ажрим ва камаяётган никоҳлар — 27 июл дайжести

Ўзбекистонда ярим йилда 2,3 мингга яқин ЙТҲ содир бўлди

2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда жами 2 286 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, ушбу ҳодисалар оқибатида 3 306 нафар киши жабрланган.
Ҳудудлар кесимида энг кўп ЙТҲ Тошкент шаҳрида қайд этилган — 420 та. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти (311 та), Тошкент вилояти (271 та), Фарғона вилояти (218 та) ва Наманган вилояти (196 та) жойлашган.

Энг кам ЙТҲ Бухоро вилоятида кузатилган — 48 та. Шунингдек, Сирдарё вилоятида 50 та, Жиззах вилоятида 75 та, Навоий вилоятида 83 та, Хоразм вилоятида 85 та, Қорақалпоғистон Республикасида 114 та, Сурхондарё вилоятида 120 та, Қашқадарё вилоятида 135 та ва Андижон вилоятида 160 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 8 йилдан ортиқ муддатга қамалди

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевни жуда кўп миқдордаги талон-торож, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ҳокимият ҳаракатсизлигида айбдор деб топиб, 8 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилди. Унга, шунингдек, 3 йил муддатга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш жазоси ҳам тайинланди. Иш бўйича яна 9 нафар судланувчига 4 йилдан 9 йилгача қамоқ жазоси берилди.

Эслатиб ўтамиз, Мирзаев 2026 йил январь ойида Президент танқидидан сўнг лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда давлат раҳбари солиқ тизимидаги қонунбузилишлар, жумладан ҚҚСни ноқонуний қайтариш, солиқдан бўйин товлаш ва савдо тушумларини яшириш ҳолатларини кескин танқид қилиб, бу йўналиш учун масъул раҳбар сифатида Мирзаевни ишдан олганди.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий сектор жалб қилинади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимига хусусий секторни жалб қилиш маъқулланди. Янги тартиб дастлаб Андижон вилоятида синов тариқасида жорий этилади. Унга кўра, тадбиркорлар импорт қилган ёки биржа орқали сотиб олган суюлтирилган газни аҳоли ва бизнес субъектларига етказиб бериши мумкин бўлади. Шунингдек, ижтимоий реестрга киритилган оилаларга газ учун субсидия ажратилади.

Йиғилишда йил якунига қадар суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни 606 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб турли ҳажмдаги газ баллонларини жорий этиш ҳамда газни ташиш ва тарқатиш тизимини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш топширилди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов Энергетика вазирлигидан кетди, ўрнига Шерзод Хўжаев келди

Бир пайтлар энергетика тизимидаги муаммолар учун танқидлар билан вазир ўринбосарлигидан олинган Шерзод Хўжаев энди Энергетика вазири бўлди. Президент фармони билан 2022 йилдан буён вазир бўлиб ишлаган Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди. Хўжаев эса уч йиллик танаффусдан сўнг тизимга энг юқори раҳбар сифатида қайтди.

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида асосий муаммо маблағ етишмаслиги эмас, балки бошқарувда эканини таъкидлади. Давлат раҳбари сўнгги йилларда соҳага 23 миллиард доллар инвестиция киритилгани, 30 триллион сўм тармоқларни янгилашга йўналтирилганини эслатиб, шунга қарамай ёз ва қиш мавсумида минглаб авариялар, электр узилишлари ва бошқарувдаги сусткашликлар сақланиб қолаётганини кескин танқид қилди.

Энди янги вазир олдидаги асосий вазифа миллиардлаб инвестициялар натижасини аҳоли ҳаётида сезиларли қилишдир. Уч йил аввал айнан тизимдаги қишки инқироз ортидан лавозимидан олинган Шерзод Хўжаевга ҳукумат иккинчи имкониятни берди. Унинг ишига баҳо эса яқинлашаётган куз-қиш мавсумида электр, газ ва иссиқлик таъминотидаги ҳақиқий натижалар орқали берилади.

Ўзбекистонда ажримлар сони ошди, никоҳлар эса камайди

2026 йилнинг январ—июн ойларида Ўзбекистонда 24 815 та никоҳдан ажралиш қайд этилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 1,5 мингтага кўп. Ҳар минг аҳолига нисбатан ажримлар коэффициенти 1,3 промиллени ташкил этган. Шу даврда 92,3 мингта никоҳ расмийлаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 3 мингтага кам.

Ажримларнинг 60,1 фоизи шаҳарларда, 39,9 фоизи қишлоқ жойларда қайд этилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп ажрим Тошкент шаҳрида (3222 та) кузатилган. Кейинги ўринларда Фарғона (2676 та), Самарқанд (2608 та), Андижон (2471 та) ва Тошкент вилояти (2334 та) жойлашган. Энг кам ажрим эса Навоий вилоятида — 673 та қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid