Logo

Бинони кадастрдан ўтказишда қўшимча солиқ ҳисобланмайди — Солиқ қўмитаси

Bugun 12:252 daqiqa

Янги қурилган нотурар жой объектларини кадастр рўйхатидан ўтказишнинг ўзи QQS ёки фойда солиғини ҳисоблаш учун асос бўлмайди. Солиқ қўмитаси қўшимча солиқ фақат кўчмас мулк реализация қилинган ҳолатларда қўлланилишини маълум қилди.

Бинони кадастрдан ўтказишда қўшимча солиқ ҳисобланмайди — Солиқ қўмитаси © Davlat soliq qo'mitasi

Иқтисодчи Отабек Бакиров Тошкент шаҳрида янги қурилган нотурар жой объектларини кадастр рўйхатидан ўтказишда айрим тадбиркорларга бозор қийматидан келиб чиқиб қўшимча қўшилган қиймат солиғи (QQS) ва фойда солиғи ҳисобланаётганини танқид қилди. Орадан кўп ўтмай, Солиқ қўмитаси масалага расмий муносабат билдириб, бундай ёндашув солиқ қонунчилигига мос эмаслигини маълум қилди.

Бакировнинг таъкидлашича, тадбиркорларга бино сотилганида эмас, балки у кадастр ҳисобига қўйилаётган босқичдаёқ бозор баҳосидан келиб чиқиб қўшимча солиқ тўлаш талаби қўйилмоқда.

«Тахминан бир ярим ой аввал кўчмас мулк бозор нархидан 20 фоиздан ортиқ арзон нархда сотилган тақдирда солиқ базасини бозор қийматига мослаштиришни назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинган. Бироқ Солиқ кодексининг 248-моддаси ҳамда мазкур қарорда солиқ органлари фақат реализация, яъни битим амалга оширилган ҳолларда бозор нархидан келиб чиқиб солиқ базасига тузатиш киритиши мумкинлиги белгиланган», – дейди иқтисодчи.

Мисол тариқасида Чилонзорда қурилган 1000 квадрат метрлик бино қурилишига тадбиркор 1 млн доллар сарфлагани, бироқ шунга ўхшаш объектнинг бозор нархи 2 млн доллар бўлиши мумкинлиги келтирилган.

Отабек Бакировнинг таъкидлашича, бино ҳали сотилмаган ва фақат рўйхатдан ўтказилаётган пайтда ушбу 1 млн долларлик фарқдан 12 фоизлик QQS ҳамда 15 фоизлик фойда солиғи талаб қилиниши қонунчиликка зид.

Солиқ қўмитасидан муносабат

Солиқ қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бериб, янги қурилган объектни кадастр рўйхатидан ўтказишнинг ўзи QQS ёки фойда солиғини ҳисоблаш учун асос бўлмаслигини билдирди.

Солиқ кодексига мувофиқ, QQS фақат реализация операцияси мавжуд бўлганда ҳисобланади. Қурилган кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобида рўйхатдан ўтказишнинг ўзи реализация ҳисобланмайди, шу сабабли QQS бўйича солиқ базаси ҳам юзага келмайди.

Худди шундай, фойда солиғи бўйича ҳам объектни фақат кадастр рўйхатидан ўтказиш фактининг ўзи қўшимча солиқ ҳисоблаш учун асос бўла олмайди.

Қўмита 2026 йил 18 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 253-сон қарори фақат кўчмас мулк реализация қилинганда, яъни битим тузилганда ҳисоб ҳужжатларидаги нарх бозор қийматидан сезиларли фарқ қилган ҳолатларга нисбатан қўлланишини таъкидлади.

Ушбу тартиб янги қурилган объектни оддийгина кадастр ҳисобига қўйиш ҳолатига татбиқ этилмайди.

«Шу боис, агар тадбиркор бино қуриб, уни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказаётган бўлса, бироқ ҳали реализация қилмаган бўлса, объектнинг бозор қиймати билан қурилиш харажатлари ўртасидаги фарқ QQS ёки фойда солиғини қўшимча ҳисоблаш учун асос бўла олмайди», – дейилади хабарда.

Солиқ қўмитаси янги қурилган объектларни фақат кадастр рўйхатидан ўтказиш фактига асосан қўшимча солиқлар ҳисоблаш бўйича топшириқлар берилмаганини ҳам қайд этган.

Агар тадбиркорлардан қўшимча солиқ тўлаш талаб қилинса, Солиқ қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин. Қўмита ҳар бир мурожаат ўрганилиб, қонунбузилиш ҳолати тасдиқланса, тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid