«Газпром» йил бошидан бери Марказий Осиёга газ етказиб беришни қарийб 70 фоизга оширди
2023-йилда Ўзбекистон табиий газнинг соф импортчисига айланди. 2025-йилда «Газпром» мамлакатга 2024-йилга нисбатан 15 фоизга кўп газ етказиб берди.
© RBK«Газпром» 2026-йилнинг бошидан бери Марказий Осиё мамлакатларига газ етказиб беришни қарийб 70 фоизга оширди. Бу ҳақда компаниянинг бошқарув кенгаши раиси Алексей Миллер нефт ва газ саноати ходимлари кунига бағишланган конференция давомида маълум қилди.
«Бу йил Марказий Осиёда ҳам яхши натижаларга эришдик. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга етказиб беришни деярли 70 фоизга оширдик», — деди у.
2023-йилда Ўзбекистон табиий газнинг соф импортчисига айланди ва «Газпром»дан харидларни бошлади. Етказиб бериш тескари режимда ишлай бошлаган Марказий Осиё-Марказ қувури орқали амалга оширилади. 2025-йилда «Газпром» Ўзбекистонга 6,48 миллиард кубометр газ етказиб берди, бу 2024-йилга нисбатан 15 фоизга кўп.
Қирғизистон ҳозирда йилига тахминан 500 миллион кубометр газ истеъмол қилади. «Газпром» билан келажакдаги 2-ИЭС ва «Бишкекселмаш» ИЭСлари учун 2040-йилгача табиий газ етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланди.
«Газпром» Қозоғистоннинг Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай ва Ақтўбе вилоятларидаги истеъмолчиларга газ етказиб бериш билан шуғулланади ва Россия газ таъминоти республиканинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ортиб бормоқда. Қозоғистоннинг шимолий ҳудудларини газлаштириш масаласи ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2026-йилда Россиядан рекорд ҳажмда газ сотиб олиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.





