Logo

Ҳар тўрт туристдан уч нафари қўшни давлатдан: Ўзбекистонда туризм қандай ривожланди?

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга 5,35 миллион нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Туристлар сони рекорд суръатларда ўсиб бораётган бўлса-да, оқимнинг қарийб 75 фоизи ҳамон Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Vaqt.uz туристик оқимнинг мамлакатлар кесимида таҳлил қилди.

Ҳар тўрт туристдан уч нафари қўшни давлатдан: Ўзбекистонда туризм қандай ривожланди?

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистонга 5 миллион 351 минг 868 нафар хорижий фуқаро ташриф буюрди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,3 фоизга ёки қарийб 1,1 миллион нафарга кўп дегани.

Бир қарашда рақамлар мамлакатнинг халқаро туристик жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади. Аммо статистикага чуқурроқ назар ташланса, туристлар оқимининг асосий қисми ҳамон қўшни давлатлар ҳиссасига тўғри келаётганини кўриш мумкин.

Миллий статистика маълумотларига кўра, 2026 йил январь–май ойларида Ўзбекистонга келган хорижий меҳмонларнинг қарийб тўртдан уч қисми Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат бўлган.

Шу боис Ўзбекистон туризми ҳақида гап кетганда фақат сайёҳлар сони эмас, балки улар қаердан келаётгани ҳақида ҳам сўз юритиш муҳим.

Тўққиз йилда туризм қандай ўзгарди?

Сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистон туризм соҳасида сезиларли ўсишни қайд этди.

2017 йилда мамлакатга келган хорижий туристлар сони атиги 2,7 миллион нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига келиб бу кўрсаткич 11,7 миллион нафарга етди. Бошқача айтганда, саккиз йил ичида туристлар оқими 4,3 баробарга ошди.

Бу ўсишга виза режимининг эркинлаштирилиши, чегаралардаги тўсиқларнинг қисқариши, транспорт алоқаларининг кенгайиши ва туризм соҳасига киритилган инвестициялар асосий туртки бўлган.

Албатта, COVID-19 пандемияси туфайли 2020 йилда туристлар сони қарийб 78 фоизга қисқариб, 1,5 миллион нафарга тушиб кетди. Бироқ 2022 йилда чегараларнинг қайта очилиши ва халқаро сафарларнинг фаоллашиши натижасида туристлар оқими қарийб уч баробарга ошган.

2023 йилда Ўзбекистонга 6,6 миллион, 2024 йилда 8,2 миллион ва 2025 йилда эса 11,7 миллион хорижий турист ташриф буюриб, мамлакат ҳар йили янги рекорд қайд этиб келган.

Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон — асосий туристик оқим

2026 йилнинг дастлабки беш ойида Қирғизистондан 1,54 миллион, Қозоғистондан 1,25 миллион ва Тожикистондан 1,21 миллион нафар фуқаро Ўзбекистонга ташриф буюрган. Ушбу уч давлат умумий туристик оқимнинг 74,7 фоизини шакллантирган.

Қолган мамлакатлар ҳиссаси анча кичик. Россиядан 465 минг нафар, Афғонистондан қарийб 199 минг нафар, Хитойдан 178 минг нафар турист келган. Туркманистон, Туркия, Ҳиндистон ва Германия ҳам биринчи ўнталикдан жой олган бўлса-да, уларнинг умумий улуши минтақавий етакчиларники билан таққосланганда анча паст.

Нега айнан қўшни давлатлар?

Бу ҳолатни бир нечта омиллар билан изоҳлаш мумкин. Аввало, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги тарихий ва маданий яқинлик муҳим аҳамиятга эга. Чегаранинг икки томонида қариндошлик алоқаларига эга оилалар кўп. Шунинг учун сафарларнинг катта қисми оилавий ташрифлар билан боғлиқ.

Иккинчидан, иқтисодий омиллар муҳим роль ўйнайди. Савдо-сотиқ, тиббий хизматлар, таълим ва тадбиркорлик мақсадидаги сафарлар йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Учинчидан, транспорт алоқаларининг яхшиланиши ҳам ҳаракатчанликни кучайтирмоқда. Янги автомобиль йўллари, темир йўл қатновлари ва авиарейслар сафарларни анча қулайлаштирди.

Энг муҳими, минтақа давлатлари ўртасидаги визасиз режим ва чегара тартибларининг соддалаштирилиши саёҳат қилишни осонлаштирди. Натижада Марказий Осиёнинг ўзи Ўзбекистон туризми учун энг йирик бозорга айланди.

Россия ва Хитойнинг аҳамияти ошиб бормоқда

2026 йилнинг январь–май ойларида мамлакатга 465,9 минг нафар россиялик ташриф буюрган бўлса, 2025 йилнинг дастлабки саккиз ойида бу кўрсаткич 663,2 минг нафарга етган.

Сўнгги икки йилда Россия бозорига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2024–2025 йиллар Россия ва Хитойда «Ўзбекистон туризми йиллари» деб эълон қилиниб, 20 дан ортиқ маданий, тақдимот ва тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу эса Ўзбекистоннинг туристик йўналиш сифатидаги танилишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар баҳолашича, Россиядан келувчи туристлар оқими 2023 йилга нисбатан икки баробарга ошиши мумкин.

Хитой эса Ўзбекистон туризми учун энг тез ўсиб бораётган бозорлардан бирига айланмоқда. Агар 2023 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатдан атиги 9,6 минг нафар турист келган бўлса, 2026 йилнинг шу даврига келиб бу кўрсаткич 178,1 минг нафарга етди. Бошқача айтганда, икки йил ичида хитойлик меҳмонлар сони қарийб 18 баробарга ошган.

Ўсиш суръатлари 2025 йилда ҳам юқори бўлган. Январь–август ойларида Хитойдан 135,4 минг нафар турист ташриф буюриб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан уч баробардан кўпроқ ўсиш қайд этилган.

Бу ўсишда икки давлат ўртасидаги транспорт алоқаларининг кенгайиши ва виза тартибининг енгиллаштирилиши муҳим омил бўлди. 2025 йил июнидан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилди, ҳафталик авиарейслар сони эса 46 тадан 60 тагача оширилди.

Туризм иқтисодиётга нималар беради?

Туризмнинг аҳамияти фақат сайёҳлар сони билан ўлчанмайди. 2021 йилда туризм экспорти 679 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 103 миллион долларни ташкил қилмоқда.

Бу меҳмонхоналар, ресторанлар, транспорт хизматлари, савдо ва кўнгилочар инфратузилманинг ривожланишига кучли туртки бермоқда.

Бандлик кўрсаткичлари ҳам буни тасдиқлайди. Агар 2017 йилда туризм соҳасида 187 минг киши ишлаган бўлса, 2024 йилга келиб бу рақам 391 минг нафарга етди. 2025 йилда эса туризм қўмитасининг маълумотига кўра сайёҳлар оқимининг ўсиши ҳисобига 16 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Шунингдек, сўнгги саккиз йил ичида соҳага 6,5 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилинди ва 130 мингдан зиёд янги меҳмонхона хоналари ташкил этилган.

Шунга қарамай, туристик статистика сифати ва унинг таркиби масаласи соҳа мутахассислари ўртасидаги асосий баҳс мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, қўшни давлатлардан келувчилар улушининг юқорилиги айрим экспертлар томонидан туристик оқим сифатини баҳолашда эҳтиёткор бўлиш лозимлиги ҳақидаги фикрларни келтириб чиқарaди.

Vaqt.uz мухбири аввалроқ ушбу савол билан Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловга юзланганди.

Қўмита раиси Ўзбекистон туристик статистикани шакллантиришда Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан қабул қилинган халқаро методологияга амал қилишини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, чегарани кесиб ўтувчилар 11 та тоифага ажратилади ва шундан олтитаси туризм мақсадидаги ташрифлар сифатида ҳисобга олинади. Шу боис қўшни давлатлардан келувчиларнинг барчасини меҳнат мигрантлари ёки транзит йўловчилар сифатида баҳолаш тўғри эмас.

Туристлар сони ўтган йили қарийб 30 фоизга ошган бўлса, туризм хизматлари экспорти ҳажми 40 фоизга ўсган. Бу эса мамлакатга кўпроқ маблағ сарфлайдиган хорижий сайёҳлар оқими ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.

Қўмита маълумотларига кўра, бугунги кунда умумий туристик оқимнинг қарийб 79 фоизини қўшни давлатлар фуқаролари ташкил этади. Бироқ уларнинг муайян қисми юқори тўлов қобилиятига эга туристлар ҳисобланади ва мамлакат иқтисодиётига сезиларли ҳисса қўшади.

Аввалроқ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Ўзбекистонмни сайёҳлар оқими энг тез ўсган мамлакатлар қаторига киритганди.

World Tourism Barometer ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунёда энг юқори ўсишга эришган топ-7 мамлакат қаторига кирган.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига мувофиқ, мамлакат йилига 20 миллион нафар хорижий туристни жалб этиш, туризм экспорти ҳажмини 6 миллиард доллардан ошириш ҳамда соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини икки бараварга кўпайтиришни мақсад қилган.

Ҳозирги ўсиш суръатлари ва сўнгги йилларда қайд этилаётган натижалар мазкур кўрсаткичларга эришиш имкониятлари юқори эканини кўрсатмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid

Ҳар тўрт туристдан уч нафари қўшни давлатдан: Ўзбекистонда туризм қандай ривожланди? | Vaqt.uz