Logo

iPhone 18 Pro ва Pro Max $100 га қимматлашди: янги нархлар қандай?

Kecha 22:422 daqiqa

Apple’нинг янги смартфонлари 18-сентабрдан сотувга чиқади. Янгиланган смартфонларда 2 нанометрли чип, ўзгарувчан диафрагма ва 15 дақиқада 50 фоизгача қувватлаш имконияти мавжуд.

iPhone 18 Pro ва Pro Max $100 га қимматлашди: янги нархлар қандай?

Apple компанияси iPhone 18 сериясининг янги Pro моделларини тақдим этди. Янги қурилмалар тўрт хил рангда — бургунд, кулранг, қора ва ҳаво рангда ишлаб чиқарилади.

Компания янги смартфонларда Siri’нинг сунъий интеллект имкониятларини кенгайтирган. Қурилмалар янги A20 Pro чипи билан жиҳозланган. 2 нанометрли технологик жараён асосида ишлаб чиқарилган чип 10 ядроли марказий процессорга эга. Apple уни дунёдаги энг тезкор чип дея баҳолаган.

Янги моделларнинг график ишлаш самарадорлиги аввалги авлодга нисбатан 40 фоизга ошган. Шунингдек, смартфонларнинг совутиш тизими ҳам янгиланган. Унда 80 фоиз қайта ишланган пўлатдан фойдаланилган. Компания бу ўзгариш A20 Pro чипининг самаралироқ ишлашига ёрдам беришини таъкидламоқда.

Батарея сиғими ва ишлаш муддати ҳам яхшиланган. iPhone 18 Pro бир марта қувватланганда 36 соатгача, iPhone 18 Pro Max эса 45 соатгача видео томоша қилиш имконини беради.

Смартфонларда тезкор қувватлаш функцияси ҳам мавжуд. У орқали қурилма батареясини 15 дақиқада 50 фоизгача қувватлаш мумкин.

Камера тизимида ҳам қатор янгиланишлар амалга оширилган. 48 мегапикселли асосий камера ўзгарувчан диафрагмага эга бўлди. У ёруғлик шароитига қараб камерага тушадиган ёруғлик миқдорини автоматик равишда бошқаради.

Видео суратга олиш имкониятлари ҳам кенгайтирилган. Фойдаланувчилар 24 кадр/сония тезликда видео ёзиши, кадр экспозициясини ўзгартириши ва объектни кузатувчи фокусдан фойдаланиши мумкин.

«Камера» иловасига янги қўлда бошқариш функциялари қўшилган. Айрим дастурий имкониятлар эса эски iPhone моделларида, жумладан iPhone 11’да ҳам ишлаши мумкин.

Портрет режимида Photographic Styles функциясидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлган. У орқали суратдаги тери текстураси, контраст ва бошқа тасвир параметрларини ўзгартириш мумкин.

Шунингдек, Dynamic Island ҳажми кичрайтирилган. Энди унда бир вақтнинг ўзида учтагача илова маълумотини кўрсатиш мумкин.

iPhone 18 Pro — $1200, iPhone 18 Pro Max — $1300. Ҳар иккала модель 18-сентабрдан сотувга чиқади.

1

Teglar

Mavzuga oid

iPhone 18 Pro ва Pro Max $100 га қимматлашди: янги нархлар қандай? | Vaqt.uz