Logo

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлганларга диний таълим олиш имкониятини яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда

Bugun 21:222 daqiqa

Музаффар Комилов ҳукумат вояга етмаган фуқароларнинг диний таълим олишига қўйилган чекловларни юмшатиш устида ишлаётганини айтди.

Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлганларга диний таълим олиш имкониятини яратиш масаласи кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистонда вояга етмаган, яъни 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг диний таълим олиши бўйича амалдаги чекловларни қайта кўриб чиқиш ва шароит яратиш масаласи ўрганилмоқда. Бу ҳақда «Daryo» Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комиловга таяниб, маълум қилди.

«Таълимдан ҳеч ким тўсмайди»

Музаффар Комиловнинг таъкидлашича, таълим жамиятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга ва қонун доирасида диний таълим олиш истагида бўлганлар учун барча форматлар очиқ. Аммо аввалги даврларда маълум сабабларга кўра жорий қилинган чекловлар ҳозирда таҳлил қилинмоқда.

«Кўриб чиқиляпти, ўйлаяпмиз бу нарсаларни, ўрганяпмиз. Очиқ айтиш керак, таълим бугун кўп нарсани ҳал қилиши мумкин. Лекин гап таълим олиш омиллари ҳақида кетяпти. Таълимдан ҳеч ким тўсмайди. Марҳамат, диний таълим оламан деганга қонун доирасида мумкин бўлган ҳамма форматлар очиқ. Лекин қонунан муайян сабабларга кўра тўхтатилган ҳолатлар ўрганиб чиқиляпти. Қани, нима сабабдан тўхтатилди, нега мумкин эмас ва энди мумкин деган мақом беришимизнинг зарурияти қандайлиги таҳлил қилинмоқда», — деди департамент раҳбари.

11


Жамият бунга тайёр бўлиши керак

Унинг сўзларига кўра, бу каби ўзгаришларни амалга оширишда қатор объектив ва субъектив ҳолатлар мавжуд бўлиб, улардан кўз юмиб бўлмайди. Жамият, инсонлар ва оилаларнинг ўзи бундай ўзгаришларга тайёр бўлиши лозим.

Комилов Ўзбекистоннинг қисқа тарихида икки марта (80-йиллар охири — 90-йиллар боши ва 2016 йилдан кейинги давр) диний эркинликлар бирдан берилганини, бунинг натижасида турли тартибсизликлар ва ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш ҳолатлари юзага келганини эслатиб ўтди.

«Ўзбекистон жуда ҳам бир қайсидир маънода жиддий минтақада жойлашган. Шундай ҳушёр бўлмасак бўлмайди. Бу динни тўсиш ёки динга нисбатан эмас. Биздаги хавфлар ва айнан биздаги бошбошдоқлик ёки тартибсизликни кутаётган қайсидир омиллар борлигини ҳаммамиз яхши биламиз», — дея таъкидлади у.


Қонунлар такомиллаштирилмоқда ва хориж тажрибаси ўрганилмоқда

Давлатнинг дунёвийлик тамойилига урғу берган масъул, қонун доирасида янги имкониятлар босқичма-босқич очилишини, ҳозирда бу борада тадқиқот институтлари ишлаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, диний масалаларда ҳаддан ошиш («ифрот ва тафрит») ҳолатларига қарши мўътадил йўлни кўрсатиб бериш зарурлиги таъкидланди.

18 ёшгача бўлган ёшлар учун шароит яратиш масаласида қайси давлатдан андоза олинаётгани ҳақидаги саволга Комилов «андоза олинмаслиги, балки турли мамлакатлар, ҳатто Америка Қўшма Штатлари тажрибаси ҳам ўрганилаётганини» айтди.

«Биз мўътадил, васатияни тўғирлаб берсаккина, шунда адашиш бўлмайди. Бизда ўша васатияни ҳали чизиб берилмагани учун, ҳамма васатияни ўзича тушуна бошлагани учун муаммоларимиз ҳали ечим топмаяпти», — деди Музаффар Комилов.


Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистонда мадрасаларда (ўрта махсус диний таълим муассасаларида) таълим олиш учун ёшлар умумий ўрта таълим (11 йиллик мактаб)ни якунлаган бўлиши талаб этилади.

Mavzuga oid