Россиянинг нефт ва газ даромади февралда икки баробар қисқариши кутилмоқда

20.02.2026 | 08:382 daqiqa

Россиянинг феврал ойида нефт ва газдан тушадиган даромадлари кескин қисқаради. Прогнозга кўра, кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан деярли икки баробар пасаяди.

Россиянинг нефт ва газ даромади февралда икки баробар қисқариши кутилмоқда

«Reuters» агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил феврал ойида Россия бюджетига нефт ва газ сектори орқали 410 млрд рубл, тахминан 5,35 млрд доллар тушиши кутилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки баробар кам. Асосий сабаб сифатида жаҳон бозорида энергия ресурслари нархининг пасайиши ва рубл курсининг кутилмаган мустаҳкамланиши кўрсатилган.

Нефт ва газ сектори федерал бюджет тушумларининг 20 фоизидан ортиғини таъминлайди. Бу маблағлар айни пайтда асосан ҳарбий харажатларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Шу боис, даромадларнинг қисқариши давлат молиявий барқарорлиги учун сезиларли хавф сифатида баҳоланмоқда.

 

Бюджет босими кучаяди

Январ–феврал ойлари бўйича умумий нефт ва газ даромади 800 млрд рубл атрофида бўлиши кутилмоқда. Бу ўтган йилги 1,56 трлн рубл кўрсаткичидан қарийб икки баробар кам. Ойма-ой ҳисобда даромад 3,1 фоизга ошиши мумкин, аммо бу ўсиш асосан демпфер тўловлари ҳисобига таъминланади.

Айни пайтда нефт компаниялари демпфер механизми орқали давлатга тахминан 42 млрд рубл ўтказиши кутилмоқда. Чунки ташқи бозорда ёқилғи сотиш манфаатдорлиги пасайган. Бу эса экспорт ҳажми ва даромадларга босимни кучайтирмоқда.

 

Санкциялар ва хавф

2026 йил бюджети нефт ва газ даромадлари 8,92 трлн рубл бўлади, деган ҳисоб-китоб асосида шакллантирилган. Бироқ ҳозирги динамика ушбу режаларнинг амалга ошишига шубҳа уйғотмоқда.

Ўтган 2025 йилда ҳам нефтегаз тушумлари 24 фоизга қисқариб, 2020 йилдан бери энг паст даражага тушган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ ва Европа санкциялари харидорлар доирасини қисқартирмоқда, бу эса Россияни нефтни катта чегирмалар билан сотишга мажбур қилмоқда. Агар тенденция сақланса, 2026 йил якунида бюджет тақчиллиги ЯИМ 1,6 фоизи расмий прогнозидан анча юқори бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid