Logo

Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари учун Сербия визасини расмийлаштириш жараёнлари Остона шаҳри орқали амалга оширилмоқда.

Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда

Сербиянинг Меҳнат, бандлик, фахрийлар ва ижтимоий сиёсат вазири Милица Стаменковски Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмонов билан учрашувда мамлакатнинг Тошкентда элчихона очиш режасини маълум қилди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари учун Сербия визасини расмийлаштириш жараёни Қозоғистоннинг Остона шаҳри орқали амалга оширилмоқда.

Виза расмийлаштириш жараёни соддалашади

Сербия элчихонасининг Тошкентда очилиши ўзбекистонликлар учун визани расмийлаштириш жараёнини соддалаштириши кутилмоқда.

Бу янгилик, аввало, Сербияга ишлаш учун борадиган ўзбекистонликлар учун аҳамиятли бўлиши мумкин.

Мазкур келишув ратификация қилингач, Ўзбекистон Миграция агентлиги ва Сербия Миллий бандлик хизмати ўртасида меҳнат миграцияси ва ишчи кучи мобиллиги бўйича алоҳида баённома имзоланиши режалаштирилмоқда.

Сербия ўзбекистонлик мутахассисларга қизиқмоқда

Музокараларда Сербиянинг 2027 йилда Белградда ўтказиладиган «EXPO 2027» халқаро кўргазмаси объектлари қурилишига ўзбекистонлик малакали мутахассисларни жалб қилишдан манфаатдор экани ҳам маълум қилинди.

Томонлар бундай кадрларни олдиндан тайёрлаш ва муносиб меҳнат шароитларига эга иш ўринларига йўналтириш масалаларини муҳокама қилган.

Муносабатларда янги босқич

Сербиянинг Тошкентда элчихона очиш режаси Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги алоқалар жадаллашаётган даврга тўғри келмоқда.

7–8 сентябр кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Сербияда расмий ташриф билан бўлди. Ташриф доирасида икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Томонлар меҳнат мобиллиги ва миграцияси, ҳудудлараро ҳамкорлик ҳамда бошқа йўналишларда қатор ҳужжатларни қабул қилди.

Сербия ТИВ элчихонанинг очилиши икки давлат муносабатларини янада ривожлантиришга қўшимча туртки беришини билдирган.

Ҳозирча элчихона қачон расман иш бошлаши ва унинг аниқ манзили бўйича маълумот берилмаган.

Teglar

Mavzuga oid

Сербия Ўзбекистонда элчихона очишни режалаштирмоқда | Vaqt.uz