Logo

Сунъий интеллект ёрдамида китоб ёзган аёл 1 млн доллар ишлаб топди

Bugun 09:002 daqiqa

У бир неча ой давомида турли СИ дастурларидан фойдаланишни ўрганган ва китобларни тез ёзишга ёрдам берадиган ўз усулини ишлаб чиққан.

Сунъий интеллект ёрдамида китоб ёзган аёл 1 млн доллар ишлаб топди © Unsplash.com

Жанубий Африкада яшовчи, Корал Харт тахаллуси билан танилган аёл сунъий интеллект (AI) ёрдамида атиги 20 ой ичида 371 та китоб ёзиб, уларни сотиш орқали катта даромад топди. Бу ҳақда «Africa News» хабар берди.

У 2025-йилнинг февралида СИ ёрдамида китоб ёзишни бошлаган. Бунгача у 14 йил давомида нашриёт соҳасида ишлаган ва ўзи ҳам бир нечта ўнлаб китоблар ёзган. Корал Харт бир неча ой давомида турли СИ дастурларидан фойдаланишни ўрганган ва китобларни тез ёзишга ёрдам берадиган ўз усулини ишлаб чиққан.

У китобларни қандай ёзади?

Аввал у сунъий интеллектга китобнинг асосий ғоясини тушунтиради. Кейин воқеалар қандай ривожланиши, қаҳрамонлар кимлиги, уларнинг характери ва ҳар бир бобда нималар бўлишини белгилаб беради. Шундан сўнг СИ китобнинг дастлабки вариантини тахминан 45 дақиқада ёзиб беради. Лекин бу ҳали тайёр китоб дегани эмас.

Корал Хартнинг айтишича, СИ ёзган биринчи матн кўпинча сифатсиз бўлади. Шу сабабли у матнни СИ ёрдамида яна икки марта қайта ишлайди, хатоларни тузатади ва воқеалар орасидаги узилишларни бартараф этади. Охирида эса китобни ўқиб чиқиб, якуний таҳрир қилади.

У қанча пул ишлаб топган?

Жами 371 та китоб нашр қилган. Унинг китоблари бир миллиондан ортиқ нусхада сотилган. 2026-йилда даромади 1 миллион доллардан ошган. Китобларидан бири Amazon’даги энг кўп сотилган 100 та китоб қаторига кирган. Китобларининг аксарияти севги ва романтик муносабатлар ҳақида. Корал Харт ўзини адабиётнинг янги даврини бошлаб бераётган ёзувчилардан бири деб ҳисоблайди. Ҳозирда эса СИ ёрдамида китоб ёзадиган муаллифлар учун махсус дастур яратиб, уни ишга туширишга тайёрланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистон каби давлатларнинг иқтисодиётини сунъий интеллект орқали тезлаштириш йўлини айтганди.

Teglar

Mavzuga oid