Талабалар учун ўзгарган дарс вақти, озодликка чиқаётган юзлаб маҳкумлар ва 10 йилда 3 баробар ошган пенсия — 27 август дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсиб, 1,07 квадриллион сўмни ташкил этди. Бу ўсишга асосан хизматлар (16,9 фоиз), қурилиш (13,8 фоиз) ва саноат (8 фоиз) соҳаларидаги юқори фаоллик, шунингдек, ички ва инвестицион талабнинг кучайиши сабаб бўлди. Президент иқтисодиётни йилига 9–10 фоизга ўстириш мақсадини белгилаган бўлса-да, Марказий банк йил якуни бўйича ўсишни 7,5–8 фоиз атрофида прогноз қилмоқда.
Иқтисодий ўсиш фонида мамлакатда камбағаллик даражаси 5,8 фоизгача пасайди ва аҳоли жон бошига даромадлар ошди, бироқ ҳудудлар ўртасидаги тафовут ҳануз юқорилигича қолмоқда (Тошкент шаҳридаги даромад Қорақалпоғистондагидан 3,6 баравар кўп). Шу билан бирга, юқори иқтисодий фаоллик инфляцион босимни кучайтириши ва инфратузилмага (электр энергияси, транспорт, сув) қўшимча юклама бериши хавфи мавжудлиги таъкидланмоқда.
Мустақиллик арафасида 852 киши афв этилди
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 852 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улардан 604 нафари (қарийб 71 фоизи) жазони ўташдан тўлиқ озод қилинади, 115 нафари муддатидан илгари шартли озодликка чиқарилади, 52 кишининг жазоси енгилроғига алмаштирилади ва 81 маҳкумнинг жазо муддати қисқартирилади.
Афв этилганлар орасида 375 нафар ёшлар, 49 нафар аёл ҳамда 60 ёшдан ошган 37 нафар эркак бор. Шунингдек, мазкур фармон доирасида 7 нафар чет эл фуқароси ва тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 63 нафар шахс ҳам афв қилинганлар рўйхатига киритилган.
Тошкентдаги ОТМларда дарслар энди соат 08:00да бошланади
2026/2027-ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларида биринчи смена дарслари соат 08:00 да бошланади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълум қилишича, мазкур янги тартиб пойтахт йўлларидаги эрталабки ва кечки тирбандликларни камайтириш, транспорт оқимини мақбуллаштириш ҳамда талабалар ва ўқитувчиларнинг ҳаракатланиш вақтини оқилона режалаштириш мақсадида жорий этилмоқда.
Ушбу ўзгариш кундузги ва кечки таълим шаклларидаги талабалар учун ўқув жараёни ҳамда бошқа фаолиятларга вақт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, янги ўқув йилида дарслар 1-босқич талабалари учун 7 сентябрдан, 2-босқич ва ундан юқори курс талабалари учун эса 14 сентябрдан бошланиши белгиланган бўлиб, ОТМ раҳбарияти ҳамда педагоглардан бунга тегишлича тайёргарлик кўриш сўралган.
Ўзбекистонда пенсия сўнгги 10 йилда қанчага ошди?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик пенсия миқдори сўнгги 10 йил ичида 3,3 бараварга ошган. Хусусан, 2016 йилда бу кўрсаткич 494,2 минг сўмни ташкил этган бўлса, йиллар давомидаги муттасил ўсиш натижасида 2025 йилга келиб 1 млн 649,2 минг сўмга етган.
Мамлакат бўйича энг кўп пенсионерлар Фарғона вилоятида истиқомат қилади. Умумий ҳисобда Фарғона, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятлари республикадаги жами пенсионерларнинг 41 фоизини қамраб олади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида пенсия тайинлашда иш стажини ўзаро ҳисобга олиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Хитой ва Непал раҳбарларига ҳамдардлик билдирди
Жорий йилнинг 26 август куни Непал ва Хитойнинг Тибет мухтор райони чегарасида юз берган зилзила оқибатида улкан музлик кўчиши ва ҳалокатли сув тошқинлари содир бўлди. Табиий офат натижасида дарёларда сув сатҳи кескин кўтарилиб, атрофдаги аҳоли пунктлари, йўллар, кўприклар ва инфратузилма объектлари вайрон бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, Непалдаги тошқинлар оқибатида камида 353 киши ҳалок бўлган ва 800 дан ортиқ инсон бедарак йўқолган бўлиб, ҳозирда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.





