Тўқаев давлат рамзларидан фойдаланиш қоидалари ўзгаришини эълон қилди
Қозоғистон президенти давлат рамзларининг нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида улардан фойдаланиш тартибини белгиловчи қоидаларга ўзгартишлар киритилишини маълум қилди.
© Oq o‘rda matbuot xizmatiҚозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат рамзларидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартишлар киритилишини маълум қилди.
Тўқаев Остона шаҳридаги Атамекен этно-мемориал мажмуасида Давлат байроғини кўтариш маросимида сўзга чиқиб, фақат ҳақиқий ватанпарварлар мамлакатни тараққиёт сари етаклаши ва унинг чегараларини ҳимоя қилиши мумкинлигини таъкидлади.
«Бошқача айтганда, ватанпарварлик мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафолатидир. Миллий рамзлар нуфузини мустаҳкамлаш давлат аҳамиятига эга вазифадир. Яқин вақт ичида ҳукумат давлат рамзларидан фойдаланишни тартибга солувчи қарорга ўзгартишлар киритади», – деди давлат раҳбари.
Президентнинг таъкидлашича, миллий рамзларни ҳурмат қилиш ҳар бир фуқаронинг умумий бурчи ҳисобланади ва бу давлатга бўлган эҳтиромнинг муҳим кўринишидир.
Бугун, 4 июнь куни Қозоғистонда Давлат рамзлари куни нишонланмоқда. Мамлакатнинг конституциявий қонуни билан белгиланган давлат рамзлари – байроқ, герб ва мадҳиядан иборат.
Қозоғистоннинг давлат рамзлари 1992-йил 4-июн куни қабул қилинган. Улар мамлакат мустақиллиги ва давлатчилигининг асосий тимсоллари ҳисобланади.
Гербни ўзгартириш
2024-йил 15-март куни Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг учинчи йиғилишида президент Қосим-Жўмарт Тўқаев миллий тарихнинг кўламини англаш зарурлигини таъкидлаб, Қозоғистонни тўғридан тўғри Жўчи улуси — Олтин Ўрданинг вориси сифатида кўрсатиб, амалдаги давлат гербини ўзгартириш таклифини илгари сурди. Унинг фикрича, давлат герби ҳақида мутахассислар ва фуқаролар, жумладан ёшлар томонидан билдирилаётган танқидий мулоҳазаларга эътибор қаратиш лозим.
Хусусан, гербнинг жуда мураккаб экани, унда турли услублар аралашиб кетгани ва совет даврига хос белгилар сақланиб қолгани айтилмоқда. Президентнинг таъкидлашича, умумий келишувга эришилса, махсус комиссия тузилиб, масала ҳар томонлама ўрганилиши, жамоатчилик муҳокамалари ўтказилиши ва сўнгра янги давлат герби учун очиқ танлов эълон қилиниши мумкин. Шу билан бирга, у вилоят ва шаҳарлар рамзларини стандартлаштириш, уларни мамлакатнинг асосий тимсоллари билан уйғунлаштириш зарурлигини ҳам қайд этди.
Ўшанда Қозоғистонда шу мавзу атрофида жамоатчилик муҳокамалари кучайиб кетганди. Айримлар герб енгил ва содда бўлиши шарт эмаслигини айтиб, Швеция, Белгия, Бразилия ва Буюк Британия каби давлатлар гербларини мисол қилиб келтирди. Бошқалар эса Швейцария, Япония, Баҳрайн, Германия ва Украина тажрибасига таяниш кераклигини айтди — бу давлатларда кўпинча содда эмблемалар герб ўрнида ишлатилади.





