Тўққиз ой давомида 10,6 мингдан ортиқ газ баллони талон-торож қилингани аниқланди
2026-йилнинг январ-сентябр ойларида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ талон-торож қилингани маълум қилинди. Ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига 25 та материал юборилиб, 19 та жиноят иши қўзғатилди.
© hududgazЎзбекистонда 2026-йилнинг тўққиз ойи давомида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший газ баллони талон-торож қилинган. Шунингдек, суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025-йил ва 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида масъул тузилмалар томонидан 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари ўтказилган бўлиб, уларнинг натижасида жами 1 217 та қоидабузарлик аниқланган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида қиймати тахминан 2 миллиард сўмлик 193,6 тонна суюлтирилган газ ҳамда умумий қиймати 8,7 миллиард сўмлик 17 301 дона маиший газ баллонининг ноқонуний сотилиши олди олинган.
Жиноят ишлари ва давом этаётган рейдлар
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 25 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Ушбу материаллар асосида ҳозирга қадар 19 та жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
Айни пайтда комплаенс назорат тузилмалари томонидан тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари давом эттирилмоқда. Ушбу тадбирлар аниқланган камчиликларнинг сабабларини ўрганиш, қоидабузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда уларнинг такрорланишига йўл қўймасликка қаратилган.
Масъуллар фуқаролардан суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ёки бошқа қонунбузарлик ҳолатларига дуч келганда +998 71 202-11-04 ёки 1104 рақамлари орқали хабар беришларини сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳолига ажратилган газ баллонларини қиммат нархда сотмоқчи бўлган 39 нафар мутасадди аниқланганди.





