add

“Бу ер бизнинг уйимиз” – тугатилаётган онкология диспансеридан репортаж

Kecha 22:408975 daqiqa

Шифокорлар ва беморлар Тошкент онкология касалхонаси тугатилаётганидан норози. Vaq.uz мухбири шифо масканида бўлиб, ходимлар ва даволанаётганлар билан суҳбатлашди.


Тошкент шаҳар онкология диспансери пойтахтнинг марказий ва харидоргир нуқталаридан бирида жойлашган яшил ҳудуд. Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяровнинг буйруғи билан шифо маскани Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология марказига қўшиляпти.

Йилига 10 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатадиган диспенсер 4,6 гектар майдонда жойлашган.

Сир эмаски, Ўзбекистонда ҳам онкологик беморлар даволанадиган шифохоналарда жой танқислиги юзага келиши аллақачон кузатила бошланган. Ўзбекистонда 100 мингдан ортиқ саратон хасталиги билан курашаётган бемор бор. Онкология хизматларига талаб юқори бўлган вазиятда шифохонани битта тиббиёт муассасасига бирлаштиргандан кўра, эскисини сақлаб қолган ҳолда ўринлар сонини кўпайтириш керак эмасми? - деган савол туғилиши табиий.

Бироқ афсуски, ақли жиғилдонининг фойдасига ишлайдиган айрим амалдорлар оғир касаллик билан курашаётган беморларнинг ҳаққини туя қилишдан, ўз манфаатлари йўлида уларнинг сўнгги умид масканини тортиб олишдан тап тортишмаяпти.

Уларнинг Онкология шифохоналари ўрнини эгаллашга уриниши биринчи марта эмас. 3 йил аввалги жамоатчиликнинг қаттиқ норозилигидан кейингина Тошкент шаҳар онкологик касалликлар шифохонаси ва Тошкент вилоят онкологик касалликлар шифохонаси бинолари ва иншоотларини сотиш бўйича аукцион тўхтатилганди. Афсуски, энг ёмон кутилмалар яна амалга ошадиган кўринади.

Маълум бўлишича, ходимлардан бўшаш ҳақида аризалар ёздирилиб олиняпти. Ишчиларнинг кейинги тақдири эса номаълум бўлиб қолмоқда.

“Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасидан келишди-да. “Қайси шифохона?” дедим. Қаранг, Жуковский дедим, ёнимдагина, менга яқинроқ. “Жуковский”да жой йўқ дейишди. Республика, 16-шифохонада жой йўқ. Ҳеч қаерда жой йўқ. Онкология маркази бизни ишга олишга ваъда берган. Мен атайин савол бердим: “Бизни ёшимизда оласизларми, олмайсизларми?” десам, “Ҳа, оламиз, муаммосиз” дейишди. Йўқ, жой йўқ экан. Ҳавода муаллақ қолдик. Бу нима деган гап ўзи? Кредитларимиз, бола-чақамиз бор. Масалан, мен икки ўғлимни уйлантирмаганман. Хўжайиним онкологиядан вафот этганлар. Ҳозир мана ўтирибмиз, нима қилишни билмаймиз. Илтимос, бу номардлик. Менимча, аввал ходимларни жойлаштириш, кейин касалларни чақириш керак эди. Бизда эса аксинча, ходимларни шундай улоқтириб юборишди. Шунча меҳнат қилганимиз, шунча ўқиганимиз... Мана, онкология энг оғир бўлим, энг оғир касаллар парваришга, яхши гапга, тажрибали ходимларга муҳтож. Энди нима бўляпти? Бизлар, масалан, беморлар, мана, вақтимиз иккида тугаса ҳам, бешгача шу ерда касалларни қабул қилиб ўтирардик. Ҳеч қачон “Вақтимиз тугади, бўлди, кетдик” демасдик. Энди ҳозир бизларни шундай улоқтириб юборишди. Ҳаммамиз, ҳамма ходимларимиз сарсон юрибди. Ваъдаларни ҳеч ким бажармаяпти. Фақат бўшаш ҳақида ариза олишяпти биздан. Фақат бўшашга. Бу нима дегани? Қолганларимиз нима бўламиз энди? Бўлдими? Давлатга керакмасмизми? Бу ер бизнинг уйимиз. Бир-биримизга ўрганиб қолганмиз. Агар бирортамизни яхши жойга олиб бориб жойлаштиришса ҳам майли эди, лекин шуни ҳам қилишмаяпти-ку бизга? Энди нима қиламиз? Вой-дод, деяпмиз-да”, дейди ҳамшира Фароғат Тожибоева.

Диспансерда ишловчи шифокорнинг айтишича, шифохона ёпилган, одамларни қабул қилишмаяпти:

“Шифохонага ётқизишмаяпти. Шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасидан одамлар келишди, улар бизни қаергадир ишга жойлаштиришга уриниб кўришмоқчи, лекин бечора ходимлар... Бош ҳамширанинг айтишича, ходимларнинг 80 фоизи ишсиз қолибди. Лекин шахсан менга, албатта, ҳеч қандай иш таклиф қилишмади ва биз, очиғини айтганда, шу ерда қолдиришлари учун ўз фикримизда турибмиз. Биз ўз ишимизни биламиз. Ҳозир бизни қаерга қўйишади? Агар мен бу ерда ҳамма нарсани билсам, бу даражага йиллаб эришганман, йиллаб. Бизнинг шифокор-онкологларимиз ҳаммасини ўрганиш учун йиллаб ҳаракат қилишган. Ҳозир мени, масалан, операция хонасига қандай қўйишади? Бу нотўғри, бунинг учун қайта ўқишим ёки яна нимадир қилишим керак. Биз ўз ишимизни яхши биламиз-ку. Биз шу ерда бўлишимиз керак, биз одамларга яхшилик қиламиз”, дейди у.

Шаҳар онкология диспансери тугатилиши шунчалик ими-жимида амалга оширилдики, биров билиб, биров билмай қолди. Суҳбатдошларимизнинг таъкидлашича, бундан кейинги манзил онкология диспансерининг вилоят филиали бўлиши мумкин.

Беморлар ва уларнинг яқинлари шифохоналар кўчирилишига қарши эканини айтишмоқда.

“Кимётерапиянинг еттинчи босқичи бўлаётган эди. Бу ердаги ҳамма беморлар безовталаниб қолди ҳозир. Бу ерни бўшатиш керак, кўчиш керак деган масалалар бўлиб кетди. Бунга ҳамма қаршилик кўрсатди, қаршилик қиляпмиз. Энди бизнинг мурожаатимиз шу ерда қолсак, деган ниятда. Бу ердаги шифокорлар, ҳамширалар, ҳамма ишчи-ходимларнинг ҳаммаси ўзимизнинг оиламиздек бўлиб қолди. Бу ерда бепул даволаниш олиб, ҳар биримизга муомаласи ширин бўлиб, бу шифокорларимиз ўзимизнинг синглимиз, онамиздек, отамиздек, укаларимиздек бўлиб кетди. Кўчирса, бизга қийин бўлади. Чунки бу ер шаҳарнинг ичида, ким қаердан келса ҳам, ҳамма учун яқин. Шунчадан-шунча беморлар бор. Ҳамма тарқалиб, ҳаммага шифохонадан чиқариш қоғозини беришди. Ҳозир норозилик билан кетиляптида”, дейди беморлардан бири.

Бошқа бемор янги жой узоқ, чекка жойлиги учун транспорт муаммоси бўлиши, шаҳар онкология диспансери кўчишига қаршилигини билдирди.

Шифокор ва беморлар ҳатто шахсан Давлат раҳбаридан ёрдам ва ҳимоя сўраб мурожаат қилган.

“Янги жойга ўтказамиз дейишди, лекин ўтказишмади. Бўшаш ҳақида ариза ёздиришяпти. Умуман, уларнинг гапи билан иши тўғри келмаяпти. Тахминан 600 дан ошиқ ишчи бор. Биринчи поликлиникадан бошлашди бўшатишни, реанимация бўшади, ОПП бўшади, секин бўлимма-бўлим бўшатишяпти. Ишчилар ҳам кўчада қолиб кетди-да. Мажбурлаб бўшатишган. Ҳозир ишсиз юришибди. Нечта жойга бориб қайтиб келишди, хусусийлар ҳам, бошқа жойлар ҳам олмаяпти. Поликлиникалар, анестезиология, реанимация ишчисиз қолди мана кўчада. Оғир-оғир касалларга ҳам, ишчиларга ҳам қийин бўлди. Мана ўзим шу ерда, операция бўлимида 14 йилдан бери ишлайман. Нечта одам оиласини боқади. Ҳамма қийналяпти. Шу президентимиздан сўраймиз, яна ўз иш жойимизда ишлашимизга имкон беришларини”, дейди кичик тиббий ходим болиб ишловчи Шаҳноза Усмонова.

Жамоатчилик фикрича, бўлаётган ишлар онкологик беморларни замонавий тиббиёт марказига ўтказиш ниқоби остида шаҳарнинг марказий нуқталаридаги, метрога яқин ҳудудларини қўлга киритишдан бошқаси эмас. Ижтимоий тармоқ фаоллари аукцион савдосидан сўнг шифохона ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши бошланса ажабланмаслигини таъкидлашмоқда.

Халқ билан бемаслаҳат қабул қилинаётган қарорлар муҳокамалар ортидан яна қайта кўриб чиқиладими, бунисини энди вақт кўрсатади.

Жамоатчиликнинг хавотири қанчалик асосли. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалада ҳақида ҳали расмий баёнот бермаган. Vaqt.uz айни масалага яна қайтади ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига микрофон тутади.

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор: Жавоҳир Бобоқулов

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 5

Barchasi

Mavzuga oid