
Газ қазиб олишда сўнгги 4 йилда илк ўсиш кузатилди, аммо кўмирга қарамлик кучаймоқда
2025 йил давомида Ўзбекистон газ ишлаб чиқаришни 1 млрд метр кубга ошириб, 42,3 млрд метр кубга етказди — бу 2021 йилдан бери биринчи ўсиш. Шунга қарамай, мамлакат энергия балансида кўмир улуши ошишда давом этмоқда, нефт ва бензин ишлаб чиқариш қисқармоқда.

Ўзбекистоннинг 2025 йилда саноат ишлаб чиқариши 6,8 фоизга кўтарилиб, 1,1 квадриллион сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Саноат маҳсулотлари таркибида газ ишлаб чиқариш 2021 йилдан бери биринчи марта кўпайди. Ўтган йили табиий газни ишлаб чиқариш 1 млрд куб метрга ошиб, 42,3 млрд метр кубга етди.
Шунга қарамай, 2018 йилга нисбатан табиий газ ишлаб чиқариш тўртдан бирга қисқариб кетган.

Энг катта пасайиш 2019 йилда кузатилган. Ўшанда табиий газ қазиб олиш бирданига 10,8 млрд метр кубга камайганди.
Ишлаб чиқариш камайиши ортидан мамлакат аҳолисининг газга бўлган талаби кўпроқ импорт орқали қондирилмоқда. 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистон хориждан 1,5 млрд долларга яқин газ олиб келган.
Таққослаш учун: табиий газ ишлаб чиқариш 60 млрд метр кубдан юқори бўлган 2019 йилда газ импорти деярли умуман амалга оширилмаган. Импорт 2020 йилдан бошлаб ўсиб бормоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон газни бошқа давлатларга экспорт ҳам қилади. Расмий маълумотлар 11 ой ичида газ сотувидан 624 млн доллардан ошиқ даромад олинганини кўрсатади.
Бироқ, яқинда тарқалган хабарларга кўра, Ўзбекистон 2025 йилда Хитойнинг ўзига газ сотишдан 773 млн доллар ишлаб топган.
Бу эса Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида ҳам газ импорт қилаётган, ҳам газ экспорт қилаётган мамлакат эканини кўрсатади.
Зарарли кўмир қазиб олиш барқарор ўсмоқда
Кўмир ишлаб чиқариш аввалги йиллардаги каби ўсишда давом этди — 2025 йилда у 0,7 млн тоннага кўпайиб, 8,9 млн тоннага етди.
Ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2018 йилдан бери доимий ўсиб келмоқда. Бунга асосан газ қазиб олиш сўнгги йилларда камайиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
Кўмир ички ресурс сифатида, айниқса қиш ойларида газга тезкор муқобил бўлиб хизмат қила олади ва арзонроқ ҳисобланади. Шу мақсадда, ҳукумат кўмир қазиб чиқаришни яқин йилларда янада кўпайтирмоқчи.
Давлат режаларида кўмир импортини рағбатлантириш ҳам бор. 2025 йилнинг 11 ойида кўмир импорти сезиларли — 20 фоиздан кўпроқ ошиб, 187 млн долларга етган. Экспорт атиги 4 млн долларни ташкил қилган.
Қазиб олиш осон ва арзонлигига қарамасдан, кўмир ишлаб чиқариш ёқиш атмосферага зарарли чиқиндиларни чиқариб, ҳавони сезиларли ифлослантиради. Кўпчилик ривожланаётган мамлакатлар кўмирга зарарли бўлса-да, арзонроқ бўлгани учун «вақтинчалик ечим» сифатида қарайди.
Дунё бўйича 2025 йилда ишлаб чиқарилган кўмир ҳажми 9,2 млрд тоннага етиб, янги рекорд даражага чиқиши кутилмоқда. Ҳолбуки, кўмирдан фойдаланишни глобал миқёсда камайтириб бориш режалаштирилган эди.
Бироқ, сиёсий можаролар ортидан таъминот занжиридаги ноқулайликлар бунга йўл қўймади. Айниқса Россия-Украина ўртасидаги уруш глобал таъминот занжирига жиддий зарба берди.
Бошқа саноат маҳсулотлари
Табиий газ ва кўмирдан ташқари 2025 йилда нефт, бензин, газ конденсати ва автомобил двигателларини ишлаб чиқариш камайди. Дизел ишлаб чиқариш эса 182 минг тоннага ошган.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш эса 3,2 млн kWhʼга кўпайиб, 84,8 млн kWhʼга етди.
Бунда ўсиш кичик бизнес томонидан ишлаб чиқарилган электр энергия ҳисобига таъминланди. 2025 йилда уларнинг кўрсаткичи 2 баробардан кўпроқ ошиб, 21,8 млн kWhʼни ташкил қилди.
Teglar






