
Илон Маск «SpaceX»ни «Tesla» ёки «xAI» билан бирлаштирмоқчи
Илон Маскка тегишли компаниялар ўртасида эҳтимолий қўшилиш режалари муҳокама қилинаётгани маълум бўлди.

Илон Маскга тегишли «SpaceX» компанияси электромобиллар ишлаб чиқарувчи «Tesla» ёки сунъий интеллект соҳасидаги «xAI» билан қўшилиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» нашри хабар берди Ҳозирча қўшилиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган бўлиб, компаниялар мустақил фаолиятни сақлаб қолиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Маълумотларга кўра, эҳтимолий битим инфратузилма фондлари ҳамда Яқин Шарқдаги суверен инвесторлар томонидан катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Шу билан бирга, бундай қўшилиш катта ҳажмдаги молиялаштиришни талаб этади. 21 январ куни Невада штатидан «қўшилиш бўйича шўба корхона» ибораси мавжуд бўлган икки юридик шахс рўйхатдан ўтказилгани ҳам ушбу сценарийлар муҳокама қилинаётганини кўрсатади.
Режалар
Рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар раҳбарияти орасида «SpaceX» молия директори Брет Жонсон ҳам бор. Бироқ манбалар таъкидлашича, музокаралар якуний босқичга етмаган ва шартлар ўзгариши мумкин. Шу сабабли компаниялар алоҳида ривожланиш йўлини танлаши ҳам истисно этилмайди.
Илон Маскнинг «SpaceX» бўйича узоқ муддатли режалари орасида сунъий интеллект ёрдамида мураккаб ҳисоб-китобларни амалга оширадиган, орбитада жойлашган маълумотларни қайта ишлаш марказларини яратиш ғояси бор. Бу нуқтаи назардан, «xAI» стартапи бундай инфратузилма орқали улкан ҳисоблаш қувватларидан фойдаланиши мумкин.
Энергия ва космик логистика
«Tesla»нинг энергия сақлаш тизимлари эса «SpaceX»нинг орбитадаги марказларини қуёш энергияси ҳисобига узлуксиз ишлашини таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Шу билан бирга, Маск «SpaceX»нинг «Starship» ракеталари орқали «Tesla Optimus» роботларини Ой ва Марсга етказиш имкониятларини ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Tesla» компанияси ўзининг флагман электромобиллари ҳисобланган «Model S» ва «Model X» моделларини ишлаб чиқаришни босқичма-босқич тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар бергандик.





