
«Lukoil» — тамом: Алекперов нефт империяси қулаш ёқасида
АҚШ санкциялари остида қолган «Lukoil» хориждаги активларини сотишга мажбур бўлмоқда. Компания 11 давлатдаги объектларини йўқотса, даромадининг камида 30 фоизини йўқотиши мумкин.

Россиянинг энг йирик хусусий нефт компанияси «Lukoil» жаҳон бозоридан сиқиб чиқарилмоқда. Бир неча ўн йиллар давомида Вагит Алекперов томонидан қурилган нефт империяси — санкциялар, молиявий босим ва сиёсий чекловлар фонида емирилиш босқичига кирди. Forbes маълумотларига кўра, Алекперовнинг шахсий бойлиги 28 млрд долларга баҳоланган, аммо унинг асосий активи — «Lukoil» энди жон сақлаш йўлини изламоқда.
«Lukoil» энди тамом бўлди, деб ёзмоқда Politico нашри.
АҚШ Молия вазирлиги санкцияларидан сўнг компания 11 мамлакатдаги корхоналарини сотишни бошлади. Улар орасида Болгария, Руминия ва Нидерландиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари, Европа Иттифоқидаги ёқилғи станциялари, шунингдек Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ироқ, Миср, БАА ва Африкадаги қазиб олиш лойиҳалари бор. Politico билан суҳбатда бўлган собиқ топ-менежернинг таъкидлашича, «Lukoil» хорижий активларсиз қолса, тушумининг 30 фоизини йўқотади.
2024 йилда компаниянинг умумий даромади 8,4 трлн рублга етган, шундан 1 трлн рубл дивиденд сифатида акционерларга тўланган. Алекперовнинг шахсий улуши орқали у 2 млрд доллар атрофида фойда олган. Аммо энди компания 15–17 фоиз қазиб олиш ҳажмини ва ярим газ ресурсларини йўқотиши мумкин. Бу ҳақда «Алфа-банк» таҳлилчилари маълум қилди.
Сотилаётган активларнинг умумий қиймати 10 млрд доллар атрофида бўлса-да, мутахассислар «Lukoil» уларни 50–70 фоиз арзонлаштиришга мажбур бўлишини айтишмоқда. Kasatkin Consulting директори Дмитрий Касаткиннинг фикрича, компания санкцияларга дуч келган мамлакатларда активларни «беш пулга» сотиши мумкин.
АҚШ Молия вазирлиги лицензиясига кўра, барча битимлар 21 ноябргача якунланиши керак, аммо бу муддатда сотувни амалга ошириш амри маҳол — бундай жараёнлар одатда 6–12 ой талаб қилади. «Алфа-банк» мутахассислари фикрича, «Lukoil» эҳтимол, муддатни узайтириш сўрови билан чиқади.
Шу билан бирга, Ироқ, Қозоғистон ва Озарбойжондаги йирик конилар компания таркибида сақланиб қолиши мумкин. Қозоғистондаги «Tengizchevronoil» ва Каспий нефт қувури консорциуми каби лойиҳалар АҚШ санкцияларидан озод этилган.
Россиялик энергетика соҳаси таҳлилчиси Алексей Громовнинг таъкидлашича, Россияда қазиб олинаётган нефтнинг келгуси тақдири 2026 йил бошларида маълум бўлади. Унга кўра, Хитой билан ҳамкорлик сақланиши мумкин, аммо Ҳиндистон билан келишувлар АҚШ босими сабаб мураккаблашиши эҳтимолдан холи эмас.
Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» расмийси «Lukoil»нинг Ўзбекистондаги активларини сотиб олиш масаласи ҳозирча кун тартибида йўқлиги ҳақида айтганини хабар берган эдик.





