add

Марказий Осиёнинг инвестициявий «шерлари»: Қозоғистон ва Ўзбекистон капитал оқимини ўзига қаратмоқда

ЕОТБ ҳисоботига кўра, Марказий Осиёга йўналтирилган 25 млрд долларлик инвестициянинг асосий қисми Ўзбекистон ва Қозоғистонга тўғри келмоқда. Иқтисодий ўсиш таҳлили.

Марказий Осиёнинг инвестициявий «шерлари»: Қозоғистон ва Ўзбекистон капитал оқимини ўзига қаратмоқда

2008–2024 йиллар давомида халқаро молия институтлари (ХМИ) Марказий Осиёда 24,9 миллиард долларлик давлат кафолатисиз (номустақил) молиялаштириш лойиҳаларини маъқуллаган. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) ҳисоботида маълум қилинди.

Қайд этилишича, халқаро молия институтларининг давлат кафолатисиз молиялаштириш умумий ҳажмидаги Марказий Осиёнинг улуши сезиларли даражада ўсган: 2008–2010 йиллардаги 18 фоиздан (0,8 млрд доллар) 2022–2024 йилларда 63 фоизга (3,5 млрд доллар) етди.

Минтақадаги энг йирик инвесторлар Жаҳон банки гуруҳи ($8,1 млрд), Осиё тараққиёт банки (5,4 млрд доллар) ва ЕОТБ (4,2 млрд доллар) бўлди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон 2022–2024 йилларда энг кўп маблағ олган давлатлар сифатида эътироф этилди: Қозоғистон (5,9 млрд доллар) ва Ўзбекистон (3,9 млрд доллар). Марказий Осиёдаги барча давлат кафолатисиз операцияларнинг 91 фоизи, Евроосиё минтақасидагининг эса 48 фоизи айнан шу икки давлат ҳиссасига тўғри келди.

Қозоғистонга 16 йил ичида 15,7 млрд доллар маблағ йўналтирилган. Устувор йўналишлар — энергетика, транспорт ва молия сектори. Ўртача йиллик ҳажм 2,5 бараварга ошди.

Ўзбекистон 16 йил ичида 6,5 млрд доллар маблағ жалб этилган бўлиб, унинг 56 фоизи айнан 2022–2024 йилларга тўғри келди. Асосий йўналишлар — энергетика, молия сектори ва инфратузилма. Ўртача йиллик ҳажм 62 бараварга ошган: 2008–2010 йиллардаги 21 миллион доллардан 2022–2024 йилларда 1,3 миллиард долларга етди.

Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон

Ушбу давлатлар 2008–2024 йиллар давомида жами 1,9 миллиард доллар жалб қилган. Асосий соҳалар — молия сектори, агросаноат мажмуаси ва энергетика. Ўртача йиллик ҳажм 5 баравардан кўпроққа ўсиб, 269 миллион долларни ташкил этди.

ЕОТБ таҳлилчиларининг тушунтиришича, бу динамика Марказий Осиёнинг йирик, жадал ўсиб бораётган ва истиқболли иқтисодий минтақа сифатидаги ривожланиш суръатлари билан боғлиқ. Минтақада ижтимоий-иқтисодий ривожланишда сезиларли ўсиш, аҳоли турмуш даражасининг юксалиши, транспорт инфратузилмаси ва саноатлашувнинг фаол ривожланиши кузатилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid