add

Нақд пул олмайдиган АЁҚШлар, марказлашган бошқарувдан чиқариладиган Навоий аэропорти ва арзонлаган олтин — 2 феврал дайжести

Kecha 22:184 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Нақд пул олмайдиган АЁҚШлар, марказлашган бошқарувдан чиқариладиган Навоий аэропорти ва  арзонлаган олтин — 2 феврал дайжести

Навоий аэропорти «Uzbekistan Airports» таркибидан чиқарилади: самолётлар бўялади

Бугун, 2 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев авиация соҳасини трансформация қилиш режалари билан танишди. Унга кўра, Навоий халқаро аэропорти «Uzbekistan Airports» таркибидан чиқарилиб, унга авиакомпаниялар билан мустақил шартномалар тузиш ва «порто-франко» эркин божхона зонасини ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Мақсад — аэропортнинг юк ва йўловчи ташиш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, ҳаво кемаларини бўяш ва техник хизмат кўрсатиш орқали экспорт тушумларини оширишдир. 2029 йилгача соҳа учун олиб кириладиган махсус техникалар божхона тўловларидан озод қилинади.

Соҳада кадрлар етишмовчилигини ҳал этиш мақсадида АҚШнинг «Embry-Riddle» ва Франциянинг «ENAC» каби нуфузли марказлари билан ҳамкорликда Фуқаро авиацияси университети ва авиация техникуми ташкил этилади. Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports» носоҳавий фаолиятни молиялаштиришни тўхтатади. Икки йирик тузилма учун жами 34 та устувор вазифа белгилаб берилди, улар қаторида рақамлаштириш, харажатларни мақбуллаштириш ва халқаро IPOга чиқиш каби стратегик мақсадлар бор.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда назарий дарсларда қатнашиш мажбурий эмас

2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда A ва B тоифалари бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий дарсларда мажбурий қатнашиш талаби бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, энди талабгорлар йўл ҳаракати қоидаларини автомактабда (онлайн ёки офлайн) ўрганиши ёки мустақил равишда ўзлаштириши мумкин. Бу янгилик фуқароларнинг вақти ва харажатларини тежаш ҳамда таълим жараёнини замонавийлаштиришга қаратилган.

Назарий дарслардан фарқли ўлароқ, ҳайдовчиликнинг амалий қисми (автомобиль бошқариш) мажбурий бўлиб қолади ва улар фақат автомактабларда ўтилиши шарт. Амалий машғулотларни якунлагандан сўнг, маълумотнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва талабгорлар белгиланган тартибда назарий ва амалий имтиҳонларни топширадилар. Бу тизим ҳайдовчилик кўникмаларининг сифатини сақлаб қолган ҳолда, бюрократик тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади.

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд тўлов бекор қилинади

2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистондаги барча ёнилғи қуйиш шохобчалари ва электромобилларни зарядлаш станцияларида нақд пулда тўлов қабул қилиш тўлиқ тўхтатилади. Президент фармонига мувофиқ, нефть-газ маҳсулотлари учун ҳисоб-китоблар фақат банк карталари ёки электрон тўлов иловалари орқали амалга оширилади. Бу чора яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, солиқ тушумларини тўлиқ назорат қилиш ва ёнилғи бозорида молиявий шаффофликни таъминлашга қаратилган.

Янги тартиб фақат ёнилғи билан чекланмайди: 2026 йил апрелидан коммунал хизматлар учун тўловлар ҳам нақдсиз шаклга ўтказилади. Шунингдек, қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари), кўчмас мулк ва янги автотранспорт воситаларини сотиб олишда нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш тақиқланади. Банк ва нотариуслар тизимларининг интеграция қилиниши натижасида тўлов тасдиқланмаган битимлар расмийлаштирилмайди.

Қуёш панелларини ўрнатган аҳолига 209 млрд сўм субсидия тўланди

2025 йил давомида Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатган 45 381 нафар фуқарога давлат бюджетидан жами 209,2 млрд сўм миқдорида субсидия тўлаб берилди. Мазкур маблағлар аҳоли томонидан ишлаб чиқарилиб, ягона электр тармоғига узатилган энергия учун ҳисобланган. Энг юқори кўрсаткичлар Хоразм вилояти (55,4 млрд сўм), Қорақалпоғистон Республикаси (29,1 млрд сўм) ва Бухоро вилояти (25,7 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келди.

Амалдаги тартибга кўра, аҳоли ўз эҳтиёжидан орттириб тармоққа сотган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун давлатдан 1000 сўмдан маблағ олади. Субсидиялар ҳар ой якуни билан «Солиқ» мобил иловаси орқали фуқароларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри ўтказиб берилади.

Ўзбекистонда олтин нархи кескин пастлади

2 феврал, душанба куни Марказий банк эълон қилган маълумотларга кўра, оғирлиги 5 грамм бўлган олтин қуймаси 9 миллион 867 минг сўмдан сотила бошлади. Бу кўрсаткич жума кунги нархга нисбатан 908 минг сўмга арзон. Шу билан бирга, бир грамм олтин қиймати 1 миллион 973 минг 470 сўмни ташкил этиб, 183 минг 480 сўм ёки 8,5 фоизга пасайди.

Бошқа вазндаги олтин қуймаларининг нархлари ҳам мос равишда тушган. Хусусан, 10 граммли қуйма 19 344 000 сўм, 20 граммли қуйма эса 38 688 000 сўмга баҳоланган. Энг йирик ҳажмдаги 50 ва 100 граммли олтин қуймаларининг сотув нархлари эса мос равишда 96 720 000 сўм ва 193 439 000 сўмни ташкил этмоқда.

Аввалроқ, 26 январ куни 5 граммли олтин қуймаси илк бор 10 миллион сўм чегарасидан ошган эди. Шундан кейин нарх кетма-кет уч кун давомида янги рекордларни янгилаб борди. 29 январ куни нарх бироз пасайиб, 10 миллион 785 минг сўм даражасида шаклланган эди.

Teglar

Mavzuga oid