add

Ўзбекистонда олтин нархи кескин пастлади

Марказий банк маълумотларига кўра, халқаро бозордаги кескин пасайиш ортидан Ўзбекистонда олтин қиймати сезиларли равишда арзонлади.

Ўзбекистонда олтин нархи кескин пастлади

2 феврал, душанба куни Марказий банк эълон қилган маълумотларга кўра, оғирлиги 5 грамм бўлган олтин қуймаси 9 миллион 867 минг сўмдан сотила бошлади. Бу кўрсаткич жума кунги нархга нисбатан 908 минг сўмга арзон. Шу билан бирга, бир грамм олтин қиймати 1 миллион 973 минг 470 сўмни ташкил этиб, 183 минг 480 сўм ёки 8,5 фоизга пасайди.

Бошқа вазндаги олтин қуймаларининг нархлари ҳам мос равишда тушган. Хусусан, 10 граммли қуйма 19 344 000 сўм, 20 граммли қуйма эса 38 688 000 сўмга баҳоланган. Энг йирик ҳажмдаги 50 ва 100 граммли олтин қуймаларининг сотув нархлари эса мос равишда 96 720 000 сўм ва 193 439 000 сўмни ташкил этмоқда.

Аввалроқ, 26 январ куни 5 граммли олтин қуймаси илк бор 10 миллион сўм чегарасидан ошган эди. Шундан кейин нарх кетма-кет уч кун давомида янги рекордларни янгилаб борди. 29 январ куни нарх бироз пасайиб, 10 миллион 785 минг сўм даражасида шаклланган эди.

Жаҳон бозоридаги вазият

Сўнгги кунларда жаҳон бозорида ҳам олтин котировкалари кескин тушишни бошлади. Ҳозирда бир трой унция олтин 4679 доллардан таклиф этилмоқда, бу эса бир грамм учун тахминан 150,44 долларга тўғри келади. Бу кўрсаткич 29 январ куни қайд этилган 5550 долларлик рекорд даражадан 15 фоиздан ортиқ пасайишни англатади.

Мутахассислар жаҳон бозоридаги ушбу ўзгаришларни АҚШда пул-кредит сиёсати бўйича кутилмаган баёнотлар ва инвесторлар кайфиятининг ўзгариши билан боғламоқда. Бу омиллар олтин каби ҳимоявий активларга бўлган талабнинг қисқаришига олиб келган.

Теглар

Мавзуга оид