add

Ўзбекистон чегараларини қўриқлайдиган Байрактар, ойлиги ошган элчилар ва арзон яшаш бўйича ТОП-20 талик — 15 январ дайжести

Kecha 22:003 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон чегараларини қўриқлайдиган Байрактар, ойлиги ошган элчилар ва арзон яшаш бўйича ТОП-20 талик — 15 январ дайжести

2025 йилда ЙТҲларда 2188 нафар инсон ҳалок бўлган

2025 йил давомида Ўзбекистонда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2 188 нафар инсон ҳалок бўлди ва 8 901 киши жароҳатланди. Бу кўрсаткич 2024 йилга (2 199 нафар ҳалок бўлган) нисбатан бироз камайган. Эътиборли жиҳати, сўнгги беш йил ичида аҳоли сони 38 миллиондан, транспорт воситалари эса 5,5 миллионтадан ошган бўлса-да, ЙТҲлардаги ўлим даражаси ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6,9 тадан 5,7 тага тушган. Айниқса, мактаблар ва маҳаллалар атрофида хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши болалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар камайишига ижобий таъсир кўрсатди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ЙТҲлар нафақат инсоний фожиа, балки иқтисодий йўқотиш ҳамдир; айрим давлатларда бундай ҳолатлар ЯИМнинг 3–5 фоизигача зарар келтириши мумкин. Ҳозирда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида йўллардаги хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича энг яхши натижалардан бирини қайд этмоқда. Шунга қарамай, ЖССТ маълумотларига кўра, авариялар ҳали ҳам 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда ва соҳада хавфсизликни таъминлаш чоралари изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон чегаралари Байрактар дронлари билан қўриқланади

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов Хавфсизлик кенгаши йиғилишида "Байрактар" учувчисиз учиш аппаратлари билан жиҳозланган янги махсус бўлинма жанговар навбатчиликни бошлаганини маълум қилди. Ҳозирда давлат чегараларининг 42 фоизи видеокузатув тизимлари билан қамраб олинган бўлиб, 1117 километр масофага оптик толали алоқа линиялари ётқизилган. Бу тизим чегарадаги вазиятни реал вақт режимида кузатиш ва хавфларни масофадан туриб эрта аниқлаш имконини бермоқда.

Чегара қўшинларининг моддий-техник таъминоти ҳам кескин яхшиланган: бўлинмалар қурол-яроғ билан 100%, автозирҳли техника билан 98% ва электрон-оптик воситалар билан 78% даражада таъминланган. Замонавий учувчисиз аппаратлар ва рақамли технологияларнинг жорий этилиши чегара назоратининг тезкорлиги ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқди. Эслатиб ўтамиз, Туркияда ишлаб чиқарилган ушбу дронлар аввалроқ Сурхондарёдаги полигонда муваффақиятли синовдан ўтказилган эди.

Элчи фақат сиёсатчимас: Президент ойлиги ошган элчиларга қатъий талаб қўйди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг иш ҳақи оширилгани маълум қилинди. Давлат раҳбари элчилар фақат сиёсатчи эмас, балки иқтисодий дипломатия драйвери бўлиши кераклигини қатъий таъкидлади. Эндиликда элчилар фаолияти фақат сиёсий мулоқот билан эмас, балки аниқ натижалар — жалб қилинган инвестициялар, янги экспорт бозорлари, туристлар оқими ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси (KPI) асосида баҳоланади.

Мамлакат тарихида илк бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошгани қайд этилиб, иқтисодий хавфсизлик давлат хавфсизлигининг асоси экани айтиб ўтилди. Президент элчилар олдига янги технологияларни олиб келиш, транспорт-логистика йўлакларини кенгайтириш ва қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратиш вазифасини қўйди. Бундан буён ҳар бир дипломатик ваколатхона инсон қадрини юксалтириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилувчи иқтисодий кўрсаткичлар учун бевосита масъул бўлади.

Ўзбекистонликлар учун АҚШ визалари олишда ўзгариш йўқ — ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов АҚШ визаларини расмийлаштириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдириб, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳеч қандай чеклов жорий этилмаганини маълум қилди. Унга кўра, виза ҳужжатлари одатдаги тартибда кўриб чиқилмоқда. Бу баёнот "The Guardian" нашри томонидан АҚШ 75 та давлат, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам виза беришни тўхтатгани ҳақидаги асоссиз хабарлардан сўнг эълон қилинди.

Teglar

Mavzuga oid