Ўзбекистон газ сотмаган январ, Яқин Шарқда қолиб кетган ватандошлар ва ташқи савдодаги асосий ҳамкор — 2-март дайжести

02.03.2026 | 23:304 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон газ сотмаган январ, Яқин Шарқда қолиб кетган ватандошлар ва ташқи савдодаги асосий ҳамкор — 2-март дайжести

Ўзбекистон ташқи савдоси 29 фоизга ўсди: манфий салдо 2,4 млрд доллардан ошди

2026 йил январ ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 5,8 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,2 фоизга ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, экспорт 1,7 млрд долларга (ўсиш — 26,7 фоиз), импорт эса 4,1 млрд долларга (ўсиш — 30,3 фоиз) етган ва натижада ташқи савдода 2,4 млрд доллар миқдорида манфий салдо қайд этилган. Ўзбекистон ҳозирда 145 дан ортиқ давлат билан савдо қилаётган бўлиб, асосий ҳамкорлар Хитой, Россия ва Қозоғистон ҳисобланади.

Экспорт таркибида саноат товарлари, мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари асосий улушни эгаллаган, хизматлар экспортида эса туризм ва транспорт етакчилик қилган. Импорт таркибида машиналар ва транспорт ускуналари, саноат товарлари ҳамда кимёвий моддалар устунлик қилмоқда. Мутахассислар импорт суръатларининг юқори бўлишини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологияларга талаб ошиши билан изоҳламоқда, шу билан бирга ташқи савдодаги манфий салдо инвестицион товарлар импорти ортиши билан боғланаётгани қайд этилган.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда газ меъёри муддати узайтирилди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида табиий газ учун иситиш мавсумида белгиланган ойига 500 метр кублик базавий меъёр 2026 йил 15 мартга қадар узайтирилди. Қарор Президент топшириғи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган бўлиб, бу «Ўзгидромет» прогнозига кўра март ойининг дастлабки 15 кунида ҳаво ҳарорати паст бўлиши кутилгани билан изоҳланди.

Амалдаги тартибга кўра, иситиш мавсумида аҳолига ойига 500 метр куб газ базавий тарифда етказиб берилади, ушбу ҳажмдан ортиқ истеъмол эса оширилган тариф бўйича ҳисобланади. Меъёр муддатининг узайтирилиши совуқ кунларда аҳолининг иситиш харажатларини барқарор сақлашга қаратилган бўлиб, Энергетика вазирлиги 1 мартдан газ нархи ошмаганини, фақат ижтимоий меъёрга оид тартибда ўзгаришлар киритилганини маълум қилган.

Ўзбекистон январда олтин сотмади, аксинча сотиб олди

2026 йил январ ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 5,8 млрд долларни ташкил этди: экспорт 1,7 млрд долларга, импорт эса 4,1 млрд долларга етди ва ташқи савдодаги манфий салдо 2,4 млрд долларгача кенгайди. Шу билан бирга, мамлакат сўнгги уч йилдаги каби йилнинг биринчи ойида олтин сотувини амалга оширмагани қайд этилди. 2023 йил январда 1,2 млрд долларлик олтин экспорт қилинган бўлса, кейинги йилларда бу амалиёт кузатилмаган.

Январ ойида аксинча 6,1 млн долларлик монетар бўлмаган олтин импорт қилинган. 2025 йилда эса Ўзбекистон 9,9 млрд долларлик рекорд ҳажмда олтин экспорт қилган ва олтин-валюта захиралари 66,3 млрд долларгача ошган, захираларда олтин улуши 80 фоиздан юқори бўлган. Шунингдек, олтин нархининг ўсиши шароитида НКМКнинг молиявий натижалари яхшилангани ва давлат бюджетига қўшаётган улуши ортиши кутилмоқда.

Уруш сабаб Саудияда қолган ўзбекларни тақдири қандай кечади?

Яқин Шарқдаги вазият кескинлашгани ва ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича вақтинчалик чекловлар жорий этилгани сабабли умра сафарлари вақтинча кечиктирилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва туроператорлар томонидан ташкил этилаётган сафарлар тўхтатилиб, 2 март кунига режалаштирилган Тошкент–Жидда рейси ҳам қолдирилди. Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга ушбу ҳудудга сафар уюштирмасликни, у ерда бўлиб турган ватандошларга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтиришни тавсия қилган.

Саудия Арабистонида қолган ўзбекистонликларни босқичма-босқич Ватанга қайтариш учун 2026 йил 2 мартдан бошлаб «Uzbekistan Airways» томонидан Жидда–Тошкент йўналишида репатриация рейслари йўлга қўйилади. Рейслар жадвали ва ташкилий масалалар бўйича қўшимча маълумот алоҳида эълон қилинади. Шунингдек, ҳаво ҳудуди ёпилиши сабаб бошқа давлатларда қолиб кетган фуқароларнинг вақтинча яшаш ва овқатланиш харажатлари қопланмоқда, аэропорт ва авиакомпаниялар эса турар жой ҳамда қайта брон қилиш ишларини ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон январда газ импортини 7 баробар оширди. Экспорт эса умуман бўлмади

2026 йил январ ойида Ўзбекистоннинг газ импорти 167,6 млн долларни ташкил қилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 7 баробарга ошди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил январда 27,8 млн долларлик газ импорт қилинган бўлса, 2026 йилда газ экспорти умуман амалга оширилмаган. Натижада мамлакат узоқ йиллардан кейин илк бор тўлиқ газ импорт қилувчи давлатга айланди.

Мутахассислар бу ҳолатни газ қазиб олиш ҳажмининг йилдан-йилга камайиши билан изоҳламоқда: 2017–2019 йилларда 56–60 млрд куб метр атрофида бўлган ишлаб чиқариш сўнгги йилларда 41–42 млрд куб метрга тушган. «Ўзбекистон–2030» стратегиясига кўра, келгуси йилларда газ қазиб олиш ҳажмини босқичма-босқич ошириш режалаштирилган бўлса-да, 2030 йилга келиб ҳам у 2019 йилдаги юқори даражага етмаслиги кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid