
Қимматлаётган поезд чипталари, товламачиликда айбланаётган журналистлар ва ҳашаматли тўйга солиқ — 16 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Taftish.uz сайти ходимлари тизимли товламачилик ва фирибгарликда айбланмоқда
Ички ишлар вазирлиги Taftish.uz сайтининг беш нафар ходими, жумладан гуруҳ раҳбари Ғайрат Абераевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тафсилотларини очиқлади. Терговда аниқланишича, гуруҳ аъзолари турли фуқаролар ва тадбиркорлар ҳақида салбий мазмунда видеоматериаллар тайёрлаб, интернет платформаларида тарқатган. Кейин эса ушбу видеоларни ўчириш ёки янада оғир материаллар чиқармаслик эвазига пул талаб қилинган. Айрим ҳолларда бир материал учун икки томонлама «даромад» олинган: аввал мурожаатни ёритиш учун, кейин эса ўша материални олиб ташлаш учун. Ҳозирда 27 нафар фуқаронинг мурожаати асосида фирибгарлик, товламачилик, туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатиш моддалари бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, «Elita Media» МЧЖ тасарруфида фаолият юритган Taftish.uz лойиҳаси вакиллари журналистик текширув ва жамоатчилик назорати ниқоби остида жиноий гуруҳ тузиб, тизимли равишда товламачилик ва фирибгарлик билан шуғулланган. Гуруҳга норасмий раҳбар сифатида 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев бошчилик қилган. У билан бирга мухбир сифатида ишлаган Азизжон Юлдашев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова ва Дилшод Нишонов жиноий фаолиятга жалб этилган.
Ўзбекистонда поезд чипталари нархи оширилмоқда
1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор маҳаллий йўловчи поездлари билетлари нархи яна оширилади. Хусусан, «Афросиёб» электропоезди ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари учун билетлар нархи ўртача 15 фоизга оширилади.
«Афросиёб» электропоездида айрим йўналишлар бўйича тарифлар қуйидагича белгиланди:
Тошкент — Бухоро
VIP — 1 138 000 сўм (ҳозир 875 минг сўм);
Бизнес — 760 000 сўм (661 минг сўм);
Эконом — 509 000 сўм (443 минг сўм).
Тошкент — Қарши
VIP — 976 000 сўм (751 минг сўм);
Бизнес — 642 000 сўм (558 минг сўм);
Эконом — 429 000 сўм (372 минг сўм).
Тошкент — Самарқанд
VIP — 709 000 сўм;
Бизнес — 455 000 сўм (396 минг сўм);
Эконом — 311 000 сўм (270 минг сўм).
Алишер Қодиров: «Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг»
Ўзбекистонда дабдабали тўйларни чеклаш мақсадида ҳашамат солиғини жорий этиш таклиф этилди. Бу ташаббус «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров томонидан 16 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди. Унинг таъкидлашича, тўй маросимларидаги ортиқча исроф жамият учун оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
«Тўйдан мақсад икки ёшнинг никоҳини жамоатчиликка эълон қилишми, эълон қилайлик. Буни тўртта одам билан ўтказасизми, бойлигингиз ошиб-тошиб кетган бўлса, ҳаммани чақириб, элга ош берасизми, марҳамат. Лекин чеклов томони солиқлар билан бўлиши лозим. Бизнинг таклифимиз бошидан шунақа бўлган: luxury tax, яъни ҳашамат солиғини жорий этиш. Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, унинг солиғини ҳам ҳашаматли қилиб тўланг. Масалан, 10 минг одамни чақириб тўй қилмоқчимисиз? Тўйда одам бошига қараб солиқ ҳисоблансин. 10 минг одамнинг солиғини тўлаб қўйинг-да, кейин шунча меҳмон билан тўй қилаверинг», — дейди у.
Педофилларга нисбатан жамоатчилик назоратидаги реестр жорий этиш таклиф қилинди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида 14 ёшли қизга нисбатан содир этилган гуруҳий жинсий зўравонлик ҳолати жамоатчиликда катта резонанс келтириб чиқарди. Мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар қамоққа олинган. Фарғона вилояти ИИБ тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда, Болалар омбудсмани ва масъул органлар вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда иш тафсилотларини махфий сақлаш чораларини кўрмоқда.
Ушбу фожиадан сўнг Олий Мажлис депутати Дилноза Азизова болаларга нисбатан жинсий жиноят содир этган шахслар учун жамоатчилик назоратидаги очиқ реестр яратиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, депутат мактаб ва маҳаллаларда мажбурий профилактика тизимини жорий этиш, жабрланган болаларга давлат ҳисобидан узлуксиз психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда бу турдаги жиноятлар учун жазо чораларини янада кескинлаштириш зарурлигини таъкидлади.
Энг кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилади
Президентнинг 2026 йил 15 январдаги қарори билан давлат бошқаруви тизимида китобхонликни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, 2026 йил 1 апрелга қадар барча вазирлик ва идораларда «Китоб бурчаклари» ташкил этилиб, ходимлар учун ҳар ойда махсус «Китоб ўқиш соати» жорий қилинади. Ҳар бир ташкилотда ички рейтинг юритилиб, энг кўп китоб ўқиган ходимга бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланди.
Шунингдек, қарор доирасида касбий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилиш ва ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга катта эътибор қаратилади. Масалан, республика бўйича энг кўп китоб ўқиган ТОП-100 нафар ўқувчи ва талабанинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари (тахминан 9,3 млн сўм) миқдорида мукофот пули тўланади. Мактабларда эса «Жадидлар изидан» клублари ташкил этилиб, ёшлар ўртасида мунтазам таҳлилий дебатлар ўтказиб борилади.





