add

Қуролланиш пойгаси: энг катта бюджетга эга бўлган армиялар

Bugun 12:404 daqiqa

Геосиёсий кескинлик кучайган шароитда дунё давлатлари хавфсизликни таъминлаш учун ҳарбий бюджетларни рекорд даражада оширмоқда. Бу эса глобал қуролланиш пойгасини янада тезлаштиряпти.

Қуролланиш пойгаси: энг катта бюджетга эга бўлган армиялар

Сўнгги йилларда жаҳон харитасида тинчлик масаласи яна энг заиф нуқтага айланди. Минтақавий урушлар, катта давлатлар ўртасидаги рақобат ва хавфсизликка бўлган ишончсизлик давлатларни армияга янада кўпроқ маблағ ажратишга мажбур қилмоқда. Бу эса давлатларга дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини сақлаб қолишга, шунингдек, бошқа давлатларга қайсидир маънода таъсир кўрсатишга ҳам имкон яратмоқда.

Халқаро таҳлилларга, жумладан Visual Capitalist инфографикаларига кўра, дунёдаги энг кучли армиялар айнан энг йирик ҳарбий бюджетга эга мамлакатлар ҳисобланади.

Бугунги кунда мутлақ етакчиликни АҚШ сақлаб турибди. сақлаб турибди. Мамлакат йиллик ҳарбий харажатлар учун 900 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлайди ва бу жаҳондаги умумий ҳарбий бюджетларнинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. АҚШ Қуролли Кучлари таркибида тахминан 1,4 миллион нафар сафдаги ҳарбий хизматчи ва 800 мингга яқин захира мавжуд. Америка армиясининг асосий жиҳати — ҳаво ва денгиздаги мутлақ устунлик. 11 та авианосец, стратегик авиация, F-22 ва F-35 каби замонавий жангчи самолётлар, ядровий тийиб туриш тизими, сунъий интеллект ва киберхавфсизликка асосланган инфратузилма АҚШни дунёдаги энг қудратли ҳарбий кучга айлантирган. Унинг ҳарбий базалари сайёранинг деярли барча стратегик ҳудудларида жойлашган. НАТО умумий ҳарбий харажатларининг деярли учдан икки қисми ҳам айнан АҚШ ҳисобига тўғри келади.

Иккинчи ўринда Хитой туради. Пекин сўнгги йилларда ҳарбий бюджетини изчил ошириб, уни 300 миллиард доллар атрофига етказди. Хитой Халқ озодлик армияси дунёдаги энг кўп сонли ҳарбий тузилма бўлиб, тахминан 2 миллион нафар сафдаги ва 1,2 миллион захирачига эга. Асосий эътибор ҳарбий-денгиз флотини кучайтиришга қаратилган: кемалар сони бўйича Хитой дунёда етакчи ҳисобланади. Шу билан бирга, гипертовушли ракеталар, ҳаво мудофаа тизимлари ва ракета қўшинлари жадал ривожланмоқда. Бу омил Осиё–Тинч океани минтақасида кучлар мувозанатига сезиларли таъсир кўрсатяпти.

Учинчи йирик ҳарбий бюджет эгаси — Россия. Украинадаги уруш фонида Москва мудофаа харажатларини кескин ошириб, йиллик бюджетини 100 миллиард доллардан юқори даражага чиқарди. Россия армияси таркибида 1,1 миллионга яқин сафдаги ҳарбий хизматчи ва 2 миллион атрофида захира мавжуд. Асосий устунлик — дунёдаги энг йирик ядровий арсенал, катта зирҳли техника парки, кучли артиллерия ва сув ости флоти. Россия ҳарбий стратегияси, асосан, қуруқлик қўшинлари ва ракета кучларига таяниб, глобал тийиб туриш тизимида муҳим ўрин тутади.

Тўртинчи ўринда Ҳиндистон жойлашган. Мамлакат йилига тахминан 75 миллиард доллар ҳарбий бюджет ажратади. Ҳинд армияси 1,45 миллион сафдаги ва 1,15 миллион захирачига эга бўлиб, дунёдаги энг йирик қўшинлардан бири ҳисобланади. Улкан инсон ресурси, ядровий салоҳият ва миллий ҳарбий-саноат комплекси Ҳиндистонни Жанубий Осиёдаги асосий ҳарбий кучга айлантирган. Мамлакат босқичма-босқич модернизация орқали ўз ҳарбий таъсирини кенгайтирмоқда.

Жанубий Корея ҳарбий бюджет ҳажми жиҳатидан кейинги ўринларда бўлса-да, жанговар тайёргарлик даражаси билан ажралиб туради. Йиллик 50 миллиард доллар атрофидаги бюджет, 500 минг сафдаги ва 3 миллионга яқин захира армиясига таянади. Ривожланган мудофаа саноати, замонавий ракета ва авиация тизимлари уни Осиёдаги энг самарали армиялардан бирига айлантирган.

Европада Буюк Британия ва Франция етакчи ҳисобланади. Британия 55 миллиард доллар атрофида маблағ сарфлаб, экспедицион операцияларга мўлжалланган армияни сақлайди. Франция эса 53–57 миллиард долларлик бюджет, мустақил ядровий қудрат ва хорижда ҳарбий амалиётлар ўтказиш қобилияти билан ажралиб туради. Япония 60 миллиард долларлик бюджетни, асосан, флот ва ҳаво мудофаасига йўналтириб, юқори технологияли армияни шакллантирган. Туркия ва Италия эса минтақавий хавфсизликда муҳим роль ўйнаб, миллий ҳарбий-саноат салоҳиятини изчил ривожлантирмоқда.


Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳарбий харажатлар бўйича етакчиликни Ўзбекистон сақлаб турибди. Global Firepower'нинг 2025 йилги ҳисоботига кўра, мамлакатнинг мудофаа бюджети 2,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич Ўзбекистонни минтақада энг кўп ҳарбий маблағ ажратаётган давлат сифатида илгари сурмоқда.

Рейтингда иккинчи ўринни Қозоғистон эгаллаган бўлиб, мамлакат ҳарбий эҳтиёжлар учун тахминан 2 миллиард доллар йўналтирган. Учинчи ўринда эса Туркманистон қайд этилган — Ашхобод мудофаа соҳасига 1,1 миллиард доллар ажратган. Қирғизистон ва Тожикистон эса минтақада энг паст ҳарбий харажатларга эга давлатлар сифатида қайд этилган: Қирғизистон 221,8 миллион доллар, Тожикистон эса 446 миллион доллар сарфлаган.

Умуман олганда, дунёда энг кўп ҳарбий бюджет ажратаётган армиялар жонли куч сонидан кўра кўпроқ технология, логистика, разведка ва стратегик имкониятларга таянаётгани билан ажралиб турибди. Бугун ҳарбий қудрат — бу фақат танк ёки самолёт эмас, балки иқтисодий барқарорлик, инновация ва узоқ муддатли стратегиянинг йиғиндисидир. Шу боис, энг катта бюджет — кўп ҳолларда энг кучли таъсир дегани ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid