Россиянинг ташқи савдоси: иқтисодиёт СССР даражасига тушди
2025 йил якунларига кўра, Россия иқтисодиётида ташқи савдонинг улуши сўнгги 30 йилда энг паст даражага тушиб, СССР парчаланишидан олдинги кўрсаткичларга яқинлашди.

Россия иқтисодиёти ташқи дунё билан алоқаларни тез суръатда йўқотмоқда. «Росстат» маълумотларига кўра, 2025 йил якунида ташқи савдонинг ЯИМдаги улуши сўнгги ўттиз йилда энг паст даражага тушди. Экспорт улуши 22,2 фоиздан 17,8 фоизга қисқариб, мутлақ антирекордни қайд этди. Импорт улуши эса 17,8 фоиздан 15,2 фоизга тушиб, 2022 йилдаги энг ёмон кўрсаткичга деярли тенглашди.
«Финам» иқтисодчиси Олга Беленкаянинг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар Россия иқтисодиётининг ташқи бозорлар билан алоқаси кескин сусайганини англатади. Унинг сўзларига кўра, санкциялар, импорт чекловлари ва давлатнинг импорт ўрнини босиш сиёсати иқтисодий изоляцияни чуқурлаштирмоқда.
СССР даври билан қиёс
Янги рақамлар тарихий қиёсда ҳам жиддий сигнал ҳисобланади. Украина урушидан олдинги йилларда Россия ЯИМида экспорт улуши 25–30 фоиз атрофида бўлган, 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида эса 40 фоиздан ошган. 2010-йиллар давомида импорт улуши барқарор равишда 20 фоизга яқин сақланиб келган.
Ҳозирги кўрсаткичлар эса совет иттифоқининг сўнгги йилларига мос келмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 1990 йилда СССР ЯИМида экспорт улуши 18,2 фоизни, 1991 йилда 13,3 фоизни ташкил этган. Импорт улуши эса мос равишда 17,9 ва 13 фоиз бўлган. Беленкаяга кўра, Россия иқтисодиёти ҳозир жаҳон бозоридан урушгача бўлган даврга нисбатан анча узоқлашган.
Изоляция кучаймоқда
Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2025 йилда экспорт даромадлари 4 фоизга камайиб, пандемиядан бери энг паст — 418,3 млрд долларга тушди. Хомашё экспорти 15 фоизга қисқариб, 225 млрд долларни ташкил қилди. Нохомашё ва энергияга тааллуқлик бўлмаган экспорт 150 млрд доллар бўлиб, урушгача бўлган даражадан чоракка кам. Импорт эса 3 фоизга қисқариб, 278 млрд долларга тушди.
Европа билан савдо, илгари Кремлнинг энг йирик иқтисодий йўналиши бўлган бўлса, ҳозир 1990-йиллар даражасига тушиб кетди: экспорт 57,4 млрд доллар, импорт 72,3 млрд доллар. Бу шароитда Кремл импорт ўрнини босиш бўйича улкан режаларни илгари сурмоқда. 2030 йилгача кемаларнинг 60 фоизи, станокларнинг деярли 100 фоизи, саноат ва банклар учун дастурий таъминотнинг 80 фоизи маҳаллий бўлиши режалаштирилган.
Бироқ «Carnegie Russia Eurasia Center» тадқиқотчиси Александра Прокопенко бу режаларни реал эмас, «сиёсий фантазия» деб баҳолайди. Унинг фикрича, ички ишлаб чиқариш импорт ўрнини тўлиқ босиш имконига эга эмас.





