
«Ширин қилиб кўрсатилган аччиқ таблетка»: Нега украиналиклар хавфсизлик кафолатларига ишонмаяпти?
Парижда 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари йиғилиб, Украина учун «мустаҳкам» хавфсизлик кафолатларини эълон қилишди. Режага кўра, АҚШ назорат ўрнатади, Франция ва Британия эса қўшин жойлаштиради. Бироқ, украиналикларга бу ҳужжатлар шунчаки навбатдаги қуруқ ваъдадек туюлмоқда.

Январ ойи бошида 30 дан ортиқ Ғарб давлатлари раҳбарлари Парижда тўпланиб, Россия билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган тақдирда кучга кирадиган Украина хавфсизлиги кафолатларининг янги тизимини ишлаб чиқишди.
«Хоҳловчилар коалицияси» деб аталган ушбу гуруҳ ният декларацияларини эълон қилди. Унда АҚШ бошчилигидаги ўт очишни тўхтатиш режимини назорат қилиш механизмини яратиш ҳамда келажакдаги тажовузларнинг олдини олиш ва Украинани ҳимоя қилиш мақсадида Франция ва Буюк Британия бошчилигидаги кўп миллатли кучларни минтақага жойлаштириш режалари ўрин олган.
Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу кафолатларни «мустаҳкам» деб атади. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер эса келишув имзоланган тақдирда, Лондон ва Париж бутун Украина бўйлаб ҳарбий марказлар ташкил этишини ҳамда мамлакат мудофаа эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун қурол-яроғ ва ҳарбий техника сақланадиган ҳимояланган объектлар қуришини билдирди.
Бошқалар эса масалага эҳтиёткорона муносабатда бўлишди. Германия канцлери Фридрих Мерц немис қўшинлари ўт очишни тўхтатишни назорат қилиш ташаббусига қўшилиши мумкинлигини, бироқ улар қўшни давлатлардан бирида жойлашишини айтди.
Литвага ташрифи чоғида Украина президенти Володимир Зеленский ҳукумат хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишувни АҚШ Конгресси ва Украина парламентига ратификация қилиш учун юборишга «юз фоиз тайёр» эканини маълум қилди.
«Биз учун хавфсизлик кафолатлари, авваламбор, Қўшма Штатлар томонидан бериладиган кафолатлардир. Ҳужжат юз фоиз тайёр, биз фақат ҳамкорларимиз уни имзолаш санаси ва жойини тасдиқлашини кутяпмиз», — деди Зеленский Вилнюсдаги матбуот анжуманида.
Бироқ ҳужжат ҳали очиқланмаган, унинг амалиётда қандай татбиқ этилиши билан боғлиқ тафсилотлар эса ҳамон очиқ қолмоқда.
«Агар бу ҳеч қандай реал амалий воситаларга эга бўлмаган, шунчаки қуруқ истаклардан иборат навбатдаги ҳужжат бўлса, яхшиси бу ҳақда гап очмаган маъқул», — деди Украинанинг собиқ инфратузилма вазири Владимир Омелян Al-Jazeera наширига.
Кўпгина украиналиклар ҳам ҳозирги, ҳам урушдан кейинги келажакдаги хавфсизликларига шубҳа билан қарашмоқда.
«Очиғини айтсам, хавфсизлик кафолатлари ҳақида эшитганимда менда шубҳа уйғонади. Агар улар Украина мустақиллигини маблағ, сиёсий қўллов, ҳарбий таъминот ва технологиялар билан таъминлаш мажбуриятини олса, ана ўшандагина ҳаммаси жиддий бўлади», — дейди Омелян.
Омеляннинг фикрича, бундай кафолатларсиз Россия ўз тажовузини давом эттириш мақсадида ўт очишни тўхтатиш тартиби бузилганини иддао қилиши мумкин.
Киевдаги Украина хавфсизлиги ва ҳамкорлиги маркази таҳлил маркази раҳбари ўринбосари Олеся Горяинова учун ҳар қандай келишувнинг бузилиши масаласи ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, Украина фақатгина иттифоқчиларнинг ўз кафолатларини бажаришига таяниб қоладиган вазиятга тушиб қолмаслиги керак.
«Жангларда армиялар ғолиб бўлади, урушларда эса логистика», — деди у ва Россия ҳозирда қурол-яроғни «оммавий равишда» тўплаётганини маълум қилди.
Унинг қўшимча қилишича, фақат Украинанинг ҳарбий ва иқтисодий устунлиги ёки камида Россия билан тенглиги ҳар қандай сулҳ барқарорлигининг кафолати бўлиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, бунга эришиш учун Украина қурол-яроғ етказиб берилишини кутиши ва ҳамкорларидан мудофаа секторига инвестициялар жалб қилиши лозим. «2025 йилда Украина мудофаа саноатининг қуввати 35 миллиард еврони (42 миллиард доллар) ташкил этди, бироқ маблағ етишмаслиги сабабли у бор-йўғи 50 фоиз қувват билан ишлади. 2026 йилда етарли инвестициялар киритилса, бу салоҳият икки баравар ошиши мумкин», — дея таъкидлади Горяинова.
Киевдаги Мудофаа стратегиялари маркази раҳбари Александр Харанинг айтишича, мустақил мудофаа саноати Украинани АҚШнинг кетма-кет маъмуриятлари, жумладан, президент Жо Байден ва амалдаги президент Доналд Трамп томонидан қўйилган «чекловлар»дан халос этади.
Хара бу кафолатларни Трамп маъмуриятининг ҳудудий ён босишларни «аччиқ таблеткани ширин қилиб кўрсатиш»га уриниши деб ҳисоблайди.
Жавоб чоралари
Париж саммитидан сўнг, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф «қатъий» хавфсизлик протоколлари Украинага қарши кейинги ҳужумларнинг олдини олишга қаратилганини билдирди.
Бироқ украиналик таҳлилчилар Киев ҳамкорларида шошилиш ҳисси етишмаётганини, бу эса иттифоқчилар қанчалик тез сафарбар бўла олиши борасида саволлар туғдираётганини таъкидламоқда.
Жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этиш тажрибасига эга Омеляннинг айтишича, келишув бузилган тақдирда, жавоб чоралари ҳафталар ёки ойлар талаб қилиши мумкин, Украина армиясида эса бундай ортиқча вақт йўқ.
«Агар қоидабузарлик юз берса, ҳақиқат шуки, Украина армияси биринчи кунданоқ Россияга қарши жанг қилишига тўғри келади. Агар бунга қодир бўлсак, мудофаа чизиғини сақлаб қоламиз, қарши зарба берамиз ва Украина мустақиллигини асраб қоламиз. Агар халқ ва армия сифатида бунга қодир бўлмасак, мағлубиятга учраймиз», — дейди у.
Кафолатлар қоғозда ҳар доим чиройли кўринади
Эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш бўйича юқори даражадаги дипломатик музокаралар давом этаётган бир пайтда, Al-Jazeera нашри суҳбатлашган украиналиклар уларни сиёсий жараёнлардан кўра кўпроқ кундалик муаммолар — масалан, Россиянинг инфратузилмага тинимсиз ҳужумлари фонида уйларини иссиқ сақлаш кўпроқ ташвишлантираётганини айтган.
Абу-Дабида Украина, Россия, АҚШ ва БАА расмийлари учрашаётган бир маҳалда, Россия Киев томон 100 дан ортиқ дрон ва ракеталар учирди. Бу одамларни қоронғуликда метро бекатларидан паноҳ излашга мажбур қилди.
Деярли тўрт йилдан бери давом этаётган урушдан сўнг, кўпчилик бу каби дипломатик янгиликларни кундалик равишда кузатиб бормаётганини билдирган.
«Бу кафолатлар қоғозда ҳар доим чиройли кўринади, лекин шунча йиллик урушдан кейин булар шунчаки қуруқ гапдек туюлмоқда», — дейди Лвовлик Назар Хомин.





