Трамп: Хоманаий ўлди

01.03.2026 | 04:462 daqiqa

Эрон расмийлари Хоманаийнинг ўлими ҳақидаги ОАВ хабарларини рад этаётган бир пайтда, Трамп оятуллоҳ АҚШ зарбасида ҳалок бўлганини эълон қилди.

Трамп: Хоманаий ўлди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилганини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.

«Тарихдаги энг ёвуз инсонлардан бири бўлган Хоманаий ўлди. Бу нафақат Эрон халқи учун, балки барча буюк америкаликлар ҳамда дунёнинг кўплаб мамлакатларида Хоманаий ва унинг қонхўр босқинчи тўдаси томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган инсонлар учун ҳам адолат тантанасидир», деб ёзи АҚШ президенти.

Трамп Эрон олий раҳбари АҚШ разведкаси ва ўта юқори технологияли кузатув тизимларидан қочиб қутула олмаганини билдирган.

«Исроил билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган ишлардан сўнг, на унинг ва на у билан бирга ўлдирилган бошқа раҳбарларнинг қўлидан бирор нарса келмади.

Бу Эрон халқи учун ўз мамлакатини қайтариб олиш учун ягона ва энг буюк имкониятдир», дейди Трамп.

АҚШ етакчисининг иддао қилишича, кўплаб Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзолари, ҳарбийлар ҳамда бошқа хавфсизлик ва полиция кучлари энди жанг қилишни хоҳламаяпти ва АҚШдан дахлсизлик сўрамоқда.

Олдинроқ «Reuters» агентлиги ҳам исми сир қолишини истаган Исроил расмийсига таяниб, Али Хоманаий Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг унинг қароргоҳига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Ҳокимиятни топшириш режаси

Эрон Олий раҳнамосининг ўлими Эрон ичидаги ва минтақадаги кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши кутилмоқда. Хоманаий нафақат диний раҳнамо, балки мамлакатдаги барча стратегик қарорлар, жумладан ядровий дастур ва ташқи сиёсатнинг асосий меъмори эди. Унинг йўқ қилиниши Ислом Республикаси мавжудлиги давридаги энг катта сиёсий ва ҳарбий йўқотиш бўлади.

Ўтган йилги Исроил зарбаларидан сўнг Хоманаий ўзи вафот этган тақдирда ҳокимиятни топширишнинг махсус тизимини белгилаб қўйган эди. «NYT» нашрининг ёзишича, у шахсан ўзи тайинлайдиган ҳар бир ҳарбий ва давлат лавозими учун тўрт босқичли ворислик режасини ишлаб чиққан. Бу тизим тўсатдан юзага келган бошқарув вакуумини тўлдириш ва режим барқарорлигини сақлаб қолишга қаратилган эди. Бошқа юқори лавозимли раҳбарларга ҳам ўзларига тўрттагача ворис топиш вазифаси топширилган.

Ушбу режадаги энг муҳим фигура Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг собиқ қўмондони Али Ларижоний ҳисобланади. У Хоманаийнинг энг яқин ва ишончли одамларидан бири сифатида кўрилади. Маълумотларга кўра, Ларижоний аллақачон мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган ва амалдаги президент Масъуд Пизишкиённи иккинчи планга суриб қўйган.

Оятуллоҳ Али Хоманаий 1989 йилдан буён Эрон Олий раҳнамоси лавозимини эгаллаб келаётган эди. Унинг бошқаруви даврида Эрон Ғарб билан доимий қарама-қаршиликда бўлди ва ядровий салоҳиятини оширишга интилди. Исроил билан ўн йилликлар давом этган «совуқ уруш» энди очиқ ва ҳалокатли тўқнашув босқичига ўтди.

Teglar

Mavzuga oid