
Трампнинг Мирзиёевга таклифи, экологик хавфли корхоналардан тозаланган пойтахт ва спирт ўрнига лосон — 19 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Трамп Мирзиёевни ҳам Ғазо бўйича Тинчлик кенгашига таклиф қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари Президенти Доналд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этиш бўйича халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушди.
Мактубда қайд этилишича, ушбу ташаббус 2025 йил 29-сентабрда эълон қилинган ва жаҳон етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрдаги 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони тугатиш бўйича комплекс режага асосланади. Ўзбекистон Республикасига Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилди.
Давлат раҳбари америкалик ҳамкасбига жавоб мактубини йўллаб, унда Ўзбекистон Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирди.
«E-qaror» тизимида «яширилган» қарорларни Аксилкоррупция агентлиги назорат қилади
Президент фармони билан «E-qaror» тизимида қабул қилинаётган ҳужжатларнинг очиқлигини назорат қилиш ваколати Коррупцияга қарши курашиш агентлигига берилди. Эндиликда ҳужжатларни асоссиз равишда эълон қилмаслик қонунбузарлик деб ҳисобланади ва мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишига асос бўлади. Агентлик тизимдаги барча ҳужжатлар билан, жумладан, «яширилган» мақомидаги қарорлар билан ҳам тўсиқсиз танишиш ва доимий мониторинг юритиш ҳуқуқига эга бўлди.
Бу чора бежиз кўрилмади: маълумотларга кўра, сўнгги икки йил ичида маҳаллий ҳокимликлар «яширилган» қарорлар орқали жами 7,4 триллион сўм маблағ ажратган. 2024–2025 йилларда қабул қилинган ҳужжатларнинг нақ 37 фоизи жамоатчиликдан яширилган бўлиб, уларнинг қарийб 2 мингтаси бевосита маблағ сарфланиши билан боғлиқ. Янги тартиб давлат бюджети маблағларининг тақсимланишида шаффофликни таъминлаш ва асоссиз «яширин» қарорлар амалиётига чек қўйишни мақсад қилган.
Қарши нефт базаси раҳбари ишдан олинди
«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қарши нефть базаси фаолиятини қониқарсиз деб баҳолаб, корхона директорини лавозимидан озод этди. Текширувлар натижасида корхона 2025 йилни молиявий зарар билан якунлагани, харажатлар оптималлаштирилмагани ва ички назорат тизими издан чиққани аниқланган. Шунингдек, нефть маҳсулотлари зичлигини нотўғри қўллаш орқали истеъмолчилар манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари ҳам раҳбариятнинг алмашишига асосий сабаб бўлган.
Бу «Ўзбекнефтгаз» тизимидаги ягона ҳолат эмас — аввалроқ Термиз, Жиззах, Мароқанд ва Кучлик нефть базалари раҳбарлари ҳам жиддий камчиликлар учун ишдан олинган эди.
Дорихоналарда спирт ўрнига лосон таклиф этилгани аниқланди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган «Сирли мижоз» тадбири давомида дорихоналарнинг 25 фоизида тиббий спирт сўралганда унинг ўрнига косметик лосон таклиф этилаётгани аниқланди. Маълум бўлишича, айрим ишлаб чиқарувчилар тиббий спирт учун лицензия олмасдан, спиртга ўхшаш лосонлар ишлаб чиқаришга ўтган ва истеъмолчиларга бу ҳақда етарли маълумот бермаган. Бу ҳолат «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига зид бўлиб, харидорларни қасддан чалғитиш сифатида баҳоланмоқда.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, лосон косметик маҳсулот бўлиб, уни тиббий мақсадларда — инъекция олдидан зарарсизлантириш ёки асбобларни стерилизация қилишда қўллаш кутилган натижани бермайди ва соғлиқ учун хавфли бўлиши мумкин. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли маълумотлар юборилди. Эндиликда бундай ноҳалол амалиётга йўл қўйган дорихона ва ишлаб чиқарувчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши кутилмоқда.
Тошкентдаги 87 экологик хавфли корхона шаҳар ташқарисига кўчирилади
«Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида Тошкент шаҳридаги атроф-муҳитга салбий таъсири юқори бўлган 87 та саноат корхонаси босқичма-босқич шаҳар ташқарисига олиб чиқилади. Рўйхатга асбест, цемент, металлургия ва паррандачилик каби йирик энергия истеъмол қилувчи тармоқлар киритилган. Хусусан, «Ўзвторсветмет» АЖ фаолияти аллақачон тўхтатилиб, Жиззах вилоятига кўчирилмоқда. Ушбу корхонага экологик зарар учун 18 миллиард сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланган бўлиб, кўчиш жараёнида эски эритиш печлари тўлиқ замонавий ва хавфсиз ускуналарга алмаштирилади.
Ушбу ислоҳот натижасида пойтахт ҳавосига йилига чиқариладиган 226,7 тонна зарарли моддаларнинг олди олинади, айниқса, Янгиҳаёт туманида экологик вазият сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда. Кўчириладиган корхоналар учун янги саноат зоналарида барча зарур инфратузилма яратилади ва уларнинг фаолияти халқаро экологик стандартлар асосида модернизация қилинади. Бу чоралар нафақат Тошкент, балки Нукус ва бошқа вилоят марказларида ҳам босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган.





