add

Дорихоналарда спирт ўрнига лосон таклиф этилгани аниқланди

Бугун 10:382 дақиқа

«Сирли мижоз» тадбири давомида 20 дан ортиқ дорихона текширилиб, 25 фоизида тиббий спирт ўрнига лосон берилгани маълум бўлди.

Дорихоналарда спирт ўрнига лосон таклиф этилгани аниқланди

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган «Сирли мижоз» тадбири доирасида дорихоналарда тиббий спирт маҳсулотларининг сотилиши ҳолати ўрганилди. Текширув фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида ташкил этилди ва унда спирт сўралганда лосон таклиф этилаётгани ҳақидаги шикоятлар текширилди.

Ўрганишлар давомида 20 дан ортиқ дорихона қамраб олинди. Натижаларга кўра, тахминан ҳар тўртинчи дорихонада, яъни 25 фоиз ҳолатда спирт сўралганда унинг ўрнига лосон берилгани маълум бўлди. Бу эса истеъмолчиларни чалғитиш ва нотўғри маълумот тақдим этиш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатади.

Қўмита маълумотига кўра, дори воситаларини ишлаб чиқариш ва тарқатишда GDP сертификатлари жорий этилган, сифат назорати кучайтирилган бир пайтда айрим ишлаб чиқарувчилар спирт учун лицензия олмаган. Натижада улар тиббий спирт ўрнига лосон ишлаб чиқаришга ўтган ва бу ҳақда истеъмолчиларга етарлича ахборот берилмаган.

Маълумки, 70 фоизли тиббий спирт соғлиқни сақлаш соҳасида муҳим аҳамиятга эга. У инъекция олдидан терига ишлов бериш, тиббий асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, яраларни даволаш ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади. Лосон эса косметик маҳсулот бўлиб, таркибида спирт миқдори паст ва у тиббий мақсадлар учун мўлжалланмаган.

Мутахассислар спирт ўрнига лосон қўллаш кутилган натижани бермаслиги, айрим ҳолатларда эса истеъмолчилар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу боис, бундай амалиётлар қонунчилик талабларига зид ҳисобланади.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига тегишли хат юборилди. Қўмита дорихоналарни истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли маълумот тақдим этиш қонунчилик талаб эканини яна бир бор эслатди.

Теглар

Мавзуга оид