
1 декабрдан ўзбекистонликлар ҳаётида қандай муҳим ўзгаришлар юз беради?
Декабр ойидан бошлаб Ўзбекистонда никоҳ, ёнилғи, экология, сейсмик хавфсизлик, тадбиркорлик ва нотариал соҳаларда янги тартиблар жорий этилади.
Никоҳни расмийлаштиришда тиббий маълумотнома кўрсатиш талаби бекор қилинмоқда
Президентнинг бюрократик тартибларни қисқартиришни назарда тутувчи фармонига мувофиқ, 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали никоҳ тузилгани ва никоҳдан ажратилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувларини шакллантиришда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинади:
— никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахсларнинг саломатлиги тўғрисида тиббий маълумотнома тақдим қилиш;
— никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда, тегишли далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органларига суд қарорини тақдим этиш.
Ўзбекистонда 1 декабрдан бошлаб AI-80 бензини сотуви тўхтатилади
2025 йил 1 декабрдан Ўзбекистонда АИ-80 маркали бензин сотилишининг олдини олинади. Аҳолини сифатли ва экологик тоза ёнилғи билан таъминлаган ҳолда Аи-80 бензинини АЁҚШларда сотишни олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади. Бунга масъул этиб Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Экология қўмитаси тайинланган.
Экология бўйича маълумотлар очиқ бўлади
Ўзбекистон Орхус конвенциясига қўшилганлиги муносабати билан 2025 йил 1 декабрдан бошлаб атроф-муҳит мониторингига оид очиқ маълумотлар базаси жамоатчиликка тақдим этилади. Бу базада дарахт экиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, қонун бузилиш ҳолатлари ва бошқа муҳим экологик маълумотлар жойлаштирилади.
Маълумот учун, май ойида Шавкат Мирзиёев томонидан «2030 йилгача аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси» тасдиқланганди.
Унга кўра, ҳужжатда мактабгача таълим ташкилотларида 3,3 млн нафар тарбияланувчи, умумий ўрта таълимда эса 4,2 млн ўқувчига экологик тарбия бериш асосий мақсад қилиб белгиланган.
Онлайн сейсмологик платформа ишга тушади
Президентнинг октябрдаги фармони билан сейсмик хавфсизликни таъминлаш ва сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 декабрдан йилдан бошлаб ягона тизим асосида сейсмологик онлайн платформа рақамлаштириш билан ишга туширилади:
— минтақавий акселерограммалар эҳтимолий зилзилалар базаси;
— илмий таҳлил асосида республика ҳудудларини сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
— микрорайонлаштириш хариталари туман ва шаҳар марказлари макросейсмик баллар ва энг юқори тезланишларда;
— республикадаги мавжуд хариталар фаол тектоник узилмалар.
Тадбиркорларга қўшимча кафолат ва кафилликлар тақдим этилади
Президентнинг сентябрдаги фармони билан, 2026-2027 йилларда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш орқали 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан компания томонидан қуйидаги шартларда қўшимча равишда кафолат ёки кафиллик тақдим этилади:
— йирик тадбиркорларга 10 млрд сўмгача, бироқ кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
— ўрта ва йирик тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва “яшил” иқтисодиёт йўналишидаги йирик лойиҳаларига уларнинг айланмасидан келиб чиқиб, 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган миқдорда;
— аввал кафилликдан ижобий фойдаланган ва яхши кредит тарихига эга бўлган тадбиркорларга амалда белгиланган кафиллик миқдорини 1,5 бараваргача оширган ҳолда;
Шунингдек, келгуси йил бошидан олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда рўйхатдан ўтган кичик ва ўрта тадбиркорларга ажратилган кредитларнинг мос равишда 1,5 млрд сўмгача ва 5 млрд сўмгача бўлган қисмини Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкасигача қайта молиялаштириш орқали компенсация тақдим этилиши назарда тутилган.
Нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари аслини нотариусга тақдим этиш талаб қилинмайди
«Нотариат институтини янада ривожлантириш ва соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори билан нотариал хизматлар кўрсатишда бир қатор талаблар бекор қилинди.
Хусусан, 2025 йил 1 декабрдан республикада нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари нусхасини «Нотариус» ахборот тизимига мажбурий юклаш тартиби жорий этилади ҳамда уларнинг аслини нотариусга тақдим этиш талаб қилинмайди. Бунда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар электрон қурилмаларда сақланади ҳамда уларни Тизимда тўғридан-тўғри нотариал ҳаракатга бириктириш ва сақлаш имконияти яратилади.
ННТлар электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширади
2025 йил 1 декабрдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларига «Рақамли ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади. Шунингдек, 2026 йил 1 декабрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги «Рақамли ҳукумат» тизимининг OASIS (Ўзбекистон ахборот системаларининг интеграцион сервиси) ягона рақамли платформасини ишлаб чиқиши керак. У қуйидаги имкониятларга эга бўлади:
- давлат ахборот тизимларини яратиш ва ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш;
- модулларга асосланган технологиялар ёрдамида ахборот тизимларини яратиш жараёнларини мақбуллаштириш;
- давлат ахборот тизимларининг мослашувчанлиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини ошириш.
Зилзила кучини кўрсатадиган акселерограммадан фойдаланилади
2025 йил 1 декабрдан лойиҳалаш жараёнида ҳудудларнинг зилзила кучини кўрсатадиган акселерограмма базалари қўлланилади. Шунингдек, бир хил лойиҳа сериясига бир марта тўлов асосида хулоса берилади, шу турдаги қолган лойиҳалар учун алоҳида тўлов олинмайди.
Теглар






