
1 февралдан ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ортиқ бўлган транспортлардан фойдаланиш тақиқланади
Шунингдек, «антиквар» автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади.

«Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори (11-сон, 20.01.2026 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот тизими «Маъмурий амалиёт» модули масъул вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларига интеграция қилинади.
Шу жумладан, 2026 йил 1 февралдан:
— умумий вазни (юки билан) 44 тоннадан ортиқ юк автомобиллари, конлар, шахта ва карьерларда қўлланиладиган махсус транспортлар, юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар, шунингдек, «антиквар» автомототранспортлар учун алоҳида серияли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари жорий этилади;
— ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспортлардан фойдаланиш, уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади ҳамда улар давлат рўйхатидан чиқарилади.
Қарорга мувофиқ, автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада мулкдорнинг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади.
Шунингдек, автомототранспортни давлат рўйхатидан ўтказишда қуйидаги:
— автомототранспорт олди-сотди шартномаси;
— «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш» АЖ томонидан берилган аукцион баённомалари;
— давлат улуши мавжуд корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспортларга бериладиган электрон ҳисоб-маълумотлар;
— автомототранспорт воситаси мулкдорининг маълумотлари тўғрисидаги ҳужжатларни ваколатли органлардан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олиш йўлга қўйилади.





