6 млрдни «емаган» Тошкент ҳокими
Бу йил қишда «свет» ва газ муаммоси бўлмайдими? «Бўзсув» канали атрофидаги дарахтлар кесилмайдими? Тошкентдаги экологик муаммолар ҳал қилиняптими? Дренаж тизимига ажратилган 6 млрдни ҳеч ким «емаганми?» Ушбу саволларга Учтепа туманини кўздан кечирган Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов жавоб берди.

Шаҳар ҳокимининг 3-июн куни бўлиб ўтган «Ахборот, ҳисобот, мулоқот» тарзидаги учрашувининг илк манзили Учтепа туманидаги 3-сон болалар клиник шифохонаси бўлди. Бу ерда асосий урғу туман тиббиёти ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш режаларига қаратилди.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида соҳадаги муаммоларни камайтириш мақсадида тиббиёт муассасалари учун 56 турдаги 81 та замонавий ускуна харид қилинган.
Тиббиётдан ташқари, тумандаги ижтимоий объектларни кенгайтириш доирасида 1-сон спорт мактаби лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа модернизациясидан кейин спорт турлари сони амалдаги 13 тадан 32 тага етказилган. Киберспорт ихлосмандлари учун алоҳида майдон ташкил этилади.
Қурилишлардаги чанг-тўзон муаммоси: Тошкентда янги қатъий тартиб жорий этилмоқда
Учрашувларнинг навбатдаги манзили туман ҳудудидаги қурилиш майдони бўлди. Пойтахтдаги тинимсиз қурилишлар ва улардан чиқаётган чанг-тўзон аҳоли ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётгани сир эмас. Шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ушбу масалага тўхталар экан, мавжуд экологик инқироз ва қурилишдаги камчиликлар нафақат бир туман, балки бутун бошли Тошкент шаҳарининг тизимли муаммоси эканини айтди.
Ҳокимлик эндиликда вазият ёмонлашиб бўлганидан кейин эмас, балки муаммонинг олдини олиш устида ишлаш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда, шаҳар ҳокимининг пойтахтдаги барча қурилиш объектларида экология нормаларига риоя қилиш ва кўчалар ифлосланишининг олдини олиш бўйича тегишли қарори қабул қилинди.
«Бу, албатта, ўз ўрнида қурувчиларнинг эътирозларини келтириб чиқариши мумкин. Лекин қурувчининг эътирозидан кўра, аҳолининг манфаати мен учун муҳимроқ», – деди Шавкат Умрзоқов.
Тақдим этилган янги лойиҳа талабларига кўра, эндиликда ҳар бир қурилиш майдончасида қуйидаги тартиблар мажбурий этиб белгиланмоқда:
• Ҳар бир қурилиш объекти атрофида махсус сув пуркагичлар ишлайди;
• Аҳоли ҳаракати учун хавфсиз ва вақтинчалик пиёдалар йўлаклари барпо этилади;
• Чанг ва лой кўчага чиқиб кетмаслиги учун объектдан чиқаётган барча техникаларнинг ғилдираклари ювилади;
• Жараённи узлуксиз назорат қилиш учун майдонларга кузатув камералари ўрнатилиб, улар тўғридан-тўғри Назорат инспекцияси тизимига уланади.
Маълум қилинишича, ушбу янги нормаларни жорий қилиш учун Тошкент шаҳридаги 1 700 га яқин қурилиш объектига қисқа муддат берилди. Белгиланган вақт ичида мажбуриятларни бажармаган ва экологик талабларни бузган компанияларга нисбатан тегишли тартибда йирик миқдорда жарималар қўлланиши айтилди.
Муҳокамалардан сўнг, кейинги учрашувга шошиб йўлга чиқмоқчи бўлган ҳокимни VAQT.UZ журналисти йўл-йўлакай саволга тутди.
Аввало, журналист қурилиш объектлари учун жорий этилаётган янги талаблар барча компанияларга бирдек татбиқ этиладими ёки айрим йирик қурувчилар бундан четда қолмайдими, деган саволни ўртага ташлади. Шавкат Умурзоқовнинг айтишича, мазкур талаблар шаҳардаги 1700 та қурилиш объектининг барчасига тегишли бўлади. Янги қоидаларга амал қилмаган жойларда эса қурилиш ишларини давом эттиришга рухсат берилмайди.
Шундан сўнг суҳбат Тошкентдаги дренаж тизими масаласига кўчди. Журналист Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил октябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида пойтахт дренаж тизимини танқид қилганини, ортидан ёмғир сувлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан 6 миллиард сўм ажратилганини эслатди.
Бироқ жорий йил 3 май куни Чорсу метро бекати атрофида кузатилган сув тошқини мазкур йўналишдаги ишлар ҳақида янги саволларни пайдо қилди. VAQT.UZ журналисти шаҳар ҳокимидан ажратилган маблағлар ва амалга оширилган ишлар бўйича фикрини сўради.
Чорсудаги ҳолатнинг сабаби
«Чорсуда сув тошганининг сабаби, у ерда давлатнинг айби бор, қарамаган. Мана ундан кейин яна ёмғир ёғди, нега сув тошмади? Нима деб ўйлайсиз? Чунки ариқни очиб қўйдик. Ариқ очиқ эди, ундан олдин ёмғир ёғганда тошмаган. Ариқни ёпиб қўйишди-да. Ариқни ёпиб қўйгандан кейин сув тошди. Яна очиб қўйдик, яна сув тизими ишлаб кетди», – деди шаҳар ҳокими.
Шавкат Умурзоқов Тошкент шаҳри сув тизимини бошқарадиган марказ ташкил қилиш бўйича президентга таклиф киритганини айтди. Шунингдек, ҳоким яқинда шу масалада Хитойга бориб, 400 миллион долларга инвестиция жалб қилиш бўйича келишиб келганини қўшимча қилди.
Маблағ тақсимланиши
VAQT.UZ журналисти бундан 2 йил олдин ҳоким қарори билан ажратилган 6 миллиард сўм маблағнинг тақсимланиш жараёнига ҳам қизиқди ва ҳокимдан ушбу маблағнинг бошқа чўнтакларга ўтиб кетиш ҳолати учраган ёки йўқлигини сўради. Умурзоқовнинг жавоби эса қуйидагича бўлди:
«Ҳозир тан олайлик, ёмғир ёғганда сув кўп жойда тошаётган эди. Ҳозир кескин қисқарган. Ҳозир мана бу охирги тошганининг сабаби, мен энди ёмғир кўп ёғиб кетди демайман. Мен ҳар битта танқидни танқидий қараб туриб, қилган ишим нима бўлди, биласизми? Ўша ерда мавжуд, ҳар доим ишлаб турган, сувни тортиб оладиган моторлар бор. Шунинг қувватини икки баробарга оширдим. Олдин етаётган эди. Совет, эски мотор тизими эди. Мен алиштирмаган эдим, чунки комплекс, ҳозир айтган 400 миллион доллар доирасида қилардик бу нарсани. Ҳозир майли, уни кутмадик-да, чуқурлашган жойларни аниқладик шаҳар бўйича. Ҳаммасини икки баробарга шу сувни тортиб олиш қувватини оширишга маблағ ажратиб, ҳозир уни алиштириб ташлаймиз. Худо хоҳласа, мана кейинги туманга чиқаришимизга мен илтимос қилардим, мана ҳозир мутасадди, мен ходимларимнинг ҳаммасини кўрсатиб, эга-кесими билан ҳеч ким еб кетмаётганлигини кўрсатиб бераман».
Бўзсув канали атрофида янги экологик маскан: Дарахтлар кесилмаслигига ваъда берилди
Ҳокимнинг навбатдаги манзили Бўзсув канали бўлди. Бу ерда пойтахтликлар учун табиий муҳитни сақлаб қолган ҳолда йирик экологик лойиҳа амалга оширилиши маълум қилинди. Лойиҳани тақдим этган мутасаддиларнинг таъкидлашича, қурилиш давомида ҳудуддаги ёввойи табиат ва табиий рельефга мутлақо зарар етказилмайди.
Пойтахтда экологик муаммолар долзарб бўлиб турган бир вақтда, аҳолини энг кўп қийнайдиган масала лойиҳа баҳонасида яшил ҳудудларнинг йўқ қилиниши ҳисобланади. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ушбу ҳудудда битта ҳам дарахт кесилмаслигига шахсан ваъда берди. Янги лойиҳа концепцияси ўз ичига қуйидаги инфратузилмаларни олади:
· Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун пиёдалар ва велосипед йўлаклари, болалар ҳамда спорт зоналари барпо этилади;
· Ҳудудда хавфсизлик панжаралари ва замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилади;
· Янги қуриладиган пиёдалар кўприги ҳудуддаги 5 та маҳаллани ўзаро боғлайди;
· Ҳаваскорлар учун балиқ овлашга мўлжалланган махсус жойлар ажратилади.
Лойиҳа доирасидаги қурилиш ишларига айнан учрашув вақтида старт берилди.
Энергетика ва қишга тайёргарлик: Тармоқлар юкламани кўтара оладими?
Шавкат Умрзоқов ва унинг жамоаси иштирокидаги учрашувларнинг тўртинчи манзили нафақат учтепаликлар, балки бутун пойтахт аҳли учун энг оғриқли мавзулардан бири энергетика ва қишга тайёргарлик масаласига қаратилди. Расмийлар туманинг “Ширин” маҳалласида жойлашган 5-сонли иссиқлик марказида йиғилиб, келгусидаги режаларни очиқлади ва амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди.
Аҳоли ўртасида жорий йилда нархи ошган газ ва электр энергияси тизимида чекловлар бўлмаслиги, қишда уйлар иссиқ бўлиши борасида саволлар ва хавотирлар ҳамон долзарб бўлиб турибди. Тан олиш керак, Тошкент шаҳрининг иссиқлик тизимидаги муаммолар жиддий, мавжуд тармоқлар эса анча эскирган. Пойтахт раҳбарияти бу йил вазият тубдан ўзгаришини ва инфратузилма ҳар қандай юкламани кўтара оладиган даражага олиб чиқилаётгани айтилди.
Тизимдаги йўқотишларни камайтириш ва эскирган инфратузилмани янгилаш бўйича қуйидаги рақамлар келтириб ўтилди: иссиқлик тизимида қарийб 100 километр қувур, 23 та қозон ва 13 та насос станцияси янгиланди. Электр таъминоти қуввати эса 800 мегаватга чиқарилмоқда. Юклама сабабли трансформаторларнинг ёниб кетиш муаммосига чек қўйиш учун жорий йилда 54 мингта шит алмаштирилади. Хуллас, Тошкентда газ, «свет» ва сув бўйича муаммо бўлмаслигини айтилди.
«Ахборот, ҳисобот, мулоқот» учрашувларнинг якуний манзили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети бўлди. Бу ерда Учтепа тумани маҳалла фаоллари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Янги иш ўринлари бўйича қилинган ишлар ҳисоботи тақдим этилди. Бўлиб ўтган учрашувларда қилинган ва қилинадиган ишлар ҳақида кўп гаплар гапирилди, ваъдалар берилди. Умид қиламизки, айтилган гаплар қоғозда қолмай, амалда ҳам ўз тасдиғини топади, ваъдалар ҳам бажарилади.





