Logo

«Aksa Enerji» Тошкент, Сирдарё ва Жиззах электр тармоқларини бошқарувга олади

Бугун 18:092 дақиқа

Компания шартномаларни бир ҳафта ичида имзолашни режалаштирмоқда.

«Aksa Enerji» Тошкент, Сирдарё ва Жиззах электр тармоқларини бошқарувга олади

Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги электр тармоқлари бошқаруви Туркиянинг «Aksa Enerji» компаниясига берилади. Ушбу учта ҳудуддаги лойиҳалар бўйича келишувлар бир ҳафта ичида имзоланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 16-октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев ва компания директорлар кенгаши раиси Жамил Казанчи ўртасидаги учрашув ва музокаралардан сўнг маълум қилинди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтган қабулда компания билан Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантириш ва технологик модернизация қилиш лойиҳаларида иштирок этиш масалалари кўриб чиқилган. Томонлар аниқ лойиҳалар бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олган.

«Aksa Enerji» раҳбари Жамил Казанчининг Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, ширкат электр энергиясини тақсимлаш тармоқларига сармоя киритиш орқали йўқотишларни камайтириш, таннархни пасайтириш ва энергиядан фойдаланиш самарадорлигини оширишни мақсад қилган.

«Бизга аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган лойиҳалар тақдим этилди. Энди уларни тез фурсатда ўрганиб, ўз таклифларимизни билдирамиз. Ушбу ташрифимиз аниқ келишувлар билан якунланишини истаймиз», — деди Жамил Казанчи.

Самарқанддаги тажриба ва 30 йиллик бошқарув шартлари

Ушбу келишувлар компаниянинг Самарқанд вилоятида бошлаган электр тармоқларини хусусий бошқариш борасидаги фаолиятини бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтиришини англатади.

Аввалроқ, Халқаро молия корпорацияси иштирокида ўтказилган тендер якунларига кўра, Самарқанд электр тармоқлари айнан мазкур Туркия компанияси бошқарувига берилгани эълон қилинган эди.

Шартномага мувофиқ, «Aksa Enerji» электр тармоқларини давлат-хусусий шериклик модели асосида 30 йил давомида бошқаради. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, хусусий ҳамкор лойиҳа амалга оширилишининг дастлабки 10 йилида камида 350 миллион доллар, шунингдек, тармоқлар бошқарувга берилганидан кейинги дастлабки икки йил ичида йўқотишларни камайтириш мақсадида камида 27 миллион доллар сармоя киритиши керак. Компания ўз ҳисоботларида тармоқларни модернизация қилиш учун умумий ҳисобда 1 миллиард доллар инвестиция киритишни режалаштираётганини кўрсатган.

Бунда электр тармоқлари давлат мулки бўлиб қолади. Активлар хусусий ҳамкорга мулк қилиб берилмайди ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқи ҳам инвесторга топширилмайди.

Маълумот ўрнида, «Aksa Enerji» ҳозиргача Ўзбекистонга 750 миллион доллар инвестиция киритиб, тўртта электр станциясини қурди ва бундан буён электр ҳамда газ тақсимоти йўналишларида фаолиятини давом эттиришни мақсад қилган. 2025-йилги Тошкент халқаро инвестиция форумида давлат раҳбари томонидан 2026-йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027-йилда эса Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқаруви инвесторларга таклиф этилиши режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид