add

Антибиотиклар электрон рецепт орқали бериляпти — ССВ

Бугун 09:292 дақиқа

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган антибиотиклар 2026 йил 15 январдан электрон рецепт асосида берилади деган хабарларга аниқлик киритди.

Антибиотиклар электрон рецепт орқали бериляпти — ССВ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 2025 йил 15 декабрда «Электрон рецепт» тизимини жорий этишнинг кейинги босқичма-босқич тартибини белгилашга доир буйруқ қабул қилинган. Ушбу ҳужжат тиббиёт ташкилотларида рецепт асосида бериладиган дори воситаларини электрон форматда тайинлаш механизмларини белгилаб берган.

Қайд этилишича, электрон рецепт тизимини жорий этиш бир вақтнинг ўзида эмас, балки босқичма-босқич амалга оширилиши назарда тутилган. Дастлабки босқичда айрим тоифадаги дори воситалари электрон рецепт орқали тайинланиши ва дорихоналарда айнан шу тартиб асосида берилиши белгиланган.

Жумладан, антибиотиклар, тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари ҳамда тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситалари электрон рецепт асосида расмийлаштирилади. Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда ушбу дори воситалари амалда айнан электрон рецепт орқали истеъмолчиларга тақдим этилмоқда.

Шунингдек, вазирлик расмийлаштирган мазкур буйруқ Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 15 декабрда давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум қилинди. Рўйхат рақами 3725 бўлган ҳужжат 2026 йил 15 январдан эмас, балки 2025 йил 16 декабрдан бошлаб кучга киргани алоҳида таъкидланди.

Шу тариқа, Соғлиқни сақлаш вазирлиги антибиотиклар бўйича электрон рецепт тизими аллақачон амал қилаётганини, ижтимоий тармоқларда тарқалган саналар эса нотўғри талқин қилинганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дори воситаларининг қоғоз шаклдаги рецептини расмийлаштиришга 2026 йил 1 мартгача рухсат берилган. Бу Соғлиқни сақлаш вазирининг 16 декабрдан кучга кирган «Электрон рецепт» тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғида назарда тутилган.

Теглар

Мавзуга оид