
Apple патентни бузгани учун 634 млн доллар жарима тўлайди
Apple Watch’даги технология учун АҚШ суди қарори билан Apple компанияси Masimoʼга 634 млн доллар тўлашга мажбур бўлди. Аммо икки томон ўртасидаги кураш ҳали тугагани йўқ.

Калифорниядаги федерал ҳакамлар ҳайъати Apple’ни Masimo компаниясининг қондаги кислород даражасини ўлчаш технологияси бўйича патентини бузган, деб топди. Бу қарорга кўра, Apple’нинг Watch қурилмасидаги машқ режими ва юрак уриши сигналлари ушбу патентни бузган.
Apple томонидан берилган баёнотда Masimo маҳсулот сотмайдиган тиббий компания сифатида таърифланиб, суд қарори «ҳақиқатга зид» деб баҳоланди. Apple апелляцияга мурожаат қилишини маълум қилди. Унинг сўзловчиси Masimo сўнгги 6 йил ичида 25 дан ортиқ патент билан судга мурожаат қилганини, уларнинг аксарияти ҳақиқий эмаслигига ишора қилди. Унга кўра, мазкур иш бўйича тилга олинган ягона патент 2022 йилда ўз кучини йўқотган.
Masimo эса мазкур қарорни компаниянинг инновация ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим ютуғи деб атади. Уларнинг айтишича, бу технологиялар беморлар манфаатини кўзлаб яратилган ва ҳимоя қилиниши шарт.
Бу аввалги тортишувлар фонидаги навбатдаги жиддий қадамдир. 2023 йилда АҚШнинг Халқаро савдо комиссияси Masimoʼнинг даъвосини қондиради ва Apple Watch’ларнинг кислород ўлчаш функциясига эга моделларини импорт қилишни тақиқлайди. Series 9 ва Ultra 2 моделлари шундан сўнг бозорда йўққа чиқади.
Apple жорий йилнинг август ойида кислород даражасини Apple Watch эмас, балки унга уланган iPhone орқали ўлчовчи янги версияни тақдим этган эди. Бироқ бу усул ҳам Masimoʼни тўхтатмади: улар энди Apple Watch’нинг янги версиясини тасдиқлагани учун АҚШ Божхона хизмати устидан судга мурожаат қилди.
Айни пайтда Apple ҳам Masimo устидан даъво қўзғатган. Ҳакамлар ҳайъати Masimo Apple’нинг дизайн патентларини бузган деб топиб, Apple’га минимал 250 долларлик қонуний тўлов ютиб берди.





