add

Банклар капиталининг минимал даражаси 70 фоиз этиб белгиланди

30.10.2025 | 09:393151

Ўзбекистонда банклар капиталининг монандлиги бўйича янги талаблар жорий этилди. Энди янги ташкил этилган банклар устав капитали миқдорининг камида 70 фоизини I даражали капитал сифатида шакллантириши шарт.

Банклар капиталининг минимал даражаси 70 фоиз этиб белгиланди

Адлия вазирлиги «Банклар капиталининг монандлигига қўйиладиган талаблар тўғрисида»ги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2025 йил 28 октябрда 3697-сон билан рўйхатга олинган бўлиб, у банклар ва микромолия банклари учун янги капитал талабларини белгилайди.

Низомга кўра, фаолиятини бошлаганига уч йилдан ошмаган банклар I даражали капитал миқдорини банк устав капитали энг кам миқдорининг камида 70 фоиз даражасида сақлаши лозим. Бу талаб банклар барқарорлигини таъминлаш ва молиявий хатарларни камайтиришга қаратилган.

I даражали асосий капитал таркибига қўшилган капитал, яъни акциялар номинал қийматидан юқори тўланган маблағлар, тақсимланмаган фойда ҳамда ўтган йиллар ва жорий йил зарарлари киради.

Шунингдек, низомда кредит таваккалчилиги тушунчасига аниқлик киритилган. У банк активлари ва балансдан ташқари ҳисобварақлар ҳамда ҳосилавий инструментлар бўйича ҳисобланади. Кредит таваккалчилиги давлат кафолатига эга активлар, давлат қимматли қоғозлари, олтин қуймалари ёки депозитлар билан таъминланганда камайтирилиши мумкин.

Янги тартиб банк тизимининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, таваккалчиликларни бошқариш тизимини яхшилаш ва банкларнинг ликвидлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, энди Ўзбекистонда нафақа пулларидан кредит қарздорлигини ундириш тақиқланди. Банклар давлат томонидан тўланадиган ижтимоий нафақа ва ёрдам пулларини кредит қарздорлигини сўндириш учун ечиб олиши мумкин эмас.

Теглар

Мавзуга оид

Банклар капиталининг минимал даражаси 70 фоиз этиб белгиланди | Vaqt.uz