Банкларда микроқарзлар фоизи рекорд даражада пасайди

Бугун 12:552 дақиқа

Микроқарзлар бўйича ўртача ставка 28,8 фоизга тушди. Бу кўрсаткич Марказий банк микроқарз ва автокредитларнинг ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошлаганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди.

Банкларда микроқарзлар фоизи рекорд даражада пасайди

Марказий банк 2026-йил март ойининг охирги ҳафтаси бўйича тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилаётган микрокредит ва автокредитлар фоиз ставкалари бўйича янгиланган маълумотларни эълон қилди. Янги ҳафтада микрокредитлар бўйича ўртача ставка 28,8 фоизни ташкил этган бўлса, автокредитлар бўйича ўртача ставка 22,7 фоиз даражасида қайд этилди.

Микрокредитлар бўйича бу ҳафтадаги кўрсаткич Марказий банк микрокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилишни бошланганидан бери кузатилган энг паст даража бўлди. Охирги марта энг паст даража 2026-йил 23-февраль ҳолатига кўра, 29,3 фоиз даражасида қайд этилганди.

Микрокредитлар

Микрокредитлар сегментида энг паст ставка 21,3 фоиз билан «Aloqabank»да сақланиб қолди. Ундан кейин «Infinbank» 24,4 фоиз ва «Trastbank» 24,7 фоиз билан нисбатан мақбул таклифлар бермоқда. Шу билан бирга, «Milliy bank» ҳам 24,7 фоиз ставка билан шу тоифада қолмоқда.

1

Ўрта сегментда ставкалар 25–27 фоиз оралиғида шаклланган. Жумладан, «BRB» 25 фоиз, «OFB» 26,3 фоиз, «Ziraat bank» 26,4 фоиз ва «Asakabank» ҳамда «Mikrokreditbank» 26,9 фоиздан кредит ажратмоқда. «Kapitalbank» ва «SQB»да ҳам ставкалар 27 фоиз атрофида сақланмоқда.

Юқори сегментда эса фарқ сезиларли. «TBC bank»да 35,9 фоиз, «AVO bank»да 39,9 фоиз, «Anorbank»да 41,7 фоиз ва «Tenge bank»да 42,5 фоизлик ставкалар қайд этилди. Бу сегментда юқори фоизлар сақланиб қолмоқда.

Автокредитлар

Автокредитлар бозорида энг паст ставка 16,7 фоиз билан «Infinbank»да кузатилди. Шунингдек, «Ipoteka bank» 16,8 фоиз, «Apex bank» 17,8 фоиз ва «Davr bank» 18,8 фоиз ставка билан рақобатбардош таклифлар бермоқда.

av

Ўрта сегментда ставкалар 23–24 фоиз оралиғида шаклланган. Хусусан, «SQB» 23,7 фоиз, «Asia Alliance Bank» 23,8 фоиз ва «Ipak yo‘li Bank» 23,9 фоиз ставка билан кредит тақдим этмоқда. «Askabank» ва «Agrobank»да бу кўрсаткич 24–25 фоиз атрофида.

Юқори сегментда эса ставкалар 25 фоиздан юқори. «Turonbank» 25,1 фоиз, «Trastbank» 25,7 фоиз, «Mikrokreditbank» 25,5 фоиз ва «Madad Invest Bank» 27,9 фоиз ставка билан автокредит ажратмоқда.

Теглар

Мавзуга оид