add

Бензин, метан, никоҳ узуги: октябрда нималар қимматлашди?

Марказий банк октябр ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларида кузатилган йиллик ўзгаришларни таҳлил қилди. Унга кўра, қиш олдидан ёқилғи нархлари қимматлашган бўлса, ошхона жиҳозлари ва айрим мосламалар арзонлашгани қайд этилган.

Бензин, метан, никоҳ узуги: октябрда нималар қимматлашди?

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил октябрь ойида ноозиқ-овқат маҳсулотлари бозорида нарх ўзгаришлари нисбатан барқарор бўлиб, таҳлил қилинган 250 турдаги товарларнинг 97 фоизида йиллик ўсиш 10 фоиздан ошмаган.

Жумладан, пропан нархи 18 фоизга арзонлашган, аммо сентябрда у 7 фоизга ошган эди. Шунингдек, A4 қоғоз нархи икки ойдан буён кетма-кет пасаймоқда — сентябр ойида 3,7 фоизга арзонлашган бўлса, октябрда яна 3,9 фоизга тушган. Йирик ошхона жиҳозлари 3,5 фоизга, кондитсионерлар 1,3 фоизга, овқат тайёрлаш учун мосламалар 1 фоизга ҳамда телевизорлар 0,3 фоизга арзонлашган.

Шу билан бирга, айрим товарлар нархининг сезиларли ошиши қайд этилган. Хусусан, никоҳ узуклари 33,4 фоизга қимматлашган. Қизиғи, сентябр ойида ҳам жаҳон бозорида олтин нархининг кетма-кет ўсиши фонида никоҳ узуклари нархлари худди шундай даражада ошган эди.

Қиш олдидан метан 30,5 фоизга, бензин эса 11,7 фоизга қимматлашган. Аввалроқ Vaqt.uz инфляцион кутилмаларини таҳлил қилганда ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг энг кучли хавотирлари ёқилғи ва энергия нархлари ошишидан эканлиги маълум қилинган эди.

Шунингдек, газеталар ва журналлар 15,3 фоизга, дезодорантлар 10,3 фоизга (сентябрда +10,5 фоиз), табиий гуллар 9,8 фоизга ҳамда сигаретлар 9,6 фоизга қимматлашган. Дерaза ойнаси нархи ҳам 8,7 фоизга ошгани қайд этилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, умумий ҳисобда 250 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотининг 243 тасида, яъни 97 фоизида нархлар йиллик кесимда 10 фоиздан кам ўсган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябр ойида нархлари қимматлашган 22 та озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ҳам эълон қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Бензин, метан, никоҳ узуги: октябрда нималар қимматлашди? | Vaqt.uz