
Бир кунда фақат битта банкдан онлайн кредит олиш мумкин
Фуқаролар бир суткада биргина кредит ташкилоти орқали онлайн кредит расмийлаштира олади.

Ўзбекистонда онлайн кредитлаш амалиётида янги чеклов жорий этилди. Эндиликда жисмоний шахс бир календар кун ичида фақат битта банк ёки кредит ташкилотидан онлайн кредит олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу тартиб ортиқча қарздорлик ва молиявий хавфларни камайтиришга қаратилган.
Низомга мувофиқ, онлайн кредит олиш учун ариза берилганда, кредит ташкилоти аввало фойдаланувчи маълумотларини Кредит битимини тузиш тақиқланган шахслар реестри орқали текширади. Агар фуқаро ҳақидаги маълумотлар ушбу реестрда мавжуд бўлмаса, кредит бериш жараёни давом эттирилади.
Бир вақтнинг ўзида бир нечта ариза юборилса қайси бири тасдиқланади?
Янги қоидаларга кўра, агар бир ЖШШИР бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта кредит ташкилоти томонидан сўров юборилса, Кредит бюроси фақат биринчи бўлиб келиб тушган сўровга жавоб қайтаради. Бу орқали параллел равишда бир нечта онлайн кредит олиш имконияти чекланади.
Биринчи бўлиб сўров юборган кредит ташкилоти мазкур ЖШШИР бўйича онлайн кредит расмийлаштирилганини тасдиқласа, кредит бюролари бошқа кредит ташкилотларига 24 соат давомида ушбу шахс бўйича янги сўровлар қабул қилинмаслиги ҳақида ахборот юборади.
Мутахассислар фикрича, ушбу механизм молия бозорида шаффофликни ошириш, аҳолининг қарз юкини назорат қилиш ва истеъмолчиларни ҳаддан ортиқ мажбуриятлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади. Шу билан бирга, банклар учун ҳам мижозларни баҳолашда ягона ва аниқ тартиб шаклланади.
Эслатиб ўтамиз, онлайн кредит фирибгарлиги қурбонлари жабрланувчи деб топилса, улардан қарз ва фоизларни ундириш бекор қилинади.





