Logo

Бировнинг ҳисобига яшаш: Европа Иттифоқи мамлакатлари қандай қилиб рекорд даражада қарзга ботди?

Бугун 18:555 дақиқа

Европа Иттифоқига аъзо 27 та давлатнинг умумий давлат қарзи рекорд даражага — 15,7 триллион еврога етди. Германия, Франция ва Италияда тарихий максимум қайд этилди. Шунга қарамай, европаликлар дабдабали ҳаёт кечиришда давом этмоқда.

Бировнинг ҳисобига яшаш: Европа Иттифоқи мамлакатлари қандай қилиб рекорд даражада қарзга ботди? © ausnews.de

«Евростат» маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Европа Иттифоқининг умумий давлат қарзи 327,3 миллиард еврога ошиб, 15,705 триллион еврога етди. Таъкидлаш жоизки, бу статистика юритила бошлаган 1994 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Энг катта давлат қарзи Францияда қайд этилди. Мамлакат қарзи 75,6 миллиард еврога кўпайиб, ҳозирда 3,5 триллион евродан ошган. Эътиборлиси, Париж айнан Эммануэл Макрон бошқаруви даврида энг кўп қарзга ботди. Унинг тўққиз йиллик президентлиги мобайнида мамлакатнинг молиявий мажбуриятлари 1,3 триллион еврога кўпайган.

Рўйхатнинг иккинчи ўрнидан Италия жой олди. Унинг давлат қарзи 62 миллиард еврога кўпайиб, 3,1 триллион еврога етди ва тарихий рекордни янгилади. Италиянинг қарздорлик даражаси ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 138,9 фоизини ташкил қилмоқда. Бу борада аҳвол фақат Грециядагина ёмонроқ — у ерда қарз миқдори ЯИМнинг 143,5 фоизига тенг.

Етакчи қарздорлар учлигини Германия якунлаб беради. Биринчи чоракда бу мамлакатнинг қарзи 64 миллиард еврога ошиб, 2,9 триллион еврога етган. Маълумот ўрнида, Германия, Италия ва Франция Европа Иттифоқи умумий қарзининг асосий қисмини шакллантиради. Айнан ушбу давлатлардаги динамика минтақанинг умумий статистикасига энг катта таъсир кўрсатади.

Шунга қарамай, бошқа Европа давлатлари ҳам қарздорлик бўйича тарихий рекордларни янгиламоқда. Масалан, Испаниянинг мажбуриятлари 1,74 триллион еврога, Белгияники 706,5 миллиард еврога, Австрияники эса 431,4 миллиард еврога етди. Бу маълумотлар шуни кўрсатадики, ҳатто нисбатан барқарор иқтисодиётга эга давлатлар ҳам қарз юкини аста-секин ошириб бормоқда.

Шарқий Европа мамлакатлари ҳам улардан қолишмаяпти. Хусусан, Руминияда давлат қарзи 229,4 миллиард еврогача ошган бўлса, Венгрияда бу кўрсаткич 179 миллиард евродан ортиқни ташкил этмоқда.

Европа Иттифоқининг нисбатан кичик иқтисодиётлари ҳам қарз гирдобига тобора кўпроқ тортилмоқда. Хусусан, Словакияда 86,8 миллиард, Хорватияда 55,2 миллиард, Литвада эса 36,26 миллиард евролик мажбурият мавжуд. Люксембургнинг давлат қарзи қарийб 26,5 миллиард еврогача ўсган бўлса, Латвияда бу кўрсаткич 20 миллиард евродан ошади.

Ушбу рақамлар мазкур салбий тенденция истисносиз бутун Европа Иттифоқини қамраб олганидан далолат беради.

Брюссел бу муаммони англаб етганига ҳам бир неча йил бўлди. Ҳатто 2022 йилда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «юқори давлат қарзи деган янги воқеликни тан олишга» чақирган эди.

Ўшандан бери вазият фақат ёмонлашди. Эндиликда харажатларни кескин қисқартиришдан бошқа чора қолмаяпти. Масалан, Франция 2029 йилга бориб бюджет камомадини камайтириши шарт. Бироқ бу борада ҳам Европа Иттифоқи маълум истисноларни қолдирган. Давлатларга бюджет чекловларини четлаб ўтиб, ҳарбий харажатларни оширишга рухсат берилди. Масалан, ўтган йили Германияда «қарз тормози» деб аталувчи чеклов юмшатилди. Эндиликда мудофаа соҳасига белгиланган давлат қарзи чегарасидан ташқари ҳам маблағ ажратиш мумкин. Германия расмийларининг режалари эса жуда улкан. Биргина 2027 йилда мамлакат Мудофаа вазирлигининг бюджети 109,7 миллиард еврогача оширилади (таққослаш учун: ҳозирда бу кўрсаткич 82 миллиард еврони ташкил этмоқда).

Аслида, Европа Иттифоқида қарзларнинг қор уюмидек катталашиб кетишига бир қатор фундаментал омиллар сабаб бўлди. Ҳаммаси коронавирус пандемиясидан бошланган эди. Ўшанда бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа расмийлари иқтисодиётга мисли кўрилмаган миқдорда маблағ киритди. Натижада биргина 2020 йилнинг ўзида Европа Иттифоқининг умумий давлат қарзи ЯИМнинг 77,5 фоизидан 90,7 фоизигача кўтарилиб кетди.

Пандемия даври ортда қолди деганда, энергетика инқирози бошланиб кетди. Россия газини етказиб бериш ҳажми кескин қисқарди, бунинг ортидан энергия ресурслари нархи осмонга сапчиди. Оқибатда давлатлар яна харажатларни кўпайтиришга мажбур бўлди. Брюссел инқирозга қарши субсидиялар учун 2022 йилда 187 миллиард евро, 2023 йилда эса яна 145 миллиард евро ажратди.

Арзон энергия ресурсларидан маҳрум бўлиш Европа Иттифоқи мамлакатларига қаттиқ зарба берди. Бу ҳолат айниқса автосаноати чинакам инқирозни бошдан кечираётган Германия учун ўта оғир кечди. «Mercedes-Benz», «Volkswagen», «BMW» каби гигант компаниялар ишлаб чиқариш кўламини қисқартиришга, ишчилар ва автомобил моделлари сонини камайтиришга, шунингдек, заводларини ишчи кучи арзонроқ мамлакатларга кўчиришга мажбур бўлмоқда.

Яқин Шарқдаги можаролар ҳам энергия ресурслари нархининг ошиб кетишига сабаб бўлди. Нефт ва газнинг биржадаги котировкалари яна юқорилади.

Шунингдек, Европа Иттифоқи иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш доирасида ҳарбий харажатларни янада оширишни режалаштирмоқда. Хусусан, «ReArm Europe» режасига кўра, мудофаа эҳтиёжлари учун 800 миллиард евро йўналтириш кўзда тутилган. Бу маблағнинг асосий қисмини ЕИ мамлакатларининг ўзи топиши керак. Бу ерда эса янги қарзларсиз иш битмайди.

Украинани молиялаштириш — Европа Иттифоқининг яна бир салмоқли харажат йўналиши ҳисобланади. Масалан, биргина Германия тўрт йил ичида Киевга қарийб 55,5 миллиард евролик ҳарбий ёрдам тақдим этди ёки шу мақсад учун маблағ захира қилди. НАТОнинг июл ойидаги саммитида эса иттифоқчилар бу йил Украинага 70 миллиард евролик ҳарбий ёрдам ва ускуналар ажратиш мажбуриятини олди. Келаси йилда ҳам камида шу даражадаги молиявий кўмакни давом эттириш режалаштирилмоқда.

Муқаррар оқибатдан қочиб қутулиб бўлмайдими?

Агар мазкур тенденция сақланиб қолса, Европа Иттифоқи янада чуқурроқ қарз ботқоғига ботиш хавфи остида қолади. Бюджет камомади сурункали тус олган мамлакатлар энг заиф нуқтада турибди. Бу ўринда гап, биринчи навбатда, Франция ҳақида бормоқда.

Қарз фоизларини тўлашга қанча кўп маблағ кетса, мудофаа, инфратузилма ва ижтимоий дастурлар учун шунча кам пул қолади. Оқибатда иқтисодиёт секинлашади ва қарз динамикаси янада ёмонлашади. Ҳукуматнинг молиявий манёвр қилиш имкониятлари тобора торайиб боради, бу эса, ўз навбатида, сиёсий кескинликни кучайтиради.

Экспертларнинг огоҳлантиришича, хавф ҳудудида Франциядан ташқари Италия, Белгия, Испания ва Австрия ҳам бор. Вақт ўтгани сайин вазият фақат ёмонлашмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Франция — бу ягона ҳолат эмас, балки инқирознинг энг яққол намунасидир.

Масалан, Япония ЯИМнинг қарийб 205 фоизига тенг қарз билан яшамоқда. АҚШда бу кўрсаткич аллақачон 126 фоиз атрофида. Хитойда эса, агар маҳаллий ҳукуматлар ва давлат компанияларининг мажбуриятлари ҳам ҳисобга олинса, расмий 85–90 фоизлик кўрсаткич амалда ЯИМнинг тахминан 135 фоизига айланади. Халқаро валюта жамғармасининг Бюджет масалалари бўйича департаменти раҳбари Витор Гаспарнинг баҳолашича, 2029 йилга бориб глобал давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошади ва бу 1948 йилдан буён энг юқори кўрсаткич бўлади.

Шу сабабли, муаммо кўринганидан ҳам кенгроқ бўлиб, фақатгина Европа минтақаси билан чекланиб қолмайди. Экспертларнинг огоҳлантиришича, яқин ўн йилликда қарз бозорларидаги беқарорлик бутун ривожланган дунёни қамраб олиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид