Logo

Бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди

Бугун 15:082 дақиқа

Янги механизм хориждан буюртмаларни тезроқ етказиш ва электрон тижорат инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасида янги механизм жорий этилади. Вазирлар Маҳкамаси бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали товарларни сотиш тартибини тасдиқлади.

Қарор хориждан буюртма қилинган маҳсулотларни харидорларга тезроқ етказиб бериш ҳамда электрон савдо инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, бонд омборларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби, шунингдек, махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга чакана савдо қилишнинг вақтинчалик низоми тасдиқланди. Бу орқали импорт товарларини мамлакат ҳудудига олдиндан олиб кириб, божхона назорати остида сақлаш имконияти яратилади.

Реестр ва интеграция


Қарорга кўра, Божхона қўмитаси бонд омборлари реестрини юритади. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги эса махсус электрон савдо платформалари реестрини шакллантиради ва бошқаради.

Шунингдек, товар харидорга етказилгунига қадар унинг сотилиши ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи ахборот алмашинуви тизими жорий этилади.

Бунинг учун қарор кучга кирганидан кейин икки ой ичида Божхона қўмитаси ўз ахборот тизимларини бонд омборлари операторлари билан, Солиқ қўмитаси эса махсус электрон савдо платформалари ахборот тизимлари билан интеграция қилиши белгиланди.

Бу нимани англатади?

Бонд омборлари — импорт қилинган товарлар божхона назорати остида сақланадиган махсус омборлар ҳисобланади. Харидор буюртма берганидан кейингина товар бўйича божхона расмийлаштируви якунланади ва маҳсулот эгасига етказилади.

Мазкур тизим халқаро маркетплейслар учун Ўзбекистон бозорига киришни енгиллаштириши, етказиб бериш муддатини қисқартириши ҳамда логистика харажатларини камайтириши кутилмоқда. Шу билан бирга, харидорлар хорижий онлайн-дўконлардан буюртмаларни тезроқ қабул қилиш имконига эга бўлади.

Теглар

Мавзуга оид