«Бюджет камомадини ёпиш учун аҳоли ва бизнесдан ҳар қандай йўл билан пул ундириш кучаймоқда» — иқтисодчи

Давлат ташқи қарзининг ортиши ва бюджет камомади ички солиқ сиёсати ҳамда аҳоли фаровонлигига қандай таъсир кўрсатмоқда? Нима учун коммунал тарифлар, жарималар ва яширин йиғимлар тизимида кескин ўсиш кузатиляпти? Иқтисодчи Исломбек Ниёзметов Vaqt.uz сайтига берган интервьюсида ташқи қарз юки, шаффофлик муаммоси ва солиқ маъмурчилигидаги сўнгги ўзгаришлар атрофидаги баҳсли ҳолатларни таҳлил қилди.

– Исломбек ака, чиқишларингизда “ташқи қарз – келажак солиқ юки” деб кўп таъкидлайсиз. Бироқ биз бугуннинг ўзидаёқ тарифлар ва солиқлар ошиши орқали бу қарзларни тўлашни бошлаб юборгандекмиз. Айниқса, миллиардлаб ташқи қарз жалб этилган энергетика соҳасида нархлар кескин ошганига қарамай, узилишлар ҳамон бор ва хизмат сифати ўзгаришсиз қолмоқда.

Шу маънода, олинаётган қарзлар қачон ўзини оқлайди ва халқ елкасидаги бу фискал босим қачон тўхтайди? Бу борадаги ижтимоий хавотирлар қанчалик ўринли?

Исломбек Ниёзметов:

– Саволингиз жуда ўринли ва долзарб. Мен ўз чиқишларимда ташқи қарзни “келажакнинг солиқ юки” деб аташим бежиз эмас. Ҳар қандай давлат қарзини узишнинг ягона манбаи — солиқлар, давлат божлари ва йиғимлардир. Бундан ташқари, расман солиқ деб эълон қилинмаган, лекин аҳолининг харид қобилиятини пасайтирадиган “квази-солиқлар” (яширин йиғимлар) ҳам мавжуд.

Тўғри, бугунги кунда ташқи қарз ҳажмининг ортиши ва тўлов муддатларининг келиши билан боғлиқ фискал босимни ҳозирги авлод ҳам ўз устида жиддий сеза бошлади. Буни бир нечта йўналишларда кўриш мумкин:

Биринчидан, йўллардаги радар ва камералар тизими. Бу лойиҳалар дастлаб жамоатчилик тартиби ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилган эди. Бироқ бугунги кунда ушбу тизим ҳайдовчиларни тарбиялашга эмас, балки уларни қопқонга тушириш орқали бюджетга мақсадли равишда маблағ йиғиш механизмига айланиб қолганини жамият сезиб турибди. Ваҳоланки, жарима бюджетни тўлдириш манбаи бўлмаслиги керак. Президентимиз ташаббуси билан чизиқларни босишга оид айрим жарималар бекор қилингани яхши бўлди, акс ҳолда йўлларни сунъий равишда торайтириб, аҳолидан ортиқча пул ундириш амалиёти кучайиб кетаётган эди.

Иккинчидан, коммунал тўловлар тарифларининг кескин оширилиши. Бу тизимда ҳали ҳам шаффофлик таъминланмаган. Соҳага ажратилаётган субсидиялар ҳажми, хизматларнинг асл таннархи қанча экани ва энг муҳими — энергетика соҳаси учун олинаётган ташқи қарзлар аниқ нималарга сарфланаётгани жамоатчиликка қоронғи бўлиб қолмоқда. Давлат монополияси сақланиб қолаётган тармоқда нархларнинг асоссиз равишда кескин оширилиши ҳам айнан ўша “квази-солиқ”нинг бир кўринишидир.

– Шаффофлик йўқлиги борасидаги фикрингизга қўшиламан. Яқинда энергетика тарифлари оширилганидан сўнг, тизим раҳбарияти бутун жамоатчилик олдига чиқиб тушунтириш бериш ўрнига, саноқли блоггерларни вазирликка чақириб, ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказди. У ердаги асосий важ “қувурлар ва трансформаторларни янгилашга мажбурмиз” деган мазмунда бўлди. Бундай ёпиқ ва ношаффоф тизимга триллионлаб бюджет ҳамда қарз маблағларининг жалб этилиши, табиийки, турли шубҳаларни уйғотади.

Ниёзметов:

– Албатта. Радарлар ва коммунал тўловлардан ташқари, давлат божлари ва йиғимлари тизимида ҳам шундай жараён кузатилмоқда. Илгари кузатилмаган амалиёт — арзимаган сув ёки солиқ қарздорлиги учун фуқароларни дарҳол судга бериш ҳолатлари кўпайди. Суд эса қисқа муддатда йирик миқдордаги давлат божи ва почта йиғимини белгилаб, ишни Мажбурий ижро бюросига (МИБ) ўтказади. У ерда яна қўшимча МИБ йиғими қўшилади. Натижада кичик бир қарздорлик бир неча баробар шиширилиб, аҳолидан ундириб олиняпти. Бундан кўриниб турибдики, тегишли идоралар олдига “қандай қилиб бўлса ҳам бюджетга пул тушириш” вазифаси қўйилган.

Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин: техник паспортларни ҳар беш йилда мажбурий янгилаш, ҳайдовчилик гувоҳномалари ёки турли соҳалардаги мажбурий сертификатлаштириш тизимлари — буларнинг барчаси аҳоли ва бизнес зиммасига қўшимча молиявий юк бўлиб тушмоқда. Биз ташқи қарз ва бюджет дефицитининг асоратларини келажакда эмас, аллақачон ҳозирги авлод сифатида ўз танамизда ҳис қиляпмиз. Ҳукумат бюджет камомадини ёпиш учун барча ички манбалардан максимал даражада маблағ ундиришга мажбур бўлмоқда.

Энг хавотирлиси, бу жараён солиқ маъмурчилигига ҳам салбий таъсир кўрсатди. Тўғри, Солиқ кодексига янги солиқ турлари киритилмади, лекин маъмурчиликни қаттиқлаштириш орқали тадбиркорларга бўлган босим кучайди. Ҳозирги кунда солиқ маъмурчилиги амалдаги қонунчилик руҳига зид равишда ишламоқда.

Масалан, жорий йилдан бошлаб кўплаб тадбиркорлардан шикоятлар тушмоқда. Балиқчилик хўжаликларига Давлат солиқ қўмитасидан хат келиб, унда ер майдони ёки ишлатилган сув ҳажмига нисбатан маълум бир “норма” асосида қўшимча солиқ тўлаш талаб қилиняпти. Тадбиркорлар Солиқ кодексидан бундай нормани топа олишмаяпти. Сўриштирсак, бу талаб қонунда эмас, балки Солиқ қўмитаси раисининг бюджетга қўшимча маблағ жалб қилишга қаратилган ички буйруғи асосида ўйлаб топилган экан.

Ваҳоланки, мамлакатда янги солиқ ёки мажбурий тўловларни фақат Парламент қонун орқали жорий этиши мумкин. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Солиқ сиёсати концепциясида барча қонуности ҳужжатларини қисқартириш ва Солиқ кодексининг тўғридан-тўғри ишлашини таъминлаш вазифаси қўйилган эди. Бироқ амалиётда Кодекс четлаб ўтилиб, ички йўриқномалар, айниқса, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) маъмурчилигини рамкага солиш орқали бизнесдан қўшимча маблағ ундириш тизими фаоллашди.

Яна бир мисол: хусусий тиббиёт клиникасига солиқ идорасидан хат келган. Унда ҳар бир шифокор кунига фалон ҳажмда хизмат кўрсатиши кераклиги, шундан келиб чиқиб маълум миқдорда ҚҚС ҳисобланиши ва ўтган йиллар учун фалон миллион сўм қўшимча солиқ тўланиши шартлиги ёзилган. Ваҳоланки, тиббиётда кунлик мажбурий план деган тушунча йўқ, бемор келмаслиги ҳам мумкин.

Бу ерда тадбиркорларга нисбатан очиқдан-очиқ психологик босим ва шантаж усули қўлланилмоқда. Хатда агар кўрсатилган сумма тўланмаса, мажбурий тартибда ундирилиши ёки корхонада камерал ва сайёр солиқ текширувлари бошланиши билан қўрқитилади. Бу вазият менга 2018-2019 йиллардаги ислоҳотлардан олдинги, яъни "текширишга бордингми, албатта айб топ" дейиладиган эски тизимни эслатмоқда. Биз бу иллатлардан қутилган эдик-ку, нега яна орқага қайтяпмиз?

Буларнинг барчаси ташқи қарзнинг назоратсиз ўсиши ва бюджет дефицитининг кенгайиб бораётгани оқибатидир. Расмий прогнозлар ва Бюджет тўғрисидаги қонун тилдекларацияси шуни кўрсатмоқдаки, давлат қарзининг ортиши келгуси йилларда ҳам давом этади, демак, ички фискал босим ҳам пасаймайди.

Теглар

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 92

Барчаси

Мавзуга оид