Чегарада ички органлари орқали наркотик моддаларни олиб киришга уринган икки шахс фош этилди

Қўшни давлатдан кириб келган икки шахс ўзидан «жонли контейнер» сифатида фойдаланиб, қарийб 800 г наркотик моддасини яширинча олиб киришга уринган.

Чегарада ички органлари орқали наркотик моддаларни олиб киришга уринган икки шахс фош этилди

Самарқанд вилояти «Жартепа» чегара божхона постида наркотик моддаларни ички органларига яширганча олиб киришга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур пост орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаролардан бири божхона ходимининг эътиборини тортган. Йўловчи «Body scaner» қурилмаси орқали шахсий кўрикдан ўтказилганда унинг ички аъзосига 3 дона ўрам яширилганлиги аниқланган.

Ўрамлар шифокорлар кўмагида ва холислар иштирокида очиб кўрилганида эса уларнинг ичида жами оғирлиги 255 грамм «опий» гиёҳвандлик моддаси борлиги маълум бўлган.

Шунингдек, унинг турмуш ўртоғи ҳам тезкор ходимлар томонидан дарҳол кузатувга олинган ва Самарқанд шаҳридаги шифохоналардан бирига олиб келинган. Текширувларда унинг ички аъзоларидан ҳам 4 дона ўрамлар чиқариб олинган. Мазкур ўрамларда эса 541 грамм «опий»гиёҳвандлик моддаси жойлангани аниқланган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Теглар

Мавзуга оид