Доллар аввалгидек эмас: Россия рубли нега шиддат билан мустаҳкамланмоқда?

Бугун 20:005 дақиқа

Сўнгги икки ой ичида рубл долларга нисбатан қарийб 20 фоизга мустаҳкамланди. Россия валютасининг бундай кескин ўсишига қимматлашаётган нефт ва молиявий ҳаракатлар туртки бўлди. Хўш, кучли рубл кимга фойда-ю, ким зиён?

Доллар аввалгидек эмас: Россия рубли нега шиддат билан мустаҳкамланмоқда? © Фото Сергея Савостьянова / ТАСС

«Bloomberg» агентлигининг хабар беришича, сўнгги ойларда рубл ўз мавқеини мустаҳкамлаб, долларга нисбатан ўсиш динамикаси бўйича дунёдаги энг яхши валютага айланди. Хусусан, жорий йилнинг 20 март куни бир доллар 86 рублдан қимматроқ турган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич тахминан 71 рублни ташкил этмоқда. Америка валютаси 2023 йилнинг баҳоридан бери бу қадар қадрсизланмаган эди.

Рублнинг кучайишига туртки берган асосий омиллар

Экспертларнинг тушунтиришича, бунга бир вақтнинг ўзида юз берган қатор омиллар сабаб бўлган.

Биринчи навбатда, Яқин Шарқдаги зиддиятлар ва Ҳўрмуз бўғозининг қамал қилиниши жаҳон бозорида нефт нархини кўтариб юборди. Бу ҳолат Россиянинг «Urals» маркали нефтига ҳам бевосита таъсир кўрсатиб, унинг бир баррели феврал ойидаги 44 доллардан апрел ойида 94 долларгача қимматлашди. Натижада экспортчиларнинг валюта тушуми сезиларли даражада ошди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу тушум ички бозорга тахминан бир ярим ойлик кечикиш билан кириб келади. Бошқача айтганда, бозор ҳозиргина март ойидаги, яъни Яқин Шарқдаги низо эндигина авж олаётган пайтдаги тушумларни ҳазм қилмоқда. Шу тариқа, «нефт қимматлашди — рубл мустаҳкамланди» қабилидаги оддий иқтисодий қонуният иш берди.

Иккинчидан, жорий йилнинг март ойида Россия Молия вазирлиги бюджет қоидаси бўйича операцияларни 1 июлга қадар тўхтатиб қўйган бўлса-да, бозорга кутилганидан эртароқ қайтди. Май ойига келибгина идора яна валюта харид қилишни бошлади. Бироқ харид ҳажми кунига бор-йўғи 1,2 миллиард рублни ташкил этгани ва давлат томонидан валютага бўлган талабнинг пастлиги рублнинг мустаҳкамланишини жиловлай олмади.

Аслида, бундан аввалроқ Молия вазирлигида бюджет қоидасини ўзгартириш, яъни нефтнинг чегаравий нархини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинган эди. Қоидага кўра, агар нефт нархи белгиланган меъёрдан юқори бўлса, Молия вазирлиги валюта сотиб олади ва бу маблағларни молиявий «хавфсизлик ёстиқчаси» саналган Миллий фаровонлик жамғармасига йўналтиради. Борди-ю, нарх паст бўлса, жамғармадаги маблағлар бюджет тақчиллигини қоплаш учун ишлатилади. Шу сабабли, «Urals» нефти пастроқ нархда сотилаётгани инобатга олиниб, Молия вазирлиги чегаравий кўрсаткични амалдаги 59 доллардан пасайтиришни режалаштирган эди. Аммо айни шу пайтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддият бошланиб, «қора олтин» нархи кескин кўтарилиб кетди.

Экспертларнинг қайд этишича, рубл динамикаси бундан кейин ҳам Яқин Шарқдаги воқеалар ривожига бевосита боғлиқ бўлади. Агар вазият янада кескинлашиб, нефт қимматлашишда давом этса, Россия валютаси янада кучаяди. Бундан ташқари, рубл курсига таркибий омиллар ҳам таъсир ўтказмоқда.

«Юқори асосий ставка кредитлашни ва импортни чеклаб турибди, ҳисоб-китобларда рублнинг улуши эса деярли 60 фоизга етди», - деди «Амаркетс» таҳлилчиси Игор Расторгуев «TRT» нашрига берган интервюсида.

Иқтисодий зиддият: Ким ютди, ким ютқазди?

Бироқ танганинг икки томони бўлганидек, долларга нисбатан дунёдаги энг яхши ўсиш динамикасини қайд этаётган валюта мақоми ортида ўзига хос аччиқ ҳақиқат ҳам яширинган.

«Россия бюджети ойига 100–150 миллиард рубл йўқотмоқда, экспортчилар эса инвестиция дастурларини қисқартиришга мажбур бўлмоқда», - деди таҳлилчи.

Аммо бу ҳолатдан фойда кўраётганлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, импортчилар, харажатларини асосан валютада амалга оширадиган IT-компаниялар ва чакана савдо соҳаси вакиллари сезиларли ютуққа эришди. Мутахассисларнинг фикрича, кучли рубл — бу, энг аввало, арзон импорт дегани. Мамлакатда инфляция секинлашмоқда, масалан, апрел ойида бу кўрсаткич 5,7 фоизни ташкил этди. Натижада хорижий товарлар, маиший техника, дори-дармонлар, автомобил эҳтиёт қисмлари ва чет элга саёҳатлар аҳоли учун янада ҳамёнбоп бўлиб бормоқда.

Туризм соҳаси вакилларининг қайд этишича, мустаҳкам рубл турпакетлар савдосини 30 фоиздан 90 фоизгача ошириб юборган. Россиялик сайёҳлар орасида энг оммабоп йўналишлар саналган Туркия, Миср, Виетнам ва Хитойга саёҳат қилишга бўлган талаб сезиларли даражада ўсмоқда. Бу борада, айниқса, Туркия мутлақ етакчилик қилмоқда — унинг умумий савдо ҳажмидаги улуши 38 фоиздан 43 фоизгача ошган.

Долларнинг қадрсизланиши фонида россияликлар учун «арзонлигида олиб қолиш керак» деган эски одат яна иш бера бошлади. Аҳолининг бир қисми қулай фурсат ва манфаатли курсни қўлдан чиқаришдан қўрқса, бошқалар чет элга сафар олдидан хорижий валюта ғамлаб қўйишга киришган. Бироқ, экспертлар шошилмасликни маслаҳат беришмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, фақат нақд долларга ишониб қолиш хавфли бўлиб, унинг асосий камчилиги ҳеч қандай даромад келтирмаслиги ва инфляциядан ҳимоя қилмаслигидир. Бундан ташқари, сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги тафовут — спредни ҳам унутмаслик керак. Одатда, айнан шу тафовут ва турли банк комиссиялари туфайли эҳтимолий фойданинг катта қисми йўқотилиши кейинроқ маълум бўлади. Нақдсиз кўринишдаги валюта ҳам фойда келтирмайди, қолаверса, у билан боғлиқ операциялар қўшимча харажатларни талаб қилади ва маблағларнинг тўлиқ сақланиб қолишига кафолат йўқ.

Шу билан бирга, иқтисодчилар рублнинг мустаҳкамланиши ҳали ўз таъсирини тўлиқ намоён қилмаганини таъкидлашмоқда. Бунинг натижасини россияликлар яна бир неча ой давомида, энг аввало, ўз ҳамёнларида ҳис қилишади. Негаки, мустаҳкам миллий валюта импортнинг арзонлашиши ҳисобига инфляцияни жиловлашга ёрдам беради, ички бозордаги озиқ-овқат бўлмаган товарларнинг асосий қисми эса айнан четдан келтириладиган маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади.

Рубл курси ўзгариши мумкинми?

Аммо экспертлар бу тенденция узоқ давом этмаслигини тахмин қилишмоқда. Рублнинг меъёридан ортиқ кучайиб кетиши давлат ғазнаси ва экспортчилар учун манфаатли эмас. Шу сабабли ҳукумат яқин келажакда миллий валютани сунъий равишда заифлаштириш чораларини кўриши эҳтимолдан холи эмас. Масалан, Молия вазирлиги бюджет қоидасига мувофиқ валюта харидларини ошириши ёки Марказий банк маъмурий валюта чекловларини юмшатиши мумкин.

Таҳлилчининг хулосасига кўра, ҳозирда рубл ўзига хос ностандарт вазиятга тушиб қолган: импортчилар ва оддий истеъмолчилар ютуқда, давлат бюджети ва экспортчилар эса зиёнда. Бироқ яқин ойлар ичида бу иқтисодий манзара бутунлай ўзгариши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид