Logo

Энергетика вазири ишдан олинди, Одилхон қори қамалди, Президент банк раҳбарлари фаолиятини танқид қилди, $20 минглик бекатларга эътироз — ҳафта дайжести

Бугун 20:507 дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uzъда яна бир бор эсга оламиз.

Кўп пул керак-ми?, Россияда ишланг

Лукашенконинг баёноти Андижондан Беларусьга борган ўзбекистонликлар маош камлигидан норозилик билдирганидан сўнг янгради.

Беларусь етакчиси июль ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Минскда учрашган эди. Ўшанда Лукашенко ўзбекларни Беларусьда яшаш ва ишлашга таклиф қилган.

Шундан сўнг, Андижондан Беларусьга қишлоқ хўжалигида ишлаш учун борган 250 дан ортиқ фуқаро маош камлигидан норози бўлди. Таклиф қилинган 500 доллар маошни улар Ўзбекистонда ҳам топа олишларини билдирди.

Лукашенконинг таъкидлашича, келишувдан асосий мақсад - гўшт ва сўт маҳсулотлари етиштириб, уларни Ўзбекистон бозорига етказишдир. Маош ҳам айнан шу маҳсулдорлик ва ишлаб чиқариш ҳажмига қараб шаклланади.

Президентнинг қўшимча қилишича, кўпроқ даромад олмоқчи бўлганлар Россиянинг нефть конларида ишлагани маъқул. Беларусь эса хорижий ишчиларга тиббиёт ва таълим соҳасида маҳаллий фуқаролар билан тенг ижтимоий кафолатлар беради.

Шу фонда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини танқид қилиб, Беларусьдаги Ўзбекистон элчисини лавозимидан озод этди. Бу эса хориждаги фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи давлат эътиборида қолаётганини кўрсатмоқда.

Одилхон қори қамалди

Ижтимоий тармоқларда «Одилхон қори» номи билан танилган собиқ имом Одилхон Исмоилов ҳақида билсангиз керак. Бу ҳафта унинг қамоққа олингани ҳақидаги хабар билан бошланди.

Одилхон Исмоилов 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида ўтган мажлисда «Райҳон оилавий миллий таомлари» таъсисчиси бўлган Одилхон Исмоилов ва яна 6 нафар шахс айбли деб топилди. Улар Жиноят кодексининг ўзлаштириш ёки растрата, мансаб сохтакорлиги ҳамда ҳужжатларни сохталаштириш каби бир қатор моддалари билан жазоланди. Қолган 6 нафар судланувчига ҳам жиноий қилмишларидан келиб чиқиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Суд ҳукмига кўра, жиноят иши доирасида етказилган барча моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилади. Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январида ҳибсга олинган Одилхон қори муқаддам Тошкент шаҳридаги «Кўкча» масжиди имоми ва Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби бўлиб ишлаган.

Тошкентдаги «соясиз» замонавий бекатлар

Бу ҳафта Тошкентдаги автобус бекатлари атрофидаги баҳслар янги босқичга чиқди. Ижтимоий тармоқларда нархи қарийб 20 минг долларга баҳоланган замонавий бекатлар кескин муҳокама қилинмоқда. Одамлар янги бекатларнинг ноқулайлиги ва иқлим шароитига мослаштирилмаганидан норози.

Масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам расмий текширув бошлади. Жамоатчиликни нафақат лойиҳа қиймати, балки бекатларнинг сифати, фойдаланишга топширилиш муддати ва амалий қулайлиги ҳам қизиқтирмоқда.

Текширув давомида аниқланишича, Тошкент шаҳридаги 1 минг 785 та автобус бекатини янгилаш лойиҳаси доирасида 2026 йилнинг май–июнь ойларида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 120 та бекат белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаган. Агентлик маълумотига кўра, айрим объектларда қурилиш ишлари якунланмаган, қабул далолатномалари эса ҳали расмийлаштирилмаган.

Мазкур лойиҳа дастлаб тадбиркорларнинг савдо шохобчалари огоҳлантиришсиз бузилгани сабаб танқид остида қолган эди. Кейинчалик эса ёзнинг жазирама кунларида соясиз ва етарлича ҳимоя бермайдиган бекатлар йўловчиларнинг норозилигини янада кучайтирди. Ижтимоий тармоқларда бекатлар ташқи кўринишидан кўра уларнинг функционаллиги ва қулайлиги кўпроқ муҳокама қилинди.

Бекатлар нархи юзасидан эътирозлар ортидан Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази расмий изоҳ бериб, эълон қилинган маблағ фақат бекат павильони учун эмас, балки кутиш майдонлари, платформалар, пиёдалар йўлаклари, коммуникация тармоқлари ва рақамли хизматларни ҳам ўз ичига олишини маълум қилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига кўра, замонавий бекатлар давлат бюджети эмас, балки электрон аукционда ғолиб бўлган тадбиркор маблағлари ҳисобидан қурилмоқда. Айни пайтда жамоатчилик Коррупцияга қарши курашиш агентлиги текшируви якунларини кутмоқда.

Тоштемиров ҳақидаги маълумотлар «Интерпол»дан олиб ташланди

Беҳзод Мусаевни мармар гўшт еб, $150 минг долларлик машинани ўзлаштиришда айблаётган Миграция агентлигининг Жанубий Кореядаги собиқ ваколатхонаси раҳбари Азизбек Тоштемировнинг ismi Интерполнинг оммага очиқ қизил рўйхатида кўринмай қолди. Ҳозирча унинг халқаро қидирувдан чиқарилгани ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Мутахассисларнинг фикрича, шахс ҳақидаги маълумотлар очиқ рўйхатдан олиб ташланган бўлиши мумкин, бироқ Интерполнинг ички базасидаги ҳолати номаълумлигича қолмоқда.

Vaqt.uz бу борада аниқ маълумот олиш мақсадида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби билан боғланишга уринди, аммо қўнғироқлар жавобсиз қолди.

Миграция агентлигининг собиқ ходими Тоштемиров 2025 йил май ойида фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган эди. Бунга қадар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ 90 миллион доллардан ортиқ коррупция ҳолатлари фош этилганини маълум қилган.

Қидирувга берилганидан сўнг Тоштемиров ўзининг «Корея24 соат» канали орқали баёнотлар эълон қилиб, ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, Миграция агентлигининг амалдаги ва собиқ раҳбарларини коррупция, товламачилик ҳамда тизимдаги қонунбузарликларда айблаган эди. Шунингдек, у 90 миллион долларлик коррупция схемаси ҳам айнан Мусаев билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Унинг бу иддаолари бўйича Миграция агентлигига юборилган сўровларга ҳозирча расмий жавоб берилмаган.

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди

Якунланаётган ҳафта Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўсиш суръатлари бўйича янги кўрсаткичлар эълон қилинди. Жаҳон бозорларида ноаниқликлар ва глобал иқтисодий босимлар сақланиб қолаётган бир пайтда, мамлакат иқтисодиётида йил бошидан буён барқарор ўсиш қайд этилгани маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки ости ойида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ошган. Бу даврда саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга, хизматлар соҳаси 16,9 фоизга, қурилиш 13,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги эса 4,7 фоизга ўсган.

Шунингдек, иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларни, экспорт ҳажми эса 14,4 миллиард долларни ташкил этган. Халқаро молиявий майдонда ҳам Ўзбекистон позицияси мустаҳкамланиб, Fitch Ratings ва Moody’s агентликлари мамлакатнинг суверен кредит рейтингини оширди.

Шу билан бирга, давлат раҳбари мавжуд натижалар билан чекланиб қолмаслик кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 40 миллион аҳолининг фаровонлигини ошириш учун иқтисодиёт йилига камида 9–10 фоиз суръатда ўсиши зарур.

Иқтисодий ўсиш бўйича ижобий кўрсаткичлар қайд этилаётган бўлса-да, глобал бозорлардаги беқарорлик ва халқаро савдодаги ўзгаришлар келгусидаги иқтисодий сиёсат учун асосий синовлардан бири бўлиб қолмоқда.

«Права»ни имтиҳонсиз олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Сўнгги йилларда автомактаб ва имтиҳон тизимидаги ислоҳотларга қарамай, фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, «имтиҳонсиз права» олиб беришни ваъда қилаётган фирибгарлар ҳануз учраб турибди. Мутасаддилар эса бундай ҳолатларга ишонмаслик ва барча хизматлардан фақат қонуний тартибда фойдаланишга чақирмоқда.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, 1979 йилда туғилган фуқаро бир аёлнинг ишончига кириб, Асака туманидаги автотест марказида ишловчи танишлари орқали уни назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтказиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига эса 800 АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи сўралган пулнинг 500 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан фирибгарлик ҳамда пора беришга далолат қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни ҳайдовчилик гувоҳномасини ноқонуний йўл билан олиб беришни ваъда қилаётган шахсларга ишонмасликка чақирди.

Самарқандда ЙПХ ходими уриб юборган пиёда вафот этди

Йўл патруль хизмати ходими бошқарувидаги хизмат автотранспорти пиёдани уриб юборгани оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Кузатув камераларида акс этган ҳодиса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, хизмат транспорти иштирокидаги авариялар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларини яна кун тартибига олиб чиқди.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 21 июль куни соат тахминан 18:15 ларда Самарқанд шаҳри Шаббод кўчасида содир бўлган. Хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходими ўзига бириктирилган Tracker русмли патруль автотранспортини бошқариб кетаётган вақтда йўлни кесиб ўтаётган 1951 йилда туғилган аёлни уриб юборган.

Расмий маълумотларга кўра, пиёда йўлнинг белгиланмаган қисмидан ҳаракатланаётган бўлган. Бироқ зарба оқибатида у олган оғир тан жароҳатлари сабаб воқеа жойининг ўзида вафот этган.

Ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Ҳозирда воқеанинг барча тафсилотлари, жумладан, ҳайдовчининг ҳаракатлари, хизмат автотранспортининг ҳаракат тезлиги ҳамда йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган омиллар ўрганилмоқда.

Президент банклар раҳбарлари фаолиятига қатъий эътироз

Ўтаётган ҳафта иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди. 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йилнинг биринчи ярми якунлари ва йил охиригача амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар, банк тизими ва тадбиркорлик муҳитидаги мавжуд муаммоларни танқидий таҳлил қилиб, айрим раҳбарлар фаолиятига нисбатан кескин чоралар кўрилишини маълум қилди.

Хусусан, ортиқча олти ой якунлари бўйича айрим туман ва шаҳарларда саноат ҳамда экспорт кўрсаткичлари пасайгани қайд этилди. Шу сабабли 17 нафар туман ва шаҳар ҳокимининг лавозимга лойиқлиги қайта кўриб чиқилиши топширилди. Йиғилишда айрим ҳудудларда ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича белгиланган режалар бажарилмагани танқид қилинди. Агар йилнинг тўққиз ойи якунига қадар ижобий натижалар бўлмаса, вилоят ҳокимларининг масъул ўринбосарларига нисбатан ҳам чоралар кўрилиши белгиланди.

Шунингдек, давлат раҳбари банк тизими фаолиятига ҳам баҳо берди. Марказий банк ҳудудий раҳбарлари ва давлат банклари филиаллари ишида маҳаллалардаги амалий натижалар етарли эмаслиги таъкидланди. Келгуси үч ой давомида аниқ натижа кўрсатган раҳбарлар ўз лавозимида қолиши, самарадорлиги паст бўлганлар эса ишдан олиниши мумкин.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 58

Барчаси

Мавзуга оид