Logo

Финтех келажаги ҳақида очиқ мулоқот: Click ёшлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари учун учрашув ўтказди

Бугун 17:552 дақиқа

Тадбир давомида Click SuperApp экотизимининг ривожланиши, Visa билан ҳамкорлик, сунъий интеллект имкониятлари ҳамда фирибгарликка қарши кураш бўйича янги ечимлар намойиш этилди.

Финтех келажаги ҳақида очиқ мулоқот: Click ёшлар, экспертлар ва ОАВ вакиллари учун учрашув ўтказди

14-июль куни Click компанияси “FinTech ечимлари ва рақамли хизматларни ривожлантириш” мавзусида очиқ учрашув ташкил этди. Унда ОАВ ва давлат ташкилотлари вакиллари, финтех ҳамжамияти аъзолари, талабалар ҳамда замонавий технологиялар ва рақамли иқтисодиётга қизиқадиган ёш мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда компания вакиллари Click SuperApp экотизимининг ривожланиши, янги рақамли хизматлар, Visa билан ҳамкорлик ҳамда халқаро тўлов имкониятларини кенгайтириш режалари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, рақамли хавфсизлик, «Маблағларни қайтариш кафолати» дастури, «Фирибгарлик ҳақида хабар бериш» мини-иловаси ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Click компаниясида CPO вазифасини бажарувчи Улуғбек Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, компания учун нафақат янги маҳсулотларни ишлаб чиқиш, балки ёш мутахассислар билан тажриба алмашиш ва уларни замонавий молиявий технологиялар билан таништириш ҳам муҳим ҳисобланади.

“Fintex жуда тез ўзгариб бормоқда. Шу боис очиқ учрашувлар ўтказиш муҳим: уларда технологиялар ҳақида эркин гаплашиш, тажриба алмашиш ва саволларга жавоб олиш мумкин. Биз Click бугун қандай ривожланаётгани, жамоамиз қандай вазифаларни ҳал қилаётгани ва технология соҳасида карера қилишни истаган ёш мутахассислар учун қандай имкониятлар борлигини кўрсатмоқчи бўлдик”, — деди у.

Тадбирда Click’нинг фирибгарликка қарши кураш бўлими бошлиғи Абдуаббос Абдураҳимов ва ишлаб чиқариш департаменти эксперти Алишер Аҳмедов ҳам маъруза қилди. Улар замонавий фирибгарлик схемалари, фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳамда рақамли хизматларни ишлаб чиқишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича тақдимот ўтказди.

Абдуаббос Абдураҳимовнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, Click антифрод тизими ҳар куни ўртача 120–150 та потенциал фирибгарлик билан боғлиқ ёки шубҳали операцияни аниқлайди. Айрим кунлари бу кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Бу муаммони ҳал қилиш учун платформада ҳимоя механизмлари ишлаб чиқилган. Масалан, фойдаланувчи одатдаги хатти-ҳаракатидан кескин фарқ қиладиган молиявий операциялар амалга оширилганда антифрод тизими буни аномалия сифатида қайд этади.

Илгари пул ўтказмаган фойдаланувчи қисқа вақт ичида йирик ёки кўп сонли транзаксияларни амалга оширса, тизим автоматик равишда огоҳлантириш беради ва операциялар қўшимча текширувдан ўтказилади. Бундай операциялар қўшимча текширувга йўналтирилиши ёки вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Шунингдек, Click’нинг киберхавфсизлик жамоаси иштирокчилар учун амалий машғулот ҳам ўтказди. Унда реал фирибгарлик ҳолатлари мисолида ижтимоий муҳандислик усуллари таҳлил қилиниб, фирибгарлар шахсий маълумотлар ва маблағларни қўлга киритишда фойдаланадиган усуллар тушунтирилди.

Учрашув давомида меҳмонлар Click экотизимидаги маҳсулотлар ва Cleo АИ сунъий интеллект ёрдамчиси билан яқиндан танишди. Тадбир якунида эса улар компания мутахассислари билан финтех бозори, сунъий интеллект ҳамда рақамли хизматларнинг бугуни ва истиқболлари юзасидан очиқ мулоқот қилди.

Instagram

Теглар

Мавзуга оид