Газ нархи кескин ошди: Осиё чекиняпти, Европа эса қишга тайёрланмоқда
Жаҳон суюлтирилган табиий газ бозорида таъминотнинг қисқариши нархларнинг кескин ошишига олиб келди. Оқибатда Осиё давлатлари харид ҳажмини камайтирмоқда, Европа эса қиш мавсуми олдидан газ захирасини яратиш учун янада кучлироқ рақобатга киришган.
© Ijtimoiy tarmoqlarЖаҳон газ бозорида ўзига хос вазият юзага келди: нархларнинг кўтарилиши ортидан Осиё давлатлари суюлтирилган табиий газ (LNG) харидини чеклаётган бир пайтда, Европа қишга тайёргарлик кўриш мақсадида, қиммат бўлишига қарамай, кўпроқ газ сотиб олмоқда.
«Reuters» агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилнинг сентябр ойида Осиё минтақасида LNG импорти тахминан 20,09 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу сентябр ойи учун 2018 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида Осиё 22,27 миллион тонна, жорий йилнинг август ойида эса 22,25 миллион тонна суюлтирилган газ импорт қилган эди.
Айни пайтда Европанинг LNG бозоридаги улуши ортиб бормоқда. Ҳозирда Европа Иттифоқининг газ омборлари тахминан 68 фоизга тўлган бўлиб, бу сўнгги беш йиллик ўртача кўрсаткичдан 16 фоизга кам. Шу сабабли минтақада қиш олдидан қўшимча импортга эҳтиёж ҳамон юқорилигича қолмоқда.
LNG нархи нега бирданига кўтарилиб кетди?
Бунинг асосий сабаби Яқин Шарқдаги таъминот узилишлари билан боғлиқ.
«Reuters» хабарига кўра, феврал ойи охирида бошланган ҳарбий ҳаракатлардан олдин Қатар дунё LNG экспортининг қарийб 20 фоизини таъминлаб келган. Бу мамлакат жаҳонда суюлтирилган газ экспорти бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринни эгаллаш учун Австралия билан жиддий рақобат олиб бораётган эди.
Бироқ Ҳўрмуз бўғозидаги логистик муаммолар Қатарнинг экспорт ҳажмини кескин камайтириб юборди. «Kpler» таҳлилий компанияси маълумотига кўра, август ойида Ҳўрмуз бўғози орқали бор-йўғи 70 минг тонна, яъни биттагина кемада LNG олиб ўтилган. Ваҳоланки, бундан олдинги уч ой давомида ойлик ўртача экспорт ҳажми 6,51 миллион тоннани ташкил қилган эди.
Натижада Осиёда суюлтирилган газнинг спот нархи сўнгги 45 ой ичидаги энг юқори даражага чиқди. 11 сентябрда якунланган ҳафта савдоларида Шимоли-Шарқий Осиёга етказиб бериладиган LNG нархи 1 миллион Британия иссиқлик бирлиги (mmBtu) учун тахминан 26 доллар атрофида баҳоланди. Таққослаш учун, феврал ойи охирида бу кўрсаткич 10,4 долларни ташкил этганди.
Демак, бор-йўғи бир неча ой ичида спот бозорида LNG қарийб 150 фоизга қимматлаган. «Reuters» таҳлилларига кўра, суюлтирилган газ нархининг бундай сакраши айни шу даврда «Brent» маркали нефт фючерсларида кузатилган 50 фоизлик ўсишдан ҳам анча юқори бўлди.
Осиё қиммат газдан воз кечмоқда
Қайд этилишича, газ нархи кўтарилгани сари импортчиларнинг талабни камайтириши табиий ҳолат. Айни пайтда Осиёда худди шу жараён кузатилмоқда.
Хусусан, сентябр ойида Хитойнинг LNG (суюлтирилган табиий газ) импорти 4,32 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Ваҳоланки, бу кўрсаткич августда 5,20 миллион, 2025 йилнинг сентябрида эса 5,32 миллион тонна бўлган эди. Шунингдек, жорий йилда Хитой дунёдаги энг йирик суюлтирилган газ импортчиси мақомини Японияга бой бериши эҳтимоли бор.
Ҳиндистонда эса сентябрдаги импорт ҳажми 1,86 миллион тонна бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан (2,09 миллион тонна) сезиларли даражада кам.
Покистондаги тафовут эса янада катта: ўтган йилнинг сентябрида 490 минг тонна LNG харид қилинган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич бор-йўғи 120 минг тоннагача тушиб қолиши кутилмоқда.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ҳам 2026 йилда Осиё минтақасида табиий газ истеъмоли тахминан 0,5 фоизга қисқаришини прогноз қилган. Суюлтирилган газнинг қимматлашиши электр энергетикаси соҳасида газдан кўмирга ўтиш жараёнини тезлаштириши ва кўп энергия талаб қилувчи саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Европа эса, аксинча, харид ҳажмини оширмоқда
Европада эса вазият тамоман бошқача. Россиядан қувур орқали келадиган газ ҳажми кескин қисқаргани ортидан, LNG Европанинг газ таъминотида асосий манбага айланди. Қиш мавсуми яқинлашгани сари омборларни тўлдиришга бўлган эҳтиёж янада ортмоқда.
«Kpler» таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, сентябр ойида Европага 7,98 миллион тонна LNG етказиб берилиши кутилмоқда. Бу август ойидагидан (7,55 миллион тонна) кўпроқ бўлиб, май ойидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Октябр ойи учун бу прогноз 10,53 миллион тоннани, ноябрда эса 10,62 миллион тоннани ташкил этмоқда.
Бу рақамлар жаҳон LNG бозорида газ ташувчи кемалар учун рақобат янада кучайишини англатади. Осиёдаги айрим харидорлар қиммат газдан воз кечгани сари, бўшаган кемалар Европа сари йўл олмоқда. «Reuters» агентлиги айнан мазкур тенденцияни бугунги газ бозорининг асосий хусусиятларидан бири сифатида қайд этган.
Вазият 2022 йилни ёдга солмоқда
Бугунги глобал газ бозоридаги манзара 2022 йилдаги инқирозни ёдга солади. Ўшанда Россиянинг Европага газ экспорти кескин қисқариши ортидан суюлтирилган газ учун рақобат кучайиб кетган эди. Натижада, 2022 йилда Осиёда LNGнинг спот нархи қисқа муддатга 70,50 долларгача (1 mmBtu учун) кўтарилиб кетганди.
Ўша даврда Осиёнинг LNG импорти 2022 ва 2023 йилларда (2021 йилга нисбатан) сезиларли даражада пасайган ва фақатгина 2024 йилга келиб рекорд кўрсаткичга — 287,16 миллион тоннага чиққан. Европа эса 2022 йилнинг ўзидаёқ импорт ҳажмини 59 фоизга ошириб, уни 124,54 миллион тоннага етказишга муваффақ бўлган эди.
Муаммо фақат бу йил билан чекланмаслиги мумкин
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, Яқин Шарқдаги инқироз 2026 йилда глобал LNG бозорига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Март–июн ойларида Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларидан экспорт қилинган суюлтирилган газ ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 миллиард куб метрга камайган.
Гарчи АҚШ, Африка ва бошқа минтақалардаги қўшимча ишлаб чиқариш бу йўқотишларнинг бир қисмини қоплаган бўлса-да, вазият ҳамон қалтис. IEA ҳисоб-китобларига кўра, март–июн ойларида Форс кўрфазидан ташқари давлатларда LNG ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 18 фоизга ошган.
Бироқ бу ҳали етарли эмас. Агентлик 2026–2030 йилларда LNG таъминотидаги йўқотишлар ҳажмини тахминан 140 миллиард куб метр деб баҳоламоқда. Шу сабабли жаҳон газ бозоридаги таранглик 2026–2027 йилларда аввал кутилганидан ҳам кучлироқ бўлиши эҳтимоли бор.
Бунинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?
Ўзбекистон учун бу ҳолат Осиё ёки Европа давлатларидаги каби тўғридан-тўғри суюлтирилган газ импорти билан боғлиқ эмас. Боиси, мамлакатнинг очиқ денгизга чиқиш имконияти йўқ ва LNG ортилган йирик танкерларни қабул қилувчи инфратузилмага эга эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон учун глобал LNG нархлари бевосита импорт қиймати сифатида эмас, балки минтақавий газ бозоридаги умумий вазиятга таъсири нуқтаи назаридан муҳимдир.
Сўнгги йилларда мамлакат газ импортига тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Жаҳон банкининг қайд этишича, Ўзбекистон 2023 йилдан бошлаб соф (нетто) газ импортчисига айланган. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан 1,45 миллиард долларлик табиий газ сотиб олган. Бу даврда мамлакат экспортга нисбатан кўпроқ газ импорт қилгани кузатилган.
Демак, Ўзбекистон учун LNG танкерларининг айнан қайси манзилга йўл олаётгани эмас, балки глобал газ бозорида нархлар ва таъминот масаласи қанча вақт давомида юқори даражада сақланиб қолиши муҳимроқ.
Агар Европа қиш мавсуми олдидан газ учун қўшимча ҳақ тўлашда давом этса ва Осиёда қимматчилик сабабли талаб пасайса, бу жаҳон газ бозорида нархларнинг баланд бўлиб қолишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, қувур орқали импорт қилинадиган газ бўйича шартномалар, минтақадаги муқобил таъминот манбалари ва мамлакатнинг ички энергетика сиёсатига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Газ бозорида устунлик ким тарафда?
Бугунги шароитда жаҳон газ бозоридаги энг асосий омил ишлаб чиқариш ҳажми эмас, балки тайёр маҳсулотни қайси бозорга йўналтириш имконияти бўлиб қолмоқда.
Европа қиш олдидан газга муҳтож. Осиё эса қиммат нархлар туфайли харидни чекламоқда. АҚШ суюлтирилган газ экспортини ошираётган бўлса-да, Қатар таъминоти ҳали аввалги даражасига тўлиқ қайтгани йўқ. Ҳўрмуз бўғозидаги логистик муаммолар эса бозор учун алоҳида хавф сифатида сақланиб турибди.
Шу сабабли ҳам ҳозир LNG бозорида бир қарашда зиддиятли вазият шаклланган: Осиё қиммат газдан воз кечмоқда, Европа эса қиммат бўлишига қарамай уни сотиб олмоқда. Бироқ бу икки жараён бир-бири билан узвий боғлиқ. Аниқроғи, бир томондаги талабнинг қисқариши иккинчи томон учун қўшимча ресурс яратиб бермоқда.
Хуллас, жаҳон энергетика бозоридаги асосий масала эндиликда газ нархининг қанча бўлишида эмас, балки таъминотдаги бу узилишлар яна қанча вақт давом этишида бўлиб қолмоқда.





