Logo

Газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясининг базавий меъёри 350 кВт·соатга оширилиши режалаштирилмоқда

Кеча 21:072 дақиқа

Вазирлар Маҳкамаси томонидан муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳасига кўра, газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун иситиш мавсумида электр энергиясининг ойлик базавий меъёри амалдаги 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга оширилади. Газлашган ҳудудларда меъёр 200 кВт·соатлигича қолади.

Газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясининг базавий меъёри 350 кВт·соатга оширилиши режалаштирилмоқда

Қарор 2026-йил 1-ноябрдан кучга киради. Кейинги мавсумлардан бошлаб янги меъёр Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябр–феврал, бошқа ҳудудларда эса ноябр–феврал ойларида қўлланади. Йилнинг қолган ойларида барча ҳудудларда меъёр 200 кВт·соат бўлади.

Табиий газ етиб бориши қийин бўлган абонентлар рўйхати Энергетика вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ таклифлари асосида вилоят ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Ушбу чора суюлтирилган газ нархларидаги ўзгаришлар инобатга олинган ҳолда кўрилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Президент фармони лойиҳасида Вазирлар Маҳкамасига шундай қарорни бир ҳафта муддатда қабул қилиш топширилган.

Фармон лойиҳасида аҳолини қўллаб-қувватлашнинг бошқа чоралари ҳам назарда тутилган. 2026-йил ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 млн сўмдан моддий ёрдам ажратилади. Ёрдамни Ижтимоий реестрдаги оилалар, шунингдек, реестрга кирмаган, лекин жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг (МИХ) 2 бараваридан ошмайдиган оилалар олади. Маблағ 30-ноябрга қадар ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.

Электр энергияси ва табиий газ бўйича компенсация олиш мезони МИХнинг 1,5 бараваридан 2 бараваригача оширилади. Базавий меъёр доирасидаги тариф билан ундан ортиқ истеъмол учун белгиланган тариф ўртасидаги фарқни компенсация қилиш муддати эса 2028-йил 1-апрелгача узайтирилади.

Бундан ташқари, “оғир” тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги 3 мингта оила хонадонининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик, қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишларини давом эттириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг бошқа қарор лойиҳаларида 1-ноябрдан аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иситиш ва иссиқ сув хизматлари учун янги тарифлар жорий этиш, аҳоли учун суюлтирилган газ нархини эса 1 кг учун 5 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилган.

Бунда эҳтиёжманд оилаларга 2030-йил 1-январга қадар ҳар бир килограмм суюлтирилган газ учун 3 минг сўмдан, ойига 20 кг гача компенсация тўланади.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?
Кеча 17:37

Ўзбек тўқимачилиги учун янги бозор: АҚШга экспорт йўлида қандай имконият ва тўсиқлар бор?

Ўзбекистон тўқимачилик саноати сўнгги йилларда хом ашё экспортидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш йўлида сезиларли натижаларга эришди. Бироқ экспорт ҳажмини ошириш, айниқса, АҚШ, Европа Иттифоқи каби йирик бозорларга чиқиш осон кечмаяпти. Россия–Украина уруши ортидан халқаро юк ташиш йўналишларида юзага келган мураккабликлар, транспорт харажатлари ва етказиб бериш муддатлари билан боғлиқ ноаниқликлар ўзбек экспортчилари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Шундай шароитда Ўзбекистон маҳсулотлари Америка бозорида ўз ўрнини топа оладими? Бунинг учун нималарни ўзгартириш керак? Тўқимачилик соҳасида 11 йиллик тажрибага эга, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тўқимачилик савдоси кўпригини қураётган тадбиркор Камолхон Касимовнинг фикрлари ва амалий тажрибаси асосида ушбу саволларга жавоб изладик.